date

Лондонда Шекспир яшаган уй манзили аниқланди

Лондонда Шекспир яшаган уй манзили аниқланди

Уилям Шекспир ҳаёти билан боғлиқ яна бир муҳим тарихий топилма аниқланди. Лондон Қироллик коллежи матбуот хизмати тадқиқотчилари буюк драматургга тегишли бўлган уй қаерда жойлашганини аниқлашга муваффақ бўлишди.

Маълум қилинишича, Шекспир 1613 йилда — вафотидан уч йил аввал — Лондондаги ягона мулкини сотиб олган. Ушбу уй пойтахт марказига яқин, нисбатан сокин ва осойишта кўчалардан бирида жойлашган бўлган. Афсуски, мазкур бино бугунги кунгача сақланиб қолмаган.

Тадқиқотга бошчилик қилган олима Люси Манро қадимий архив ҳужжатларини синчиклаб ўрганиб, уйнинг аниқ жойлашувини аниқлади. У 1668 йилда тузилган эски хариталар, мулк ҳужжатлари ва бошқа тарихий манбаларга таянган ҳолда изланиш олиб борди. Мазкур ҳужжатлар Шекспир вафотидан кейин ҳам сақланиб қолган маълумотларга асосланган.

Аввалроқ тарихчилар Шекспир 1613 йилда театрда юз берган ёнғиндан сўнг Лондонни тарк этиб, Стратфордга қайтган деб ҳисоблашган. Бироқ янги далиллар у аслида Лондонда қолиб, театр ҳаёти ва ижодий фаолиятини давом эттирганини кўрсатмоқда.

Аниқланишича, Шекспир уйи қадимий доминикан монастири яқинида, ҳозирги Сент-Эндрюс-Хилл ҳудудига тўғри келади. Бугунги кунда бу жойда XIX асрда барпо этилган бинолар қад ростлаган.

Қизиқарли жиҳати шундаки, тадқиқотчилар ҳозирда шу ҳудудда ўрнатилган кўк ёдгорлик лавҳаси айнан Шекспир уйи жойлашган нуқтага тўғри келишини ҳам аниқлашди.

Мутахассислар фикрича, ушбу кашфиёт буюк адибнинг ҳаётининг сўнгги йиллари ҳақида янги қарашларни шакллантиради. Бу эса Шекспир Лондонда нафақат яшаган, балки ижодий фаолиятини ҳам фаол давом эттирган бўлиши мумкинлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Маданият » Лондонда Шекспир яшаган уй манзили аниқланди