Хонанда Аъло Раҳимовани ўрта ёш вакиллари яхши танишади. У «Боролмадим», «Оташ» ва «Отмагай тонг» қўшиқлари билан халқ меҳрини қозонган. Афсуски, узоқ йиллик танаффус ва бошига тушган оғир мусибатлар уни ижоддан узоқлаштирди. Хонанда ўтган йили «Олов келин» телелойиҳасида бошловчилик қилишни бошлаганда кўпчилик уни ижодга қайтди, деб тахмин қилганди. Афсуски, телелойиҳадан сўнг хонанда қизи Шодиябегим Мирзатиллаева билан Туркияга кўчиб кетди ва кўрсатувнинг баъзи сонлари Истанбул шаҳрида суратга олинди. Бунинг сабабини билиш мақсадида хонанда билан боғландик.
«Қизим учун Туркияга келдим»
Фото: Instagram / @aloraximova_singer
— Қизим ўтган йили мактабни тамомлаб, Истанбул университетига онлайн ҳужжат топширганди. Омади келиб, талабаликка қабул қилинди. Очиғи, 18 яшар қизни ёлғиз хорижга жўнатишга қўрқдим. Хорижда ўқиб нима қиласан, деб қароридан қайтармоқчи ҳам бўлдим. Аммо кун келиб ўзим истаган олийгоҳда ўқитмагансиз, деб армон қилмасин деб, у билан Туркияга келдим.
Бу қарорни осонликча қабул қилганим йўқ. Чунки қизимга ҳам ота, ҳам онаман. Ўзбекистонда оддий давлат ишида ишлайдиган ходим бўлганман. Анча йиллардан буён тўй хизматларига чиқмаслигимни яқинларим яхши билишади. Илгари ҳам мусофирликни бошдан ўтказиб, Андижондан Тошкентга келиб, ўрнимни топганман. Аммо у вазият билан хорижга келиш ўртасида фарқ бор экан. Ҳозир пулни тежашга кўпроқ ҳаракат қиляпман. Негадир одамлардан «Тошкентдаги уйингизни сотиб келдингизми?» деган гапни кўп эшитяпман. Йўқ, уйимни сотганим йўқ. Ватанимда ҳам бир кулбам бўлиши керак. Айни кунларда уй сотиш ҳақида эмас, Истанбулдан кичикроқ бўлса-да, уй олиш ҳақида ўйлаяпман.
«Ҳеч қандай ойликсиз ишлаяпман»
Фото: Instagram / @aloraximova_singer
— Ҳозирча муқим ишим йўқ. Туркияга келганимдан сўнг ўзбек киноижодкорлари қатнашган кинофестиваль ва Ўзбекистон маданияти кунларида иштирок этдим. Яқинда Ўзбекистон элчихонаси билан биргаликда «Ўзбек хотин-қизларини ҳимоя қилиш» жамияти иш бошлади. Мана шу жамиятга кўнгилли сифатида қабул қилиндим. Ҳозирча ҳеч қандай ойликсиз ишлаяпман. Насиб, жамият оёққа туриб, ривожланиб кетса ҳеч гап эмас.
Турк тили ўзбек тилига жуда яқин. Шу боис ҳозирча қийинчиликка учраётганим йўқ. Турклар билан мулоқотда баъзи сўзларни айтолмасам ёки эшитганимни тушунмасам, буни тўғри қабул қилишади. Мулоқот жараёнида эса сўз бойлигим янада ортяпти.
«Ётиб есанг, тоғ ҳам чидамайди»
Фото: Instagram / @aloraximova_singer
— Ёшлик пайтларимда тўйларда жуда фаол бўлганман. Тўйларнинг кети узилмаслигидан ухлашга зор бўлган кунларим ҳам бўлган. Ҳатто тўйлар кўплигидан бозорга тушиб, янги кўйлак ёки пойабзал олишга ҳам вақтим бўлмасди. Кундузги тўйларни ўтказиб, кечки никоҳ оқшомларига борардик. Ҳар нарсанинг ўз вақт-соати бор экан. Яширмайман, кеч фарзандли бўлганман. Шу боис 2003 йилда ҳомиладор бўлиб, соғлиғимга жиддий эътибор беришим кераклигини англаганман. Қизим туғилгач, уни ҳеч кимга ишонмаганман. Чунки қийинчилик билан эришилган натижанинг қадри баланд бўлар экан. 2004 йилдан кейин бор эътиборимни қизимнинг парваришига қаратдим.
Тўйларга таклиф қилишса, раҳматли турмуш ўртоғим Раҳматилла Мирзаев «Топадиган 100 АҚШ доллар пулингни ўзим бераман, бола билан уйда ўтир», дерди. Шу гап сабаб бутунлай тўйларга чиқмай қўйдим. Аммо турмуш ўртоғим вафот этганидан сўнг моддий қийинчиликлар бўлди. «Ётиб есанг, тоғ ҳам чидамайди», дейишгани рост экан. Қизимнинг ўқиши, еб-ичиши учун ҳаракат қилишим кераклигини тушундим. Ўшанда курсдошим Хосият Ҳусанова билан бир-икки тўйларга чиқдим. Аммо аввалги тўйларнинг гаштини ҳис қилганим йўқ. Фонограммага ўрганолмай, чиқишларимдан кўнглим тўлмади. Нолимайман, Яратган насибага яраша ризқ-у насибамизни етказяпти.
«Тўрт йил Истанбулда яшаймиз»
Фото: Instagram / @aloraximova_singer
— Қизим Шодиябегим болалигидан санъатга қизиқади. У Глиер номидаги мусиқа мактабининг энг олди ўқувчиларидан бири эди. Афсуски, устозлари бармоқларининг калталиги сабаб бошқа мусиқа асбобни ўрганишни тавсия қилишди. Бу қарор қизимга ва дадаси раҳматлига ёқмади. Шунда ҳам умидини узмай, бир неча ой давомида бармоқларини ўстирувчи машқлар қилганди. Ҳозир қизим 18 ёшда, Истанбул университетида кино санъати бўйича таҳсил олмоқда.
Қизимнинг ўқиши битгунига қадар 4 йил шу ерда бўлишим аниқ. Балки Тошкентга қайтармиз, балки шу ерда қолармиз. Буни вақт кўрсатади. Аллоҳ умр ва куч-қувват берса, қизимни ота-она сифатида қўллаб-қувватлашга ва ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашаман. “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Шавкат Мирзиёев Ар-Риёд шаҳрига етиб борди (фото)
Рууд ван Нистелрой ва яна уч мураббий “Манчестер Юнайтед”ни тарк этди
"Майк Тайсон - Жейк Пол" бокс оқшомининг барча иштирокчилари билан танишинг
Нима учун айнан кузда кўпроқ киви истеъмол қилиш керак?
АҚШ Регистон майдони архитектурасини сақлаб қолиш учун 500 минг доллар ажратди