15:33 / 18.10.2022
2 998

“Рома”нинг Шомуродов келажаги бўйича қарори аниқ бўлди!

“Рома”нинг Шомуродов келажаги бўйича қарори аниқ бўлди!
Европада қишки трансфер ойнаси яқинлашган сари бўлажак олди-бердилар ҳақидаги хабарлар кўпроқ тарқала бошлади. Ёзда ўз сафига керакли футболчиларни қўша олмаган клублар январда таркибини кучайтириш пайида бўлади. Шунингдек, ўз жамоасида етарли имконият берилмаётган ўйинчилар ҳам янги жамоа излаши ҳеч кимга сир эмас.

Январда қатор жамоалар эътибори нишони Элдор Шомуродовга қаратилиши кутилмоқда. Аслида римликлар ўзбек легионерини ёзги трансферлар вақтида сотиб юбормоқчи бўлганди. Харидор кўп бўлганини ҳамма билади. Элдор Италиядан ташқари, Германия, Франция, Туркия, Россия, Саудия Арабистони чемпионатларида қатнашиши мумкин эди.

Бироқ, Жозе Моуриньо ҳамюртимизга Римда қолиб, курашни давом эттиришини маслаҳат бериб, албатта, унга имкон берилишини таъкидлади.

Матбуотда Жозе Моуриньо Элдор Шомуродовга: “Гапимга қулоқ тут, “Болонья”да 10-15 та учрашувда майдонга тушганингдан “Рома”да бешта ўйинда қатнашганинг афзал!”, - дегани ёзилди.

Ҳозирнинг ўзида Шомуродовга “Торино” ва “Болонья”дан яна қизиқиш бўляпти. Бу клублар ёзда ўзбек ҳужумчиси борасида “Рома” спорт директори Тягу Пинто билан музокара олиб борганди. Энди улар қишда яна алоқага чиқади.

“Спорт Экпресс” нашри мутахассислари ўз вақтида Россия премьер-лигасида порлаган Элдор Шомуродовнинг мамлакатда мухлислари кўплигини инобатга олиб, Рим клуби спорт директори Тьягу Пинто билан боғланиб, ўзбек ҳужумчисининг келажаги билан қизиқди.

- Андреа Белотти асосий таркибда пайдо бўлганидан кейин “Рома” Элдор Шомуродовни сотиб юбориши мумкинлиги ҳақида сўраяпсизми? Элдор ҳам худди Белотти сингари Римда қолади, - деб таъкидлади Тьягу Пинто “Спорт Экспресс” газетаси вакилларига.

“Рома” мутасаддилари ҳужум чизиғига Андреа Белотти ва Пауло Дибала каби юлдузларни жалб қилган бўлса-да, ҳужумчилар муаммоси тўла ечимини топгани йўқ. Мавсумнинг аввалидаёқ, ҳужумга масъул бўлган Тэмми Абрахам, Николо Дзаньоло, Лоренцо Пеллегрини, Стефан Эл-Шаарави жароҳат олди. Пауло Дибала кетма-кет икки марта сафдан чиқди ва иккинчи жароҳати анча оғир ҳисобланади.

Тьягу Пинто балки шу вазиятни инобатга олиб, Шомуродовни ҳеч бўлмаганда мавсум охиригача пойтахтда олиб қолишини режалаштирган бўлиши мумкин. Лекин клуб раҳбарияти ўзи кутган маблағ таклиф қилинса, легионеримизни ушлаб қолмаса керак.

27 ёшли футболчимиз “Машъал”, “Банёдкор”, “Ростов” ва “Женоа” жамоаларидан кейин “Рома”да иккинчи мавсумини ўтказмоқда. Элдор клублар миқёсида жами 225 маротаба майдонга тушиб, ўз ҳисобига 46 та гол ва 23 та ассист расмийлаштирган. Унинг “бўрилар” билан амалдаги шартномаси 2026 йилнинг 30 июнигача давом этади.

Трансферларга ихтисослашган https://www.transfermarkt.world/ портали ҳамюртимизнинг саккиз миллион еврога баҳоламоқда.

Элдор Шомуродов Ўзбекистон миллий терма жамоасида 57 та учрашувда рақиблар дарвозасига 31 та тўп киритган.

Тез орада моҳир ҳужумчимиз миллий жамоада энг кўп гол урган футболчилар рейтингида Макцим Шацких ва Александр Гейнрихни ортда қолдириб, биринчи ўринга кўтарилиб олиши кутилмоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Рома”нинг Шомуродов келажаги бўйича қарори аниқ бўлди!