23:55 / 23.08.2022
1 383

Тимур Кападзе: "Навбаҳор"дек жамоа вақт чўзмасдан ўйнаса бўлади"

Тимур Кападзе: "Навбаҳор"дек жамоа вақт чўзмасдан ўйнаса бўлади"
“Олимпик” клуби Ўзбекистон Кубоги 1\8 финалида “Навбаҳор”га 0:1 ҳисобида имкониятни бой берганидан кейин жамоа бош мураббийи Тимур Кападзе матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

- Яхши ўйин бўлди, иккала жамоа ҳам яхши ҳаракат қилди. Афсуски, мағлубиятга учрадик. Шунга қарамасдан йигитлар ажойиб ўйнашди. Тўғри, голни ўзимизга-ўзимиз олиб келдик. Йўқ жойдан деярли совға қилдик. “Навбаҳор”да тажрибали футболчилар бор. Яхши фойдаланди. Шундан кейин озгина узилиш бўлди. Иккинчи таймда яхши имкониятларга эга бўлдик. Гол уролмагандан сўнг энди гапиришни ҳожати йўқ. Мағлубиятга учрадик. Статистикага қарасак, битта зарба бўлди ва ўша голга айланди. Бу албатта бироз ёқимсиз вазият. Умуман олганда, йигитларимиз ажойиб тажриба тўплашяпти. Нафақат бизга, балки рақиб жамоага ҳам фойдали бўляпти. Мураббийларга бош қотиришига анча нарса беряпмиз. “Навбаҳор”ни табриклайман. Менимча, мухлисларимиз ҳам бор шекилли, келяпти, бизни қўллаб-қувватлашяпти, уларга катта раҳмат. Улар яхши футбол кўраман деб келишяпти. Тўғри йўлдан кетяпмиз.

- “Олимпик” иккинчи бўлимда қўшди. Иккита пенальтили вазият бўлди - 50х50. Бу борада фикрингиз қанақа?
- Ҳали такрорий вазиятни кўрмадим. Бир қараганимда менга пенальтидек туюлди. Тегдими-тегмадими, буни такроран кўриш керак. Ҳакам ўша вазиятга яқинроқ эди. Ҳозир бир нарса дейишим қийин. Демак, футболчи яхши ўхшата олмабди (кулади).

- Статистика ҳақида гапирдингиз. Ҳа, “Навбаҳор” битта зарбадан битта гол урган. Аммо “Олимпик” ҳам биринчи бўлимда бирорта аниқ зарба йўллай олмаган. Бу рақиб яхши ўрганганидан далолатми ёки тактикангиз “ишламагани”данми?
- Рақиб кўпчилик бўлиб ҳимояланди. Бўшлиқлар топиш қийин эди. Сабаб шунда. Аммо бугун биз ғалаба қозониш учун етарлича хавфли вазиятларни яратдик. Иккинчи бўлимда иккита 100 фоизли имкониятимиз бор эди. Рақиб деярли ҳимояда зич ҳаракат қилди. Футболчилари жисмоний томондан ҳам, тажриба борасида ҳам яхши. Аммо ўйинчиларим улардан жисмоний томондан ҳам устун бўлди.

- “Навбаҳор”ни бугун бу даражада зерикарли ўйин кўрсатади, деб ўйлаганмидингиз? Ҳаддан ташқари ўйинни чўзишлар, майдонга ётиб олишлар...Бу қанчалик тўғри?
- “Навбаҳор” биринчи ўринда кетяпти. Олдига шу ўринни эгаллаш вазифаси қўйилган. Бундай топ-жамоа яхшироқ ўйнаса, вақт чўзмасдан ҳаракат қилса бўлади. Биринчи бўлимда гол ўтказиб юбордик. Тўғри, улар натижага ўйнади. Тўғри ўйнадими ёки нотўғрими, улар айтганимдек, натижага ўйнашди. Шунчаки, 1-ўринда кетаётган жамоага бу нарса ярашмайди. Ўйнаса бўларди. Айниқса, биринчи бўлимда йўқотган тўпларимиз 30-40 сония вақтни олди. Биринчи бўлимда фақат шу билан шуғулландик. Биз ҳам айбдормиз. Бундай бўлишига йўл қўймаслигимиз керак эди. Иккинчи таймда тўғриладик, тўпни кўпроқ назорат қилдик. Йўқотилган ҳар бир тўп уларга қўл келди, вақт чўзди. “Навбаҳор”дек жамоа бундан ҳам яхшироқ ҳамда вақт чўзмасдан футбол ўйнаса бўлади. Бу бизга ҳам фойдали бўларди. Темп тушириляпти. “Навбаҳор” ғалаба учун ҳаракат қилди ва бунга эришди. Бу ерда савол йўқ.

- Ҳужумга охирги нуқтани қўйишда нима етишмади, деб ўйлайсиз?
- Қаердадир шошилишяпти, қаердадир аниқ зарба беришга маҳорат етмаяпти. Менимча, тажрибали футболчиларда ҳам бундай имкониятлардан фойдалана олмайдиган пайтлари бўлади. Қаердадир босим халақит қиляпти. “Навбаҳор” бугун бизга вазиятларни йўққа чиқаришга ҳаракат қилди.

- Биринчи бўлимда узоқ масофаларга паслар узатилди. Иккинчи бўлимда қисқа тўп узатишлари бўлди. Бу кўрсатмангизмиди?
- Биринчи бўлимни ҳам яхши бошладик. Голдан кейин узатмаларга ўтилди. Бу “Навбаҳор”га қўл келди. Биринчи бўлимда ҳам айтишга ҳаракат қилдим, эшитишмади. Иккинчи бўлимда тушунтирдим. Кейин узатмаларни тайёрлаб амалга оширдик. Қолган вазиятларда пас орқали чиқишга уриндик.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Тимур Кападзе: "Навбаҳор"дек жамоа вақт чўзмасдан ўйнаса бўлади"