19:14 / 14.08.2022
4 132

Моуриньо мағлубиятда Шомуродовни айблаган ўйинни эсга олди

Моуриньо мағлубиятда Шомуродовни айблаган ўйинни эсга олди
“Рома” бош мураббийи Жозе Моуриньо янги чемпионат олдидан жамоа олдига қўйилган вазифаларни бажариши учун қандай ўзгаришлар амалга оширилиши, нималарга эътибор қаратилиши, ўтган мавсумдаги қайси хатоларни такрорламаслик кераклигини алоҳида таъкидлади.

Маълумки, “Рома” ўтган мавсумда кучли олтиликка кириб, Европа лигасига йўлланма олди, шунингдек, Конференциялар лигасида ғолиб чиқиб, узоқ йиллар кутилган илк совринига эга бўлди.

Клуб раҳбарияти ва мухлисларининг Жозе Моуриньога бўлган ишончини ортди. Энди португалиялик мураббий қўл остида “бўрилар” янги мавсумда Чемпионлар лигаси йўлланмаси, Италия кубоги ва Европа лигаси ғолиблиги учун курашиши кутиляпти.

Жозе Моуриньо ана шу юксак мақсадларни бажариш учун нималарга эътибор беришини очиқлади.

- Биз тўрт нафар ҳимоячи билан ўйнаш устида ишлашимизга тўғри келади. Бу тактик схемада қанот ҳимоячилари ўзини анча эркин ҳис қилади. Аввалги мавсумда уч нафар ҳимоячи билан ўйнадик. Ёзда бир неча ўйинчиларни олдик ва улар ёрдамида тўрт ҳимоячи билан ҳаракат қилишга имконимиз ошди.

Лекин бу ўзгаришларни ўзлаштириш учун анча тер тўкишимизга тўғри келади. Чунки биз Англия ёки Италиянинг айрим клублари каби ўзимиз истаган ўйинчиларнинг барчасига пул сўрай олмаймиз.

Бизда яхши салоҳиятга эга бўлган ўйинчилар бор. Улар тўп билан ишлашни яхши билади. Шунингдек, ўтган мавсумда “Ювентус” билан юз берган ҳолатни такрорламаслигимиз шарт. Биз майдонда устунлик қилишимиз керак
, - деди Жозе Моуриньо.

Таъкидлаш жоизки, португалиялий мураббий тилга олган “Ювентус” билан ўйинда римликлар ҳисобда олдинда бориб, амалда мағлубиятга учраган эди. Ўшанда Жозе Моуриньо Элдор Шомуродовни 71 –дақиқада майдонга туширади. Лекин рақиб футболчиси ҳамюртимизни ортда қолдириб, ҳисобн тенглаштирган голга вазият яратади. Охир-оқибат туринликлар 4:3 ҳисобида зафар қучиб, Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун курашда пойтахтликлардан ўзиб кетади.

Ўйиндан кейин Моуриньо аламли мағлубиятда Шомуродовни очиқчасига айблайди.

- 70 дақиқа давомида ўйинни тўлиқ назорат қилдик. Жамоа жуда зўр ўйнади. Бироқ 70-дақиқадан сўнг психологик носозлик рўй берди. Афена-Гьян ажойиб ўйин ўтказди, лекин уни алмаштирган футболчи (Элдор Шомуродов) ҳаммасини нотўғри қилди. У майдонга тушган илк дақиқадан хато қила бошлади. Рақиб ҳисобни 3:2 га қисқартирганида биз тамом бўлдик. Турин клуби кучли характерга эга жамоа эканлигини яна бир бор исботлади.

Мағлуб бўлаётган пайтингизда, оёққа туришингиз ва характер кўрсатишингиз зарур. Аммо бизда жуда бўш ва заиф инсонлар бор
, - деган эди Жозе Моуриньо.

Аслида ўша учрашувдан кейин португалиялик мураббийнинг ўзбек футболчисига бўлган муносабати ўзгаргани сезилиб қолди. Ҳозир ҳам Шомуродовнинг “Рома”даги ўрни кафолатланмаган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Моуриньо мағлубиятда Шомуродовни айблаган ўйинни эсга олди