Ойига 200 доллардан йилига 5,2 миллион фунтгача: Абдуқодир Ҳусанов ҳақида қизиқарли фактлар

Ойига 200 доллардан йилига 5,2 миллион фунтгача: Абдуқодир Ҳусанов ҳақида қизиқарли фактлар
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Абдуқодир Ҳусанов «Бунёдкор»да қадрланмаганидан сўнг Беларуснинг «Энергетик-БГУ» клубига ўтиб, Европа скаутлари эътиборига тушди.
  • 2023-йилда Франсиянинг «Ланс» клуби уни 100 минг еврога сотиб олди, кейинчалик эса 2025-йил январида «Манчестер Сити»
  • 40 миллион евро (бонуслар билан 50 миллион евро) эвазига трансфер қилди.

Бугунги кунда нафақат Ўзбекистон, балки бутун жаҳон футболи эътиборида турган 22 ёшли ҳимоячи Абдуқодир Ҳусановнинг босиб ўтган йўли ҳайратланарли воқеаларга бой. «Бунёдкор»да қадрланмаган истеъдоддан то АПЛ гранди сафидаги катта ютуқларгача — Ҳусанов фаолиятининг муҳим саҳифалари тақдим этилди.

«Бунёдкор»дан Европа сари: Тақдирни ўзгартирган қарор

  • Илк қадамлар: Абдуқодир 2011 йилдан 2021 йилгача Тошкентнинг «Бунёдкор» академиясида таҳсил олди. Унга Сергей Чигодаев, Акмал Рисқуллаев, Алишер Иброҳимов ва ўз отаси устозлик қилган.

  • Қадрланмаган истеъдод: Ачинарлиси, «Бунёдкор»да унинг салоҳияти етарлича баҳоланмади. Натижада ёш ҳимоячи фаолиятини хорижда бошлашга қарор қилди.

  • Беларусь трамплини: 2022 йил бошида у «Энергетик-БГУ» (ҳозирги «СКА-1938»)га қўшилди. Клуб чемпионат кумуш медалларини қўлга киритди, Ҳусанов эса мавсумнинг рамзий терма жамоасидан ўрин олиб, Европа скаутлари назарига тушди.

  • Франция ва Чемпионлар лигаси: 2023 йил ёзида Франциянинг «Ланс» клуби уни атиги 100 минг евро эвазига сотиб олди. Кузда Ҳусанов Чемпионлар лигасида порлаб, энг юқори савиядаги футболга тайёрлигини исботлади.

50 миллион евролик трансфер ва «Сити»даги муваффақият

2025 йилнинг январь ойида Англия суперклуби «Манчестер Сити» ўзбекистонлик ҳимоячи учун «Ланс»га 40 миллион евро (бонуслар билан 50 миллион евро) тўлади.

Ҳозиргача Ҳусанов «шаҳарликлар» сафида 53 та ўйинда майдонга тушиб, 1 та гол урди ҳамда Англия кубоги (2026) ва Лига кубоги (2026) соҳибига айланди.

Клублар миқёсидаги умумий статистика (Transfermarkt):

  • «Энергетик-БГУ» (2022–2023): 37 ўйин, 4 гол

  • «Ланс» (2023–2025): 31 ўйин, 0 гол

  • «Манчестер Сити» (2025 йилдан): 53 ўйин, 1 гол

Маошлар тафовути: Ойига 200 доллардан йилига £5,2 миллионгача!

Жаҳон чемпионатидаги муваффақиятли иштирокидан сўнг «Манчестер Сити» футболчи билан шартномани 2031 йилгача узайтирди. Бу Ҳусановнинг даромадини кескин оширди:

  • Беларусь: Расмий маош ойига 200 доллардан ошмаган;

  • «Ланс» (Франция): Йилига солиққача 140 минг евро;

  • «Манчестер Сити» (илк шартнома): Йилига 2,6–3 миллион фунт стерлинг;

  • Янги шартнома (ҳозир): Бонусларсиз йилига нақд 5,2 миллион фунт стерлинг (маоши деярли икки баравар кўпайди).

Тезлик рекорди ва миллий терма жамоа муваффақиятлари

Ҳусанов барча ёшдаги миллий жамоаларда (U-17 дан U-23 гача ва Париж Олимпиадаси) жами 26 та баҳс ўтказган. Асосий миллий терма жамоа сафида эса 32 та ўйинга улгурди.

У 2026 йилги тарихий Жаҳон чемпионатида юртимиз шарафини ҳимоя қилиб, турнирдаги энг юқори тезликлардан бири — 36,5 км/соатни қайд этди. Мундиал йўлланмаси унга давлатимизнинг юксак мукофоти — «Ўзбекистон ифтихори» унвонини келтирди.

Қўлга киритилган асосий ютуқлари:

  • 2023 — Осиё чемпиони (Ўзбекистон U-20)

  • 2024 — U-23 Осиё кубоги финалчиси

  • 2024 — «Ланс» клубида йилнинг энг яхши футболчиси (мухлислар талқинида)

  • 2026 — Англия кубоги ва Англия лига кубоги соҳиби («Манчестер Сити»)

  • «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар