Португалия Роналдусиз кучлироқми? Жезушнинг қатъияти ва афсонанинг оғриқли демарши...

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Криштиану Роналду нинг Португалия терма жамоаси қароргоҳини тарк этиши мураббий Жорже Жезушнинг тактик қарорлари ва 41 ёшли футболчининг жисмоний ҳолатини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинган.
- Норвегия ва Данияга қарши ўйинларда Роналду майдонга тушмаслиги аввалдан келишилган бўлса-да, Норвегияга қарши баҳсда уни захирадан қиздириб, майдонга туширмаслик инсоний омилни ҳисобга олмаганлик бўлди.
Криштиану Роналдунинг Португалия миллий жамоаси қароргоҳини тарк этиши жаҳон футболидаги энг қизғин баҳсга айланди. Аммо ҳис-туйғулар ва шов-шувларни бир четга суриб, фактларга қаралса, вазият мутлақо бошқача кўриниш олади: Жорже Жезуш тактик жиҳатдан ҳақ бўлиб чиқдими ёки миллий қаҳрамонга ҳурматсизлик қилинди?
Ҳолатни совуққонлик билан таҳлил қилиш учун воқеалар ривожига кетма-кет назар ташлаш лозим.
Мураббий ҳокимияти ва 41 ёшли афсонанинг жисмоний юкламаси
Миллий жамоада асосий таркибни бош мураббий белгилайди — бу муҳокама қилинмайдиган қоида. Агар майдонга тушиш футболчининг исми ва мақомига боғлиқ бўлиб қолса, жамоа инқирозга юз тутади. Қай даражада буюк бўлмасин, ҳеч қайси терма биргина шахс атрофида қурбон қилинмаслиги керак.
Боз устига, Жорже Жезуш Роналдунинг имкониятларини яхши билади — улар ўтган мавсум «Ан-Наср»да бирга чемпионликни қўлга киритишди. 41 ёшли ҳужумчининг жисмоний ҳолатини ҳисобга олиб, 11 кундаги 4 та оғир баҳсда юкламани олдиндан тақсимлагани ҳақиқатга яқин. Мураббийнинг сўзларига кўра, сафардаги икки ўйин — Норвегия ва Данияга қарши баҳсларда Роналду майдонга тушмаслиги аввалдан келишилган.
30 дақиқалик чигалёзди ва инсоний омил
Бироқ бу можарода мураббий штаби йўл қўйган ноқулай жиҳат ҳам йўқ эмас. Норвегияга қарши баҳсда Жезуш Криштиануни 20–30 дақиқа давомида қизишишга жўнатди, аммо барибир захирада қолдирди. Мураббийнинг ўзи ҳам кейинроқ бу хатосини тан олиб, афсонани чигалёзди машғулотига кечроқ юбориш кераклигини айтди.
Бу ерда Роналдунинг эътирозини тушуниш мумкин: 41 ёшли жамоа сардорини ярим соат қиздириб, умид уйғотиб, сўнг майдонга туширмаслик инсоний жиҳатдан ёқимсиз зарба бўлди.
Шундан сўнг Жезуш Дания баҳси олдидан очиқ матбуот анжумани ўтказиб, «мақом имтиёз бермаслигини» ва «жамоада ким бошлиқ» эканини қатъий кўрсатиб қўйди.
Футбол Роналдуга шафқат қилмади: Рамушнинг жавоби
Энг ҳал қилувчи нуқта футболчининг танловида бўлди. Роналду мураббий билан тортишиши, Федерациядан тушунтириш талаб қилиши, керак бўлса кейинги ўйинда 10 дақиқа тушиб гол билан жавоб бериши мумкин эди. Аммо у лагерни тарк этишни танлади.
Криштианунинг кетиши ортидан майдонда юз берган воқеалар эса футболнинг нақадар шафқатсиз эканини кўрсатди:
Норвегияга қарши: Роналдунинг ўрнига чиққан Гонсалу Рамуш жамоага ғалаба келтирувчи голни урди (2:1).
Данияга қарши (Копенгаген): Роналдусиз саф тортган Португалия датликларни 4:2 ҳисобида таслим этди. Рамуш яна бош қаҳрамон бўлиб, 1 та гол ва 1 та голли пас муаллифига айланди.
Можаро авжига чиққан икки учрашувда Роналдунинг позициясидаги 25 ёшли ҳужумчи 2 та гол ва 1 та ассист қайд этди. Натижада Португалия 3 турдан сўнг 9 очко билан ўз гуруҳида яққол пешқадамлик қилмоқда.
Энг оғриқли ҳақиқат: Жамоа усиз ҳам ғалаба қозоняпти
Битта ёки иккита ўйин Португалия Роналдусиз кучлироқ деган кескин хулоса учун камлик қилиши табиий. Бироқ эндиликда «бу терма жамоа Криштианусиз ҳеч нарса қила олмайди» деган даъво ҳам пучга чиқди.
20 йилдан зиёд вақт мобайнида терманинг мутлақ етакчиси ва тимсоли бўлган шахс учун энг оғриқли ҳақиқат айнан шу — миллий жамоанинг ундан мустақил равишда, ғалабалар билан ўз ҳаётини давом эттираётганини кўришдир.
Криштианунинг ўзи кейинроқ бор ҳақиқатни сўзлаб беришини маълум қилган. Шундай экан, тарихдаги энг буюк тўпурар ўз версиясини тақдим этмагунча узил-кесил ҳукм чиқаришга шошилмаслик лозим, аммо майдондаги рақамлар аллақачон ўз сўзини айтиб бўлди.































Изоҳлар 0
…