Ҳа, барча ММА ихлосмандлари “UFC 286” турниринии кутмоқда десак, янглишмаган бўламиз. Сабаби, марказий жангда ярим ўрта вазн (77.1 кг) тоифасининг юлдузлари, амалдаги чемпион Леон Эдвардс ва собиқ чемпион Камару Усман ўртасидаги трилогия бўлиб ўтади. Шунингдек, иккинчи марказий жангда эса, мухлислар ёқимтойлари, мухлисларбоп жанг кўрсатадиган енгил вазн (70.3 кг) тоифасидаги Жастин Гейтжи ҳамда Рафаэль Физиев тўқнашувини гувоҳига айланамиз.
Анъанага мувофиқ тарзда биз Камару Усман ва Леон Эдвардс ўртасидаги қарама-қаршилик борасида ММА олами вакилларини фикри билан қизиқдик.
Отабек Мусаев –Ўзбекистон ММА ассоциацияси ҳакамлар қўмитаси раиси
- Бу жанг тўлиқ давом этмайди. Камару Усмон муддатидан аввал ғалабани қўлга киритади. Узоғи билан 2-раундда нокаутга учратади.
Мирзоҳид Атабоев – мураббий, кикбоксинг бўйича жаҳон чемпиони
- Бу жангда Камару Усман ғалаба қозонади, деб ўйлайман. Чунки у аввалги жангидан тўғри хулоса қилган. Тўғри, Эдвардс иккинчи жангда уни нокаутга учратган. Бироқ, унга қадар нигериялик жангчи қанчалик устунлик қилаётгани барчага маълум. Шунчаки, Эдвардснинг ғалабаси омад туфайли юзага келган. Бу сафар Усман имкон қолдирмайди.
Фарруҳ Мадаминов – мураббий
- Камару Усман бу сафар жангга яхши ҳозирлик кўрган ва аввалги тўқнашувдан керакли хулосаларни чиқарган ҳолда, октагонга кўтарилади. Қолаверса, иккинчи жанг шунчаки тасодиф эканлигини исботлашга ҳам ҳаракат қилади. Менимча 60/40 Усман ғалаба қозонади.
Амин Эргашев – ММА жангчиси, Ўзбекистон ММА ассоциацияси Навои вилояти бўлими раиси
- Икки жангчи ўртасидаги трилогияда Камару Усман ўз камарини қайтариб олади. Аввалги жангда Усманнинг хатолари кўп эди ва бу сафар буни устида ишлади. У камарни тезроқ қайтариб олишга ҳаракат қилади. Бироқ, бу борада “ёниб” кетиши зарарига ҳам ишлаши мумкин. Қисқаси Усман ғалаба қозонса керак. Бу менинг шахсий фикрим ва тахминим.
Мавлонбек Қаҳҳоров – муайтайчи, 3 карра жаҳон чемпиони
- Менинг фикримча бу жангда ҳар иккиси жуда эҳтиёткор услубда жанг қилади. Очиқ жангни кузатамиз деб ўйламайман. Жанг тўлиқ давом этади ва Усман очколар ҳисобида ғалаба қозонади.
Марат Бекмуратов – менежер (Қирғизистон)
- Камару Усмон аввалги жангда бироз хотиржамликка берилди ва ўша кучли зарбани ўтказиб юборди. Унда руҳий ҳолати яхши бўлиши лозим. Леон Эдвардс ҳам олдинги жангдан керакли хулосаларни чиқарганлиги аниқ. У билади-ки, Усман қачон босимни оширади, қайси раундларда фаоллашади... Эдвардсда барибир мотивация кучлироқ, деб биламан. Барчаси Усманнинг руҳий ҳолатига боғлиқ. Одатда, жангчиларнинг баъзилари оғир мағлубиятдан кейин сўниб қолади. Бунга Пётр Ян мисол бўла олади. Баъзилари эса бунақа мағлубиятдан кейин реваншда портлайди. Усман ҳар томонлама Эдвардсдан устун. "Арсенал"и ҳам бой. Юқорида айтганимдек, унинг руҳий ҳолати панд бермаса ғалаба қозонади.
Одил Сирожиддинов – мураббий, қўл жанги бўйича жаҳон чемпиони
- Олдинги жанг кутилмаганда 5-раундда нокаут билан тугаган эди. Унга қадар катта устунлик билан Камару Усман олдинда эди. Орадан жанг ўтказмасдан тезлик билан реванш ўтказилмоқда. Агар, орада яна битта ёки иккита жанг ўтказиб олганида Усман ўзига янада ишончини қайтариб оларди. Менинг фикримча барибир ҳам Камару Усман ютади, деб ўйлайман. Лекин нокаутдан кейин барибир эҳтиёт бўлиб, жанг олиб борса керак. Чунки спортда нокаутдан кейин тикланиш осон бўлмайди. Жанг тўлиқ давом этади ва очколарга кўра, Усман ғалаба қозонса керак.
Мавлуд Тифиев – муайтай ҳамда ММА жангчиси
- Ҳа, бу икки жангчи дивизионнинг етакчилари, улар ўртасида ўзига хос ҳисоб-китоб бор. Улар икки бор тўқнаш келиб улгурган. Сўнгисида Эдвардсга омад кулиб боққанди. Бу сафар Усман ҳотиржамликка берилмайди. Хушёрроқ бўлади ва ғалаба қозонади.
Камолиддин Мамажонов – ММА жангчиси
- Бу сафар ҳам жанг жуда қизиқарли ўтиши аниқ. Усман камарини қайтариб олиши учун бор имкониятини ишга солади. Аслида, Усман ҳар томонлама устун. Бироқ, Эдвардс уни зарбада тута олса, зарбалари қандай кучли эканлигини кўрдик. Бу сафар ҳам Эдвардсга “лаки-панч” ғалаба келтирмаса, бошқа ҳолатда имконият йўқ.
Машрабжон Рўзибоев – ММА жангчиси
- Камару Усман бу сафар эҳтиёткор бўлади ва ғалабани қўлга киритади. Ўтган сафар 4-раунд ютаётганлигини билиб, хотиржамликка берилди ва бу қимматга тушди. Бу сафар жанг тўлиқ давом этади ва Усман очколарга кўра, ғалаба қозонади.
Ҳумоюн Тўхтамуродов – ММА жангчиси
- Умуман бу икки жангчини солиштирсангиз, Камару Усман ҳар томонлама устун. Аввалги жангда ҳам тўлиқ устунлик қилаётган бир паллада, кичик хатоси туфайли мағлубиятга учраган эди. Бу сафар Усман керакли хулосаларни чиқариб олган ва қийинчиликсиз ғалаба қозонади, деган фикрдаман.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг