date

“Мени Ҳосила эмас, Холмат деб чақиришган”, — Ҳосила Раҳимова

“Мени Ҳосила эмас, Холмат деб чақиришган”, — Ҳосила Раҳимова

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, воҳа тўйларининг энг талаб юқори хонандаси Ҳосила Раҳимова 22 апрель куни 51 ёшни қарши олди. Болалигидан от миниб, чавандозлик қилган санъаткорнинг ижоди ҳам ўзи каби жўшқин ва серғайрат. Шу муносабат билан хонанданинг ҳаёти ва ижод йўлига назар ташлаймиз.

Ҳосила Раҳимова шифокорлар оиласида таваллуд топган. Унинг отаси Иброҳим ҳожи Деновдаги энг таниқли табиблардан бири бўлган. У кетма-кет уч қизли бўлганидан кейин ўғил фарзанд орзу қилиб, кенжа қизига ирим сифатида Холмат деб исм берган. Маҳаллада шу ном билан танилган курашчи ва чавандоз айнан биз билган хонанда эди.

— Дадам раҳматли қиз фарзанд туғилавергач, ирим қилиб мени Холмат деб атаган экан. Эсимни таниган пайтларимда сочимни калта қилиб, ўғил болалардек қирдиришарди. Кўринишидан тортиб, характеригача ўғил болаларга хос эди. От миниш, кураш тушиш — энг севимли машғулотларимдан бўлган, дейди хонанда.

“Дадамдан доим миннатдормиз”

Ҳосила Раҳимова санъатга қизиқишига отасининг ҳиссаси катта эканини таъкидлайди. Чунки уларнинг уйи кўплаб санъаткорлар учун меҳмонхонага айланган.

— Жуда кўп ижодкорлар уйимизда меҳмон бўлишган. Дадам санъатсевар инсон эди ва қизиқишимни қўллаб-қувватлаган, дейди хонанда.

“Жангари қиз бўлганман”

Ҳозирда ижодкор пиар ва жанжаллардан йироқ юришни маъқул кўради. Аммо у болалигида анча жангари бўлганини кулгу билан эслайди.

— Инсон феъли вақт ўтиб ўзгарар экан. Болаликдаги айрим жиҳатлар сақланган, аммо урушқоқлигим йўқолган. Суст болаларни ёқтирмасдим. “Ўғил бола шижоатли бўлиши керак”, деб маҳалла болаларини ҳам тинч қўймасдим, дейди у.

“Уйда ҳамширалик қилардик”

Хонанда оила муҳити таъсирида болаликдан тиббиётга қизиққан. Ҳозир ҳам дорилардан фойдаланишни яхши билади.

— Ўша пайтларда шифокорлар кўп марталик шприц ишлатишарди. Дадам уйда ҳам бемор қабул қилгани учун опам билан шприцларни қайнатиб, дориларни тайёрлаб ёрдам берганмиз, дейди у.

“Икки фарзанддан кейин институтга кирганман”

У тенгдошларига нисбатан кечроқ олий таълим олган.

— Дадам аввал турмушга чиқишимни истаган. Кейин икки фарзандли бўлгач, унинг қўллаб-қувватлаши билан ўқишга кирганман, дейди у.

“Қизларимни соғиниб, ухлолмасдим”

1998 йилда у Тошкент давлат маданият институтига ўқишга кирган. Икки фарзанд билан ўқиш осон кечмаган.

— Қизларимни қаттиқ соғинар, ҳатто ухлай олмасдим, дейди хонанда.

“Опам менга продюсерлик қилган”

2001 йилда институтни тугатгач, яккахон ижодини бошлайди.

— Ўша пайтларда продюсер тушунчасини билмасдим. Опам менга ёрдам бериб, барча ишларимни қўллаб-қувватлаган, дейди у.

Оғир кунлар ва саҳна масъулияти

2006 йилда отасидан айрилган хонанда кўп ўтмай концерт берган.

— Кўнглим оғир бўлса ҳам саҳнага чиққанман. Концертдан кейин эса кўз ёшларимни тўхтата олмаганман, дейди у.

Нохуш воқеа

2015 йилда Тошкентдаги тўйлардан бирида хонандага нисбатан нохуш муносабат бўлган. Маст меҳмонлар сабаб у қўшиқни ярмида тўхтатиб, даврани тарк этган.

Бугунги Ҳосила

Бугунги кунда Ҳосила Раҳимова ташқи кўриниши билан ҳам кўпчиликни ҳайратга солмоқда. У икки қиз ва бир ўғилнинг онаси, олти нафар набиранинг бувиси ҳисобланади. Катта куёви эса хонанда Баҳриддин Зуҳриддинов.

Хонанда саёҳатни яхши кўради ва 2025 йилда Анталядан уй харид қилган.

Катта саҳнага қайтиш

Ҳосила Раҳимова яна мухлислари билан учрашиш арафасида. У 5–7 июнь кунлари “Халқлар дўстлиги” саройида “Қорабайир” номли уч кунлик яккахон концерт дастурини тақдим этади.

— 10 йиллик танаффусдан кейин мухлислар билан учрашиш қалбимда катта ҳаяжон уйғотмоқда, дейди хонанда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Маданият » “Мени Ҳосила эмас, Холмат деб чақиришган”, — Ҳосила Раҳимова