17:00 / 21.01.2022
8 916

Ўзбекистондаги энг «қиммат» актёрлар: уларнинг бир кунлик гонорари қанча?

Ўзбекистондаги энг «қиммат» актёрлар: уларнинг бир кунлик гонорари қанча?
Ҳар бир ижодкор кино санъатидаги рейтинги ва меҳнатига яраша ҳақ олади. Бундан ташқари, гонорар миқдорини белгилашда, ролнинг катта-кичиклиги ва мураккаблик даражасига ҳам алоҳида эътибор берилади. Хўш, ўзбек актёрлари орасида кимлар кўп гонорарга лойиқ кўрилади?

Кино йўқ, сериалчиларнинг эса ошиғи олчи
Бир неча йил аввал киночиларининг даври келганди. Киноижодкорларнинг топиши ҳам у қадар ёмон эмасди. Афсуски, кейинги йилларда хусусий киноларга бўлган талаб анчайин сустлашди, кинотеатрлардаги намойишлар ҳам камайди. Айримлар бу ҳолатга узоқ давом этган пандемия даври сабаб бўлди, дейишади. Бошқалар эса интернет тармоғининг жадал суръатда ривожланиши кино ва театр санъати фаолиятига сезиларди даражада таъсир этганини важ қилиб кўрсатишади.

— Илгари киноактёрларининг даври келганди. Сериалларда суратга тушадиган ижодкорларга паст назар билан қарашларига ҳам гувоҳ бўлганман. Ҳозир эса аксинча, сериалчиларнинг ошиғи олчи. Шу боис баъзан актёрлар ўзига ёқмаса-да, сериалда рол ижро этишга мажбур бўляпти. Чунки Ўзбекистонда давлат фильмидан ташқари, кино олинаётгани йўқ, — дейди актриса Баҳора Арслонова.

Жавоҳир Зокиров

Фото: Instagram
Ҳозирги кунда ўзбек киносидаги энг қиммат актёр Жавоҳир Зокиров ҳисобланади. Унинг бир ижодий куни 500 АҚШ долларига баҳоланади. Аммо актёрни ролга кўндириш, у билан ҳамкорлик қилиш осон эмас. Ижодкорнинг ўзига хос феъл-атвори ва принциплари бор.

Бобур Йўлдошев

Фото: Instagram / @boburyuldash
Кейинги ўринни Бобур Йўлдошев банд этган. Унинг кунлик гонорар миқдори 400-500 АҚШ долларини ташкил этади. У билан ишлаш у қадар қийин эмас. У суфлёрга зарурат туғилмаслиги учун сценарийни ёд олади ва суратга олиш майдончасига ўз вақтида келади.

Йигитали Мамажонов

Фото: Instagram / @alimamadzhanov
Йигитали Мамажоновни одатда жанг саҳналари бор фильмларга таклиф этишади. Чунки у яхши актёр бўлиши билан бирга, каскадёрлик вазифасини ҳам бажара олади. Шу боис унинг гонорари у қадар кам эмас: кунига 300-400 АҚШ долларини ташкил этади.

Муҳаммадисо Абдулҳаиров

Фото:Instagram / @muhammadiso_abdulhairov
Комик актёр Муҳаммадисо Абдулҳаиров суратга тушган фильмлар ўз томошабинини топади. Шу боис ижодкор меҳнатига яраша ҳақ беришларини сўраб, кунлик гонорарини 300 АҚШ доллари этиб белгилаган. Чегирмалар деярли йўқ!

Адиз Ражабов

Фото: Instagram / @adiz_radjabov
Ўзбек киноларида анча камнамо бўлиб қолган актёр Адиз Ражабов қирғиз ва япон киноижодкорлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Бундан ташқари, айни кунларда «Қора қути» номли сериалда ҳам суратга тушмоқда. Унинг кунлик гонорари 200-300 АҚШ долларини ташкил этади.

Азамат Аҳроров

Фото: Instagram / @azamat_axrorov
Актёр Азамат Аҳроров ўзга режиссёрлар билан ҳамкорлик қилишни истамайди. Шу боис режиссёр сифатида фильм ва сериаллар яратиб, бош ролни ўзи ижро этади. Сценарий маъқул бўлган фильмларга эса 200 АҚШ долларидан камига рол ўйнамайди.

Умид Искандаров

Фото: Instagram / @umidiskandarov
Актёр Умид Искандаровнинг кунлик гонорари 200 АҚШ долларни ташкил этади. Бу нарх клипларга бироз қимматлашиши мумкин.

Шоҳруҳ Ҳамдамов

Фото: Instagram / @shoxruxkhamdamov
Кейинги пайтларда фильм, сериал ва клипларда етакчиликни қўлга олган актёр Шоҳруҳ Ҳамдамовнинг гонорари ҳам ҳавас қилгудек. Унинг ижодий куни 100-150 АҚШ долларига баҳоланади.

Шаҳзод Султонов

Фото: Instagram / @shakkhzod_sultonov
Ўзи фильм ва сериаллар суратга оладиган актёр Шаҳзод Султоновнинг кунлик гонорари 100 АҚШ долларини ташкил этади. Аммо у камдан кам ҳолларда бошқа ижодкорлар билан ҳамкорлик қилади. У ижрочи ижодкор бўлишдан кўра, уларни бошқаришни маъқул кўради.

Алихон

Фото: Instagram / @alikhanofficial
Спортчи актёр Алихон ҳам фильмларда анча фаол. Уни, асосан, салбий ролларга таклиф этишади, ўзига хос кўриниши сабаб унинг гонорари ҳам қатъий белгиланган. У 100 АҚШ доллардан камига суратга тушмайди.

Бу рўйхатга Улуғбек Қодиров ва Алишер Узоқов ҳам киритилиши керак эди. Чунки улар бир неча йиллардан буён энг «қиммат» ўзбек актёрлари сафида пешқадам бўлишган. Афсуски, Улуғбек Қодировнинг АҚШга кўчиб кетгани ва Алишер Узоқовнинг фильмларда суратга тушмаётгани сабаб бугунги рўйхатга киритолмадик.

Гонорар борасида актёрларнинг фикрини билишга ҳаракат қилдик. Афсуски улар берилаётган гонорарлардан қониқмасликларини яширишмади.

Жавоҳир Зокиров: «Бу борада гаплашишни истамайман!»

Фото: Instagram
— Хафа бўлманг-у, ўзбек халқи ўз актёрларини «кўтариш»ни ёмон кўришади. Агар актёр жуда катта пул олишадиган бўлишса, яна нархини ошираверади, деб ҳисоблашса керак. Менимча, актёрларга нисбатан бундай муносабат фақат бизда бўлса керак. Чунки бошқа мамлакатларда актёрнинг ишига қараб, пул тўлашади. Россияда шартномалар билан шуғулланадиган агентим бор, у ҳаммасини ўзи ҳал қилади. Ўзбекистонда ҳам агент ёлламоқчи бўлдим. Аммо ўйлаб қарасам, оладиган пулим агент ёллашга арзимайди. Гонорарлар жуда кам, бизда ўз актёрларига эмас, бошқаларга ишонч билдиришни яхши кўришади, — дейди актёр Жавоҳир Зокиров.

Бобур Йўлдошев: «Россиядаги гонорарим анча баланд»

Фото: Instagram / @boburyuldash
— Гонорар нисбий тушунча, шу боис ҳеч қачон уни қатъий белгиламайман. Давлат фильмларида савия анча юқори, уларда мириқиб ижод қилиш мумкин. Шу боис, давлат фильмларида гонорарга талашиб-тортишмайман. Аммо хусусий фильм ёки сериалларга таклиф этишса, ўз талабимни қўяман. Чунки мен ишимга масъулият билан ёндашадиган, рол учун тайёргарлик кўрадиган ижодкорман. «Суфлёр айтиб турсин, сўзимни ёдламаганман», дейишга уяламан. Рол учун тайёргарлик кўргандан кейин шунга яраша ҳақ ҳам олишимиз керак.

Ишончим комилки, Ўзбекистонда актёрларга бериладиган гонорар миқдори анча кам. Масалан, россиялик агентим бир кунлик съёмка учун 1 500-1 700 АҚШ долларига шартнома қилади. Чунки агентлар қанча кўп пулга шартнома қилишса, ўзи кўпроқ манфаат топади. Бизда эса бу тизим ҳали йўлга қўйилмаган. Шўрлик актёрлар рол ўйнаш билан бирга, молиявий масалаларни ҳам ҳал қилади, — дейди Бобур Йўлдошев.

Йигитали Мамажонов фильм олаётганларнинг «ўйини»ни билади

Фото: Instagram / @alimamadzhanov
— Бериладиган гонорар кимни ҳам қониқтиради?! Аммо қўлимиздан нима ҳам келади, деб қаноат қиляпмиз. Бу актёр қиммат, деб гап тарқатадиганларнинг ўзида айб. Чунки улар ҳаракат қилиб, яхши фильм олишса, актёрга тўланадиган пулдан 100 баробар кўпроқ даромад олишлари мумкин. 2011 йили «Ёзсиз йил» фильмида «эшакдек» совуқда ишлаб 870 минг сўм гонорар олганман. Ҳозир эса аввалгидан гонорарим анча баланд. Аммо ҳали ҳам битта фильмда ишлаб 400 АҚШ доллари топадиган актёрлар ҳам йўқ эмас. Ўз қадрини билган ва фильм олаётганларнинг «ўйини»ни билган актёр ўз гонорарини белгилаб қўяди. Чунки актёрлик баъзилар ўйлагандек, осон иш эмас.


Муаллиф: Наргизахон Муродова

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Ўзбекистондаги энг «қиммат» актёрлар: уларнинг бир кунлик гонорари қанча?