Жуда оғир ўтиши тахмин қилинган баҳс, кутилмаганда, ҳамюртларимизнинг йирик ҳисобдаги ғалабаси якунланди. Плей-офф масаласини ҳал этган U23 жамоамиз энди эркинроқ ҳаракат қилиши мумкин. Хўш, қайси аспектлардаги устунлик эвазига Қатар дарвозасига жавобсиз 6 гол киритдик? Кападзе Николас Кордовани қай тариқа "мот қилди?" Ўзбек футболи тарихидан муқим ўрин эгаллаши аниқ бўлган баҳсни таҳлил қиламиз.
Ўйинни кўриб чиқар эканмиз, соддароқ ва тушунарли бўлиши учун уни 3 қисмга бўламиз. Бу 90 дақиқа қандай ўтганини кичикроқ матнда тушунтириб бериш (менинг кўзим билан қараганда, албатта) осонроқ кечади.
Ўйинга танлаган режа ўзини 101 фоиз оқлади
Темур Кападзе беллашув аввалида анча кескин қарор қабул қилди. У 4-3-3 нинг энг ҳужумкор вариантини танлади. Ҳожимат Эркинов ва Улуғбек Хошимовга қанот ҳимоячиларига босим ўтказишни юклаб, Норчаевни классик 9-рақам сифатида ўйинга ташлади. Олдинги чизиққа қилинаётган босим ортида, аслида, Жасур Жалолиддиновга каттароқ ҳудуд очиб бериш мақсад қилинган эди. Норчаев-Эркинов-Ҳошимов триоси ўзи билан 4 ҳимоячини банд қилган пайтда, Жалолиддинов ҳужум марказида бўш "зона"га чиқиб боришга муваффақ бўлди.
Бу нарса биринчи голда катта наф келтирди. Эътибор қаратинг, Қатар ҳимоячилари бор эътиборини майдондаги номинал ҳужумчиларга қаратмоқда. Жасур эса, деярли майдон марказида тўпни эгаллаб, бемалол жарима майдончасигача келиб зарба йўллади. U23 жамоамиз устози Қатарнинг Эрон билан ўйинини яхши ўргангани биргина шу "фишка"да яққол кўзга ташланди.
Ҳисобни очгач, футболчиларимиз янада кенгроқ жойлашиб олган ҳолда, майдон марказини тўлиқ эгаллаб олди. Меҳмонлар имкон қадар ўз ўйинини (майда паслар орқали Ўзбекистон U23ни тўпсиз қолдириш) тарғиб қилишга уринди, аммо илк 15 дақиқада бунинг уддасидан чиқа олмади. Шу боис, улар ижросида юқоридан ташлаб берилган узатмаларга гувоҳ бўлдик. Сезган бўлсангиз, ҳимоячиларимиз бунга тайёр эди.
Шунинг учун ҳам лонгболларнинг бирортаси манзилга аниқ етиб боргани йўқ. Ҳужум чизиғидаги кучли босим эса, Қатарни марказда ўзини эркин ҳис қилишга имкон қолдирмади. Киритилган учинчи голда ҳам айнан шу омил биринчи планга кўтарилди. Ҳожимат Эркинов рақибни хато қилишга мажбур қилди. Иккинчи гол эса, шунчаки ижрочи маҳорати эвазига содир бўлган бўлса, 3-голда бутун жамоа ишлади.
Эрта прессинг Қатарни "ишдан чиқарди"
Темур Кападзе шогирдлари Туркманистон билан ўйиннинг иккинчи бўлимида бироз темпни тушириши ва рақибни эрта кутиб олишни тўхтатишини барча тахмин қилгани аниқ. Ҳатто, Қатар устози Кордова ҳам шундан умид қилиб, марказни олдинроққа сурди. Кападзе эса, иккинчи бўлимда ҳам жамоасини майдонда қайта жойлаштириб, чекинаётган рақибни шу жангни ўзида янчиб ташлашга буйруқ берди. Ҳужумдаги 3 форвард билан биргаликдка таянч зонасидаги Ибрагимов-Бўриев тандеми ҳам олдинроққа силжиб, рақибни ўз жарима майдончаси ичида кутиб олишни бошлади.
Дастлабки 45 дақиқаликда 3-4 футболчи босимига дуч келган меҳмонлар, иккинчи таймда 6-7 футболчимиз тазйиқи остида қолди. Киритилган 4-гол ҳам айнан Темур Тоҳировичнинг таваккалдан қўрқмаслиги самараси эди. Эътибор қаратинг, Норчаев тўпни олиб қўйган эпизодда деярли барча футболчиларимиз рақибни персонал қўриқлаётганди.
Бу Қатар ҳимоячисининг техник хатоси билан биргаликда, йигитларимизнинг жамоавий меҳнати самараси ҳамдир. 3:0 га қадар Қатар футболчилари "синиб" қолмади, бироқ 4-голдан кейин улар қўлларини тушириб юборди. Натижада, қанот футболчилари кенгроқ жойлашиб, рақибни янада ортга чекинишга мажбурлади. Таянч зонасида тўп тепган Иброҳим Ибрагимов ва Абдурауф Бўриев ўз ҳудудида бирор маротаба рақибни қўйиб юборгани йўқ. Боз устига, керак паллада ҳужум "зона"сигача яқинлашиб, прессингда иштирок этди.
Экранда кўринмаганига қарамай, уларнинг қилган меҳнати ғалабанинг 50 фоизини таъминлади. Шунингдек, марказий ҳужумчи сифатида тўп тепган Ҳусайн Норчаевни ҳам алоҳида эътироф этиш лозим. У баҳснинг асосий қисмида прессинг найзасининг учи сифатида охиригача меҳнат қилди. Иккинчи қаватдаги тўп учун курашларда фаол бўлди.
Сўнгги 20 дақиқа
Темур Кападзе қўл остидаги "Олимпик" жамоаси бугунги Олимпия терма жамоамизнинг чинакам фундаменти бўлиб бераётгани эътиборга молик. Авваллари, бу ёшдаги жамоаларимизда 3-4 етакчи бўлар, қолганлар уларга суяниб ҳаракат қиларди. Ҳозир, "Олимпик" клубидаги йигитлар исталган пайтда асосий планга кўтарилишга тайёр. Иброҳим Ибрагимовни Абубакр Ризо Турдалиев, Норчаевни Алишер Одилов, Ҳошимовни Жиянов исталган ўйинда катта талофатсиз алмаштириши мумкин. Айнан шу устунлик иккинчи бўлимнинг сўнгги 25 дақиқасида бизга яна голлар тақдим этди.
Суперлиганинг бошқа жамоаларида ҳаракат қилаётган тенгдошларидан кам эмаслигини исботлаш мақсадида ўйинга қўшилган "Олимпикчилар" темпни тушириб юбормади. Деярли тенг кучли иккита таркибга эга Кападзе эса, ротация қилиш имконига эга бўлмоқда. Бу омил қисқа фурсатда ичида бўлиб ўтадиган бу каби турнирларда "свежийроқ" бўлишни таъминлайди. Соддароқ қилиб айтганда, U23 жамоамиз ҳар 3 кунда майдонга чиқса ҳам, бемалол 90 дақиқа юқори прессингга суяниб футбол ўйнаши мумкин. Жисмоний ҳолат бунга тўлиқ жавоб беради.
Хулоса ўринида
Яхши ўйин ва ажойиб ғалаба. Шунга қарамай, бу жамоамизнинг миссияси тўлиқ бажарилди, дегани эмас. Олдимизда Қаршида бўлиб ўтадиган Эронга қарши ўйин бор. "Насаф"нинг "Марказий" аренасидаги 90 дақиқа Тошкентдаги баҳсдан кескин фарқ қилиши аниқ. Асосан жисмоний тайёргарлик эвазига кичик эпизодларда ғалаба қозонишга ўрганган форсларни комбинацион футбол билан "синдириб" ташлаш мушкул. Хайрият, биз гуруҳда биринчи ўринни олиб бўлдик.
Акс ҳолда, босим ортиб кетиши мумкин эди. Қатарга қарши учрашув бугунги йигитларнинг 65-70 фоиз потенциалини кўрсатди, холос. Уларнинг имкониятига Австралия ёки Жанубий Корея билан тўқнаш келганидагина баҳо беришимиз мумкин. Ҳозирча, Қатар устидан қозонилган ғалабани байрам қилиб турамиз. Қолганини плей-оффдаги ўйинлардан кейин ёзсак, адолатдан бўлади.
Яҳёхўжа улуғхўжаев
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади