23:11 / 15.10.2022
1 922

Шонли ўтмишни қайтарган “Навбаҳор”, хаёли бошқа жойдаги “Насаф”, бўйидан баланд сакраган АГМК ва барчани ўзига қаратган “Суғдиёна!“

Шонли ўтмишни қайтарган “Навбаҳор”, хаёли бошқа жойдаги “Насаф”, бўйидан баланд сакраган АГМК ва барчани ўзига қаратган “Суғдиёна!“
Ўзбекистон кубоги ярим финаллари ўз якунига етди. SPORTS.uz кучли тўртликда бўлишни уддалаган жамоаларни ҳар бирига алоҳида тўхталиб, жамоаларнинг иштироки ва ҳозирги ҳолати борасида фикр юритади. Хўш, ким нимаси билан мухлисларни ҳайрон қолдиришни уддалади?

Шонли ўтмишни реаликка айлантирган "Навбаҳор"

“Навбаҳор” йил бошида олдига қўйилган мақсадга эришиш йўлидаги энг муҳим қадамлардан бирини қўйди. Финалга чиқди. Халқаро майдон ва деярли 20 йил кутилган соврин учун бир қадам қолди. Чемпионатда ҳам “лочинлар” охиригача кураш олиб боришга киришган. Соддароқ қилиб айтганда, жамоа ҳозир ўзи иштирок этаётган барча фронтларда ғолиблик учун асосий даъвогарлардан бири бўлиб турибди. Қизиғи шундаки, клуб сўнгги бор Ўзбекистон кубоги финалида 1998-йилда тўп сурган. Орадан 24 йил ўтиб, “лочинлар” яна финалга йўл олди. Қисқа фурсат ичида клубда ўсиш бўлгани рост.

Ҳозирги “Навбаҳор” аввалгиларидан кескин фарқ қилади. Бу биринчи навбатда яхши шаклланган, тартиб-интизом устувор бўлган аҳил коллектив. Жамоа ҳар бир ўйинда катта куч сарфлаб бўлсада, ирода кўрсатиб ўз мақсадига етишни уддалаб келмоқда. “Суғдиёна” билан тўқнашувда айнан характер катта саҳнага чиқди. Самвел Бабаян мавсум бошида олиб келган футболчилари атрофида қурди жамоани. Ҳозирча, бу танлов ўзини 100 фоиз оқламоқда. Жамоасиз қолиб кетган Искандеров яна мтж учун даъвогар, жароҳатларга ўралашиб ёдимиздан кўтарилган Болтабоев қайта кашф этилган кашфиёт, турли жамоаларда ўзини “қидирган” Асад Собиржонов сингари номлар “лочинлар” сафида карьерасини қайта қуришга муваффақ бўлди.

Тўғриси, “Навбаҳор”ни Ўзбек футболида йўқотган ўрнини эгаллаётганидан хурсандман. Бу жорий мавсум мухлислар ёдида янги асрдаги энг интригага бой биринчиликни шаклланишга сабаб бўлди. Агар темпни тушириб юбормаса, жамоа яқин 4-5 йил ичида бу клуб бунданда қудратлироқ бўлишга қодир.

Ўзиникини ҳаммага ўтказган “Суғдиёна”

Улуғбек Бақоевни жамоаси кўп танқид қилинди. Ўзим ҳам бундан мустасно эмас. Шунга қарамай, ярим финалда ўзидан ижрочилар даражаси борасида анча кучли “Навбаҳор” билан ўйинда 120 дақиқа (қизил карточкага қарамай) бирорта аспектда бўш келмаган жамоага ҳурматим ошди. Бақоевни ўзимизни Симеоне деб бежиз атамадик. Бугунги “Суғдиёна”да анчадан бери ўзбек клубларида кузатилмаётган ирода ва матонат шаклланмоқда.

Ҳозир таркибда бор футболчиларга разм солиб қаралса, бирортаси терма жамоа аъзоси эмас. Ўртамиёна, аммо меҳнаткаш йигитлардан ташкил топган клуб 3 йил ичида ўз ўйин услубини мамлакатимиздаги исталган клубга ўтказишга қодир “чақилмас ёнғоқ”қа айланди. “Услублар футболни яратади” ибораси бежизга айтилмаган. Жиззахликлар яхшими-ёмонми бутун Ўзбекистонни ўзлари ҳақида фикр билдиришга мажбурлай олди. Аслида, бу футболдаги энг катта ютуқ. Кубок ярим финали бу потолок эмас. Бу прогрессдаги ва ўз танлаган йўли бор жамоа. Яқин келажакда Бақоев ҳақида ҳали кўп ва ҳўп ёзишимизга шубҳам йўқ.

Мард АГМК

Миржалол Қосимов учун энг омадсиз мавсумлардан бири. Омадсиз трансферлар мавсум стартида бой берилган очколар суперлигадаги медаллар учун курашдан эрта чиқиб кетишга сабаб бўлди. Кубок мавсумни қутқариб қолиш учун ягона умид эди. Қаршида “кончилар” чинакамига “аждарлар” учун муаммо туғдиришни уддалади. Ўша оқшом АГМК ўзининг ҳозирги даражасидан баландроқ ўйнаб юборди, аммо финалга чиқиш учун бу камлик қилди.

Шунга қарамай, очиқ футбол учун олмалиқликларга тасанно! АГМК прессингда яхши ўйнайдиган рақибдан қўрққани йўқ ва илк дақиқалардан олдинга интилди. Натижа муҳим бўлишига қарамай, Қосимов шогирдлари ўйин картинасини бузиб қўймади. Вақт чўзмади, темпни туширишга интилмади. Шунчаки, футбол ўйнади! Ҳозирги АГМК учун Ўзбекистон кубогидаги ярим финал яхши натижа. Олдинда суперлигада кучли тўртликка кириш учун имконият бор. Энди, қолган 5 ўйинда жамоа бор эътиборини шу баҳсларга қаратиши турган гап.

Хотиржам “Насаф”

“Аждарлар” айни дамда Ўзбекистондаги энг стабил жамоага айланиб бормоқда. ОЧЛда гуруҳдан чиқди, чемпионатда пешқадам ва финал йўлланмаси. Рўзиқул Бердиев мавсум бошида шогирдлари билан узоқ йиллик шартнома имзолагани барибир наф берди. Бугун, “аждарлар”нинг ёш аъзолари бор эътиборини майдонга қаратган холда, катта мақсадлар сари интилмоқда.

Кубок баҳсларидаги финал эса, “Насаф” учун асосий воқеа саналмайди. Амалдаги Ўзбекистон кубоги эгаллари ҳозир асосий эътиборни клуб тарихидаги биринчиси бўлиши мумкин бўлган чемпионат олтин медалларига қаратган. Атиги 5 ўйин янги тарих яратиш имкониятини беради. Ҳозир олдинда турган ўйинларнинг қийматини барча яхши тушуниб турибди.

Шунга қарамай, кубокдаги иштирок иккинчи планга ўтиб қолмаслиги аниқ. Бу мусобақада “Насаф” анча тажрибали ва сўнгги йилларда буни исботлаб келмоқда. Финал бу тарих яратиш учун ташланган энг жиддий қадам. Энди 90 дақиқа ичидаги ғалабагина уларни ўша тарихдан ажратиб турибди.

Я. У

Манба: Sports.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шонли ўтмишни қайтарган “Навбаҳор”, хаёли бошқа жойдаги “Насаф”, бўйидан баланд сакраган АГМК ва барчани ўзига қаратган “Суғдиёна!“