Ўз даврида “Рубин”да сардорлик қилган ва жамоанинг бир неча совринларга сазовор бўлишига катта ҳисса қўшган Фарғона футбол мактаби тарбияланувчиси Андрей Фёдоров Қозон клуби сафига қўшилган Рустам Ашурматов ҳақида фикр билдирди.
- Ашурматов – жисмонан бақувват ҳимоячи. Ўзбекистон миллий терма жамоасига мунтазам чақиртирилади.
Рустам ўз кучини Ўзбекистондан ташқарида ҳам синаб кўрган. Ашурматовнинг иқтидорини Россия терма жамоасига қарши ўтказилган ўртоқлик учрашувида кўриш имкони бўлди. Ўша баҳсда у жуда яхши ўйин кўрсатди, чунки жамоаси гол ўтказиб юборгани йўқ.
Ашурматов “Рубин” учун жуда манфаатли трансфер, - деди Андрей Фёдоров.
Рустам Ашурматов “Бунёдкор” тарбияланувчиси ҳисобланади. Марказий ҳимоячи сифатида ишончли ўйин намойиш қиладиган бу футболчимиз профессионал фаолиятининг бошида “Қўқон-1912” жамоасида тўп тепган.
Кейинчалик “Бунёдкор” сафига қайтиб, ўз ўйини билан мухлису мутахассислар эътиборини қозонди. Рустам 2019 йили Жанубий Кореянинг “Кванджу” жамоасига трансфер қилинди. Икки мавсум шу жамоада ўйнаганидан кейин “Канвон клубига ўтиб, у ерда ҳам бир йил ўйнади.
2022 йилнинг бошида Ашурматов ўз олдига катта мақсадларни қўйган “Навбаҳор” жамоаси таклифини қабул қилиб, яна юртимизда тўп тепди.
Шу пайтга қадар клублар миқёсида жами 194 та учрашувда майдонга тушган ҳимоячимиз ўз вазифаларини уддалашдан ташқари, ўнта гол ва учта ассистга муаллифлик қилди. Голларидан учтасида Корея чемпионатида киритгани аҳамиятли.
26 ёшли футболчимиз фаолиятининг янги босқичини Россияда ўтказади. Ашурматов Россия чемпионати биринчи лигасида ўйнаётган “Рубин” билан 3,5 йиллик шартномага имзо чеккан. У Қозон клубида 5-рақам остида тўп тепади.
Таъкидлаш жоизки, Ашурматовдан олдинроқ ўзбек футболининг яна бир тарбияланувчиси Умарали Раҳмоналиев ҳам”Рубин” клуби билан 3,5 йиллик шартнома имзолаган эди. Ҳар икки ўйинчимиз жорий мавсумнинг қолган қисмида қозонликларни Россия премьер-лигасига қайтаришга ҳаракат қилади.
Бунинг учун “Рубин”да яхши имконият бор. Ҳозирча, бу жамоа биринчи лига мусобақа жадвалида учинчи ўринда бормоқда.
Рустам Ашурматовнинг легионер сифатида имкониятларига баҳо берган Андрей Фёдоров ҳам Ўзбекистон ва Россия футболида катта ютуқларга эришган чарм тўп усталаридан ҳисобланади. Фёдоров “Нефтчи” сафида тўрт карра Ўзбекистон чемпиони бўлган ва икки марта мамлакат кубогида ғолиб чиққан. Фарғоналиклар сафида Осиё чемпионлари кубоги совриндори бўлган.
1994 йили Ўзбекистон терма жамоаси билан Япониядаги Осиё ўйинларида ғолиб чиққан.
Кейинчалик 1997 йилдан бошлаб, Россия чемпионатига кўчиб ўтди ва легионер сифатида “Алания”, “Балтика” ва “Рубин” клубларида ўйнади. Қозонликлар сафида Россия чемпионати ғолиби ва совриндори бўлди.
Андрей Фёдоров Ўзбекистон миллий терма жамоасида 64 та учрашувда еттита гол уришга эришган. “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»