09:35 / 28.08.2022
1 264

Бу ўйин оддий ўтиши мумкин эмас! Ёхуд "қайноқ" ҳароратдаги олишувлар битта турда

Бу ўйин оддий ўтиши мумкин эмас! Ёхуд "қайноқ" ҳароратдаги олишувлар битта турда
Бугун Суперлиганинг 17-тури бошланади. “Даҳшатли” ўйин билан старт оладиган бу турдан ҳам кўп нарса кутиляпти. Наманганда “Навбаҳор” – “Пахтакор” учрашувига қизиқиш ўз-ўзидан катта. Ҳар бир жуфтликда ўзига яраша қизиқ жараёнлар бор.

28 август (якшанба)

“Навбаҳор” – “Пахтакор”

Бу ўйинга афиша шарт эмас. Гап нима ҳақида кетаётганини барчамиз яхши тушуниб турибмиз. Бир-бири учун икки азалий рақиб тўқнашуви. Одатда, “Навбаҳор” ва “Пахтакор” ўйини турли воқеаларга бой бўлади, кейин турли гап-сўзлар келиб чиқади. Бу сафарги учрашув ҳам бундан мустасно бўлмаса керак. Чунки бундай катта клублар иштирокидаги баҳс шунчаки оддий ўтиши ҳам мумкин эмас. Чемпионлик мақсади йўлида курашаётган жамоалар бир-бирини мағлуб этишни жуда хоҳлашяпти.

Аниқки, стадион тўлади ва бу “Навбаҳор”га катта куч беради. Самвел Бабаян учун “Пахтакор” жуда қадрли клуб. Аммо бу аллақачон тарихда қолган. Энди у “Навбаҳор”да ўзи истаган жамоани қуряпти. Максим Шацких ва унинг жамоасини нималар кутаётганини тасаввур қилиш қийин эмас. Чемпионатимизда мураббий сифатида яқиндан бери ишлашни бошлаган мураббий матбуот анжуманларида ҳакамлар ҳақида бир неча бор кескин гапирди. Бугун ҳам ўйиндан кейин ундан нимадир кутиш қийин эмас. Лекин бу учрашувни кўрмасангиз бўлмайди. Натижаси ўйиндан кейин...

“Динамо” – “Бунёдкор”
Вадим Абрамов собиқ жамоасига қарши. Жуда қийин вазиятда қолган “Динамо”ни бир очко ҳам қониқтирмайди. Хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам ютишга мажбур. Аксига олиб, “Бунёдкор”даги вазият ҳам шунга ўхшаш. Виктор Карпенко бошчилигидаги клуб ҳали иккинчи даврада ютгани йўқ. Рости, бу ўйин ҳам муҳимлиги бўйича бошқалардан қолишмайди. Лекин Абрамовдан барибир самарқандликлар бир нима кутишяпти-да!

29 август (душанба)

“Насаф” – “Локомотив”

Ўзбекистон Кубогида худди “Навбаҳор” – “Пахтакор” қарама-қаршилиги каби “Насаф” – “Локомотив” жуфтлиги ҳам бор ва улар чемпионатда ҳам куч синашишади. “Локомотив”га Сервер Жепаров бош мураббий этиб тайинланди ва бу унинг илк ўйини. Лекин дебюти “Насаф”га қарши бўлишини ҳисобга олсак, унга ҳавас қилиб бўлмайди. “Насаф” эса “Локо”ни ютишни ёқтиради. Ҳаммадан кўра, Жепаров мураббий сифатида янги жамоасида қандай ўйинни қуришини кўриш қизиқ.

АГМК – “Сурхон”
Бироз барқарорлик етишмаётган АГМК энди “Сурхон”ни қабул қилади. Испаниялик Анхель Лопес жамоаси охирги турларни муваффақиятсиз ўтказяпти. Натижа иккала жамоа учун жуда муҳим эканини ҳисобга олсак, балки кичик ҳисобда ўйин тақдирини ҳал қилиши мумкин.

“Нефтчи” – “Қизилқум”
Фарғоналиклар учун ортга йўл йўқ. Янги бош мураббий Виталий Левченко ҳали ютгани йўқ. Қандай бўлмасин “Нефтчи” ғалаба учун бор имкониятини ишга солади. “Қизилқум” ҳам совринли ўринлар учун астойдил курашяпти. Виталий Левченко ҳам, Никола Лазаревич ҳам Тожикистондаги фаолияти орқали бир-бирига яхши таниш. Бу ҳам яхши ўйин бўлади. Аммо “Нефтчи” яна ютмаса, борми?! “Қизилқум” ҳам анойи эмас-да...

“Олимпик” – “Сўғдиёна”
“Олимпик”нинг саргузаштлари давом этяпти. Энди “Сўғдиёна”ни синовидан ўтказади. Балки “Сўғдиёна” “Олимпик”ни синовдан ўтказади, дейишингиз мумкин. Лекин Тимур Кападзе бошчилигидаги “Олимпик” фақат 3 та ютқазди холос. “Сўғдиёна” ҳам шунақа. Ёшларга қарши ёши катталар. Албатта, “Сўғдиёна” тажриба ва натижа учун қандай ўйнашни билади. “Олимпик”ни ўйини бошқача. Ўйин услуби бир-бирига мутлақо бошқача бўлган жамоалар ўртасидаги баҳсни кузатинг. Балки голларга бой бўлиши ҳам ҳеч гап эмас.

30 август (сешанба)

“Металлург” – “Қўқон-1912”

Даврон Файзиев “Қўқон-1912” бош мураббийи бўлганидан бери иккинчи даврада кетма-кет 3 та дуранг қайд этди. Умумий ҳисобда эса охирги 5 та турдан бери фақат дуранг натижа қайд этяпти. “Металлург” – “Қўқон-1912” учрашувида собиқ футболчилар тўқнашувига ҳам гувоҳ бўламиз.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Бу ўйин оддий ўтиши мумкин эмас! Ёхуд "қайноқ" ҳароратдаги олишувлар битта турда