Тошкент шаҳри илк маротаба мезбонлик қилаётган бокс бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатини бутун дунёдан бокс мутахассислари, мураббийлар, спортчилар, спорт жамоатчилиги вакиллари кузатиб бормоқда.
Ўта оғир вазн тоифасида Баҳодир Жалолов ва Қамшибек Кункабаев ўртасидаги чорак финал жанги ҳамон кенг муҳокама қилинмоқда.
Маълумки, ушбу жангда ўзбек боксчиси қозоғистонлик рақибини катта устунлик билан енгди. Улар ўртасидаги тўққизта жангдаги ғалабаларини олтитага етказиб олган Баҳодир Жалолов жаҳон чемпионатининг олтин медалига асосий даъвогар ҳисобланади.
Ашаддий рақиблар – Жалолов ва Кункабаев тўқнашувига машҳур америкалик промоутер Лу ДиБелла ҳам ўз муносабатини билдирди. Жанг бўлиб ўтганига бир неча кун бўлишига қарамай, ДиБелла Twitter саҳифаси орқали ўзбек боксчисига мурожаат йўллади.
- “Катта ўзбек” – Баҳодир Жалоловни Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳридаги IBA жаҳон чемпионати чорак финалида Қамшибек Кункабаев устидан қозонган ғалабаси билан табриклайман, - деб ёзди америкалик промоутер.
Таъкидлаш лозимки, Лу ДиБеллага тегишли “DiBella Entertainment” компанияси Баҳодир Жалоловнинг профессионал боксдаги ҳамкори ҳисобланади.
Машҳур спортчимиз профессионал рингда жами 12 та жанг ўтказиб, уларнинг барчасида рақиблари устидан муддатидан олдин ғалаба қозонган.
Шунингдек, Баҳодир Жалолов ҳаваскор боксчилар ўртасида деярли барча нуфузли турнирларда чемпион бўлган. Баҳодир Олимпия ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатларида олтин медалларни қўлга киритган. Ҳали бирорта финал учрашувида рақибларига имкон бермаган бокс устаси ҳисобланади.
Баҳодир Жалолов ва Қамшибек Кункабаев жангига бошқа мутахассислар, ташкилотлар, экспертлар ҳам ўз мулоҳасини билдиришда давом этмоқда.
Хусусан, Халқаро бокс уюшмаси (IBA) матбуот хизмати ҳам ушбу тўқнашувга муносабат билдирди.Ташкилотнинг инстаграмдаги саҳифасига Жалоловнинг Кункабаевга йўллаган зарбаларидан лавҳа қўйиб, “Жағ! 10 балли тизимда баҳоланг!”, деган пост қўйди.
Бу жанг британиялик машҳур бокс мураббийи ва эксперти Тейлор О’Хиггинс эътиборидан ҳам четда қолмади. Мутахассис уч раундда давом этган жангни бошқарган ҳакамлар ишига ҳам баҳо бериб ўтди.
Маълумки, жангнинг учинчи раундида ҳакам Кункабаевга икки маротаба огоҳлантириш берди.
- Баҳодир Жалолов чорак финал жангида Қамшибек Кункабаевни ҳеч қандай муаммосиз мағлуб этди. Лекин реферининг иши расво экан. Унинг ишидан қолган аччиқ таъм, ғалаба мазасини бузди, - деб ёзди Тейлор О’Хиггинс Twitter саҳифасига.
Бокс оламида ўзбек ва қозоқ боксчилари жанги “эл-класико”га тенглаштирилади. Уни ўта оғир вазн тоифасидаги Жалолов-Кункабаев тўқнашувлари ҳам безаб келади. Бу рақобат 2015 йилдан бери давом этиб келмоқда.
Ҳозирча, ҳар икки боксчи 9 маротаба ўзаро куч синашган. Умумий натижага кўра, Баҳодир Жалолов 6:3 ҳисобида олдинда.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг