Ўзбекистонда кучли зилзила бўладими? Олимлар расмий жавоб берди

Ўзбекистонда кучли зилзила бўладими? Олимлар расмий жавоб берди

Фанлар академияси Ўзбекистонда яқин вақтларда кучли зилзила содир бўлиши ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарларга расмий муносабат билдирди. Мутахассислар аҳолини тасдиқланмаган маълумотларга ишонмасликка ва ваҳимага берилмасликка чақирди.

Аввалроқ БМТ Марказий Осиё мамлакатларини зилзилаларга тайёр туриш зарурлиги ҳақида огоҳлантирган эди. Ҳужжатда Ўзбекистоннинг айрим ҳудудлари, айниқса Фарғона водийси, сейсмик жиҳатдан фаол зоналар қаторига кириши қайд этилган. Бу эса ижтимоий тармоқларда турли тахмин ва муҳокамаларга сабаб бўлди.

Сейсмология институти лаборатория мудири Улфат Нурматовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон сейсмик фаол ҳудудда жойлашгани илмий жиҳатдан яхши ўрганилган. Мамлакат ҳудудидаги йирик ер ёриқлари, уларнинг имкониятлари ва эҳтимолий зилзилалар кучи бўйича махсус хариталар ишлаб чиқилган. Барча замонавий бино ва иншоотлар айнан шу ҳисоб-китоблар асосида лойиҳалаштирилади.

Мутахассис сўзларига кўра, Фарғона водийсида охирги йирик ер силкиниши 2011 йилда Қирғизистонда содир бўлган зилзиланинг таъсири билан кузатилган. Унинг магнитудаси 6,4 ни ташкил этган. Кейинги йилларда эса асосан 5–5,5 магнитудали ер силкинишлари қайд этилган.

O'zbekistonning Farg'ona vodiysi xaritasi, unda viloyat markazlari belgilangan.

Шунингдек, олим жанубий ҳудудларда, хусусан Тожикистоннинг Помир қисмида кучли зилзилаларни юзага келтириши мумкин бўлган йирик тектоник ёриқлар мавжудлигини қайд этди. Бироқ уларнинг таъсири ҳам олдиндан ҳисоблаб чиқилган бўлиб, хавф даражалари илмий баҳоланган.

Нурматовнинг айтишича, Фарғона водийси ҳудудининг катта қисми 8 баллгача бўлган сейсмик зонага киради. Фақат Андижон вилоятининг айрим кичик ҳудудларида назарий жиҳатдан 9 баллгача силкиниш эҳтимоли мавжуд. Бироқ 50 йил ичида 8 баллдан юқори кучли зилзила содир бўлиш эҳтимоли атиги 5 фоизни ташкил этади. Демак, бундай ҳолат юз бермаслик эҳтимоли 95 фоизга тенг.

Мутахассислар таъкидлашича, айни пайтда аҳоли хавотирга тушиши учун ҳеч қандай асос йўқ. Расмий идоралар фуқароларни фақат ишончли манбаларга таянишга ва ижтимоий тармоқларда тарқалаётган асоссиз хабарларга ишонмасликка чақирмоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар