21:33 / 29.12.2021
1 373

Сурхондарёда палеолит даврига оид ёдгорлик топилди

Сурхондарёда палеолит даврига оид ёдгорлик топилди
Фото: Фанлар академияси
Сурхондарё вилояти Шеробод туманида археологик тадқиқотлар олиб борилганда палеолит даврига оид ёдгорлик топилди. Бу ҳақда Фанлар академияси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Фанлар академияси Миллий археология маркази ходимлари томонидан Шеробод туманидаги Кўҳитангтоғ тоғ тизмаси ҳудудида дала тадқиқотлари ўтказилган. Дастлабки кузатувлар натижасида ёдгорлик ер сатҳидан кўплаб тош узаклар, уларнинг парчалари, учринди ва пластиналар ҳамда қуроллар йиғиб олинган.

Ёдгорлик маданий қатламлари ҳолатини аниқлаштириш учун 1х2 метр ҳажмида шурф қазилган. Қазув ишлари ер сатҳидан ярим метр чуқурликда қоятош ётқизиқларида тўхтатилган. Қазув ишлари натижасида ёдгорлик битта маданий қатламдан иборат экани аниқланган.

Маданий қатлам кул ва куйинди қолдиқлари билан қопланган қорамтир, майда тарқоқ тупроқдан таркиб топган бўлиб, унда ҳам кўплаб тош буюмлар ва ёввойи ҳайвон суяк қолдиқлари топилган.

Ушбу ёдгорлик ҳудудда илгари топиб ўрганилган Тешиктош ёдгорлигига хронологик ва маданий жиҳатдан ўхшашлиги маълум бўлган. Ёдгорликдан топилган тош буюмлар ўрта палеолит даврига тегишли бўлиб, тошга ишлов бериш техникаси ва тош буюмлар маданий жиҳатдан айнан Тешиктош ёдгорлиги анъаналарини такрорлаши аниқланган.

Маълум қилинишича, Фанлар академияси Миллий археология маркази ходимлари мазкур ёдгорликда тадқиқот ишларини давом эттиришни режалаштирмоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Сурхондарёда палеолит даврига оид ёдгорлик топилди