22:00 / 29.05.2022
1 817

Легионерларимиз “ёрворди”: Дебют, ассист ва учта гол!

Легионерларимиз “ёрворди”: Дебют, ассист ва учта гол!
Балерусь чемпионатида “Энергетик-БГУ” навбатдаги ғалабасини нишонлади. Минсклик талабалар ўнинчи тур учрашувида “Славия” футболчиларини қабул қилиб, йирик ҳисобда зафар қучди. Олдинга ўтиб айтиш жоизки, “Энергетик-БГУ”нинг бу ғалабасида ўзбек легионерларининг ҳиссаси жуда катта бўлди.

Ўз майдонида тўп тепган “талабалар” бутун ўйин давомида ҳужумкор футбол намойиш қилди. Биринчи бўлимда мезбонлар сардори Александр Свирепа икки марта рақиб дарвозасини ишғол қилиб, дублга эришди. Свирепанинг иккинчи голига жарима майдончасида жуда аниқ ўйнаган Бобур Абдухолиқов ассистентлик қилди.

Ўйиннинг иккинчи ярми тўлалигича ўзбекистонлик футболчиларга бағишланди. Истеъдодли ярим ҳимоячи Шоҳруҳбек Абдураҳмонов бир неча рақиб ҳимоячиларини ортда қолдириб, “Славия” дарвозасига жамоасининг учинчи тўпини жойлади. Бу илк бор легионер мақомида тўп сураётган 23 ёшли ярим ҳимоячимизнинг биринчи голи сифатида қайд этилди.

Шоҳруҳбек ҳисобида Беларусь чемпионатида иккита ассист ҳам бор.

Кейин катта саҳнага Беларусь олий лигасида ўзини кўрсатиб келаётган Бобур Адухолиқов чиқди. Қашқадарё тарбияланувчиси рақиб майдончасида чаққонлик қилиб, жамоасининг тўртинчи голига муаллиф бўлди.

Эътиборли жиҳати шундаки, Бобур 11-голини киритди ва тўпурарлар пойгасидаги пешқадамлигини янада мустаҳкамлаб олди. Тўпурарлар рақобатида Бобурнинг энг яқин таъқибчиси ҳисобланган Александр Свирепа (“Энергетик-БГУ”), ўтган йилги снайпер Дембо Дарбо (“Шахтер-Солигорск”, ) Владимир Хвашинский (“Минск”) ва Александр Макась (“Гомель”) ҳисобида бештадан аниқ зарба бор.

Бундан ташқари, Абдухолиқов чемпионат ўйинларидаги ассистлари сонини тўрттага етказиб олди. Легионеримиз ушбу баҳсдан сўнг гол+пас тизими бўйича жами 15 очко жамғариб, чемпионатнинг энг самарали ўйинчиси бўлиб турибди.

Беларусь чемпионати бошланганидан бери Бобур Абдухолиқов, Шоҳруҳбек Абдураҳмонов, Абдулқодир Ҳусанов барча учрашувларда фаол иштирок этиб, жамоасининг ғалабаларига улкан ҳисса қўшиб келаётган бўлса, “Энергетик-БГУ”даги яна бир легионеримиз 22 ёшли Аббосбек Жумақулов ўринбосарлар сафида ўйнаб келаётган эди.

Ниҳоят, “Славия”га қарши учрашувда Аббосбек ҳам асосий жамоадаги дебютини нишонлади. Иккинчи бўлимда ўйинга қўшилган футболчимиз фаол ҳаракатлари билан ажралиб турди. Баҳснинг 83-дақиқасида Аббосбек рақиб жарима майдончасига ёриб кирди ва ҳимоячи уни қўполлик билан тўхтатди.

Ҳакам томонидан белгиланган пенальтини Абдулқодир Ҳусанов аниқ бажариб, жамоасининг йирик ҳисобдаги ғалабасини таъминлади – 5:0.

Энергетик-БГУ – Славия 5:0
Голлар
: 1:0 – 13 Свирепа, 2:0 – 35 Свирепа, 3:0 – 62 Абдураҳмонов, 4:0 – 69 Абдихолиқов, 5:0 – 84, пенальти Ҳусанов.
Энергетик-БГУ – Лукашевич, Макушинский, Свирепа (Омельянчук, 85), Макавчик, Лаврик, Силинский (Пашевич, 23; Бурко, 73), Абдураҳмонов, Рилач, Ҳусанов, Абдихолиқов (Гришенко, 73), Папарига (Жумақулов, 82).
Славия – Шестиловский, Тимонюк, Игнатенко, Сокол, Кобец (Руцкий, 51), Ловец, Потороча (Полоз, 70), Дрос (Опамойе, 67), Альшаник (Есин, 40), Жердев (Барсуков, 38), Овоно.
Огоҳлантиришлар: Шестиловский (24), Лукашевич (56), Барсуков (90).
Четлатиш: Есин (47).

Бу 18 ёшли Абдулқодирнинг чемпионатдаги иккинчи голи бўлди. Унинг ҳисобида иккита ассист ҳам бор.

Шу тариқа, тўрт нафар легионеримиз ўйнаган учрашувда муҳим ғалаба қўлга киритилди. Бу муваффақиятдан кейин “Энергетик-БГУ” 22 очко билан иккинчи ўринга кўтарилиб олди ва пешқадам БАТЭни таъқиб этмоқда.

Беларусдаги яна бир легионеримиз – Шаҳбоз Умаровни ўйнатмаётган БАТЭ мусобақа пешқадами ҳисобланади. Борисовликлар бошқалардан бир ўйин кам ўтказган ҳолда 23 очко билан биринчи ўринда бормоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Легионерларимиз “ёрворди”: Дебют, ассист ва учта гол!