Топ-чемпионатларнинг аксарида ҳали ёзги трансферлар ойнаси очилмаган, аммо аллақачон қатор кўзга кўринарли трансферлар амалга оширилди. Қуйида Европада сўнгги кунларда рўй берган диққатга сазовор трансферларга тўхталиб ўтилади.
Жуд Беллингем: «Боруссия» Дортмунд → «Реал» (103 млн евро)
Бу сўнгги ҳафтанинг энг асосий трансфери бўлди. Албатта, Беллингем ҳали Лионел Месси ёки Карим Бензем кўламидаги футболчи эмас, аммо трансфер суммаси эътиборга молик. «Реал» 19 ёшли яримҳимоячи учун 103 млн еврони аямади, «Боруссия» эса яна бир бор ёш футболчиси орқали каттагина маблағ ишлаб олди. «Реал» президенти Флорентино Перес Беллингемга кўплаб клублар қизиқиш билдиргани, аммо футболчининг ўзи Мадридни танлаганини айтди. Жуд бу қарорни пул туфайли қабул қилмаганини таъкидлади. У янги жамоада бир вақтлар Зинедин Зиданга тегишли бўлган 5-рақамни танлади. Беллингемнинг «Реал» билан шартномаси олти йилга мўлжалланган.
Жеймс Милнер: «Ливерпул» → «Брайтон» (эркин агент)
«Брайтон» ўз тарихидаги илк еврокубок арафасида жиддий трансфер амалга оширди. Ҳа, Милнер 37 ёшда, аммо у ҳатто шу ёшида ҳам жамоасига фойда келтира олади. Бу футболчи улкан тажрибага эга. У «Ман Сити» ва «Ливерпул»да юқори даражада ўйин кўрсатган, бу жамоалар билан қатор совринларни қўлга киритган, энди эса ўтган мавсумда сенсация кўтарган жамоага ёрдам беришга тайёр. Фахрий футболчи 1+1 кўринишидаги шартномани имзолади. «Брайтон» бош мураббийи Роберто Де Дзерби Милнернинг трансферини катта ютуқ деб атади. Италиялик мутахассис Жеймс жамоага янги даражага чиқишда ёрдам беришига ишончи комил.
Маҳмуд Даҳуд: «Боруссия» Дортмунд → «Брайтон» (эркин агент)
Яна бир футболчи эркин агент мақомида «Брайтон»га келиб қўшилди. Даҳуд Милнердан 10 йилга ёшроқ ва ушбу немис футболчиси билан 2027 йилга қадар шартнома тузилди. Дарвоқе, Маҳмуд учун Англияга келиш —мутлақо янги тажриба. Бунгача у фақат ўз ватанида ўйнаган («Боруссия» М, «Боруссия» Д), энди у ўзини мутлақо бошқа даражадаги чемпионатда синаб кўради. Якунланган мавсум Дауд учун жуда оғир кечди. Биринчи даврада у елкасидаги жароҳат туфайли уч ой давомида майдон ташқарисида қолди, иккинчи даврада эса кўпинча захира ўриндиғида қолиб кетди. Натижада — Даҳуд бутун мавсум давомида атиги 10 ўйинда майдонга тушди.
Кевин Шаде: «Фрайбург» → «Брентфорд» (25 млн евро)
Шаде «Брентфорд»га 2023 йил бошида ташриф буюрганди — жамоа уни мавсум охирига қадар ижарага олганди. 21 ёшли вингернинг ўйини инглизлар клуби боссларида яхши таассурот қолдирди ва улар «Фрайбург»га 25 млн евро тўлашди. Уларни Шаде 19 ўйинда бирорта гол урмагани ҳам тўхтата олмади. Бу «Брентфорд» учун рекорд даражадаги трансфер бўлди, жамоа шу вақтгача ҳеч бир футболчига бунча катта маблағ сарфламаган. Март ойида Шаде Германия миллий жамоасида дебют қилди, бир неча ой ўтиб «Брентфорд» билан 2028 йилга қадар амал қилувчи шартнома имзолади.
Юри Тилеманс: «Лестер» → «Астон Вилла» (эркин агент)
Тилеманс «Лестер»дан кетгани ҳеч кимни ҳайрон қолдирмади. Нима бўлганда ҳам бундай калибрдаги футболчи қуйи дивизионда ўйнаши тўғри бўлмайди. «Лестер» АПЛдан тушиб кетиши билан белгиялик футболчи янги клуб ахтаришга киришганди. Лекин «Астон Вилла» танлангани бироз ажабланарли бўлди. 26 ёшли эркин агент бошқа топ-клубларнинг ҳам нишонида турганди, аммо у АПЛнинг ўртамиёна жамоасини танлади. Тилеманс «Лестер»да тўрт мавсум ўтказди, энди эса Унаи Эмери бошқарувида Конференциялар лигасида иштирок этади.
Жованни Симеоне: «Верона» → «Наполи» (12 млн евро)
Симеоне аргентиналик футболчилар учун одатий маскан бўлган Неаполда бир мавсум ўтказди. 33 ўйин, тўққиз гол, бир ассист — ижарадаги ҳужумчи учун ёмон статистика эмас. Қолаверса, Симеоне кўп ҳолларда захирадан ўйинга қўшилди, чунки асосий таркибда Виктор Осимҳен алмаштириб бўлмас футболчи. Энг асосийси — Жованни азалий орзусига эришиб, Чемпионлар лигасида гол урди (бир мавсумнинг ўзида шундай голлардан тўрттасини). Форварднинг ўйини «Наполи» раҳбариятига маъқул келди ва улар шартномада кўрсатилган банддан фойдаланиб, 12 млн евро эвазига унинг трансфер ҳуқуқини сотиб олишди. Аргентиналик ҳужумчи яна бир мавсумга узайтириш шарти билан 2026 йилга қадар амал қилувчи шартнома имзолади.
Уссем Ауар: «Лион» → «Рома» (эркин агент)
Жазоирлик яримҳимоячи бунгача бутун профессионал фаолиятини «Лион»да ўтказганди. Ауар — клуб тарбияланувчиси ҳисобланади. 24 ёшида Уссем шартномасини узайтирмасликка ва Италияга кетишга қарор қилди. Энди уни Жозе Моуриньо билан ҳамкорлик кутмоқда. Дарвоқе, италянлар клуби, «Лион»дан фарқли ўлароқ, еврокубокда ўйнайди. Жазоирлик футболчи «Рома»ни буюк тарихга эга буюк клуб деб атади. Ауарнинг ҳисоблашича, Италия пойтахтида унга мос келадиган лойиҳа амалга оширилмоқда.
Ўрхун Кўкчу: «Фейеноорд» → «Бенфика» (25 млн евро)
22 ёшли футболчи «Фейеноорд»нинг Нидерландия чемпионатидаги ғалабасига сезиларли ҳисса қўшди. Сардор Эредивизиянинг 32 ўйинида иштирок этди, саккиз гол уриб, учта ассист амалга оширди. Бу ёшида сардорлик боғичи билан майдонга тушиши унинг жамоадаги авторитетидан дарак беради. Энди туркиялик футболчи Португалия чемпионатига ўтди — «Бенфика» унинг учун 25 млн евронинг баҳридан ўтди. Лиссабонликлар клуби бир неча мавсумдан кейин ҳавбекни қайсидир топ-клубга анча катта маблағ эвазига сотиши ҳам мумкин.
Сэм Ламмерс: «Аталанта» → «Рейнжерс» (3,5 млн евро)
Нидерландиялик футболчи «Аталанта»га 2020 йил кузида келганди, аммо Бергамо клуби таркибидан муқим ўрин ололмади. Ламмерс бир неча бор ижарага берилди («Айнтрахт», «Эмполи», «Сампдория»), энди эса фаолиятини Шотландияда давом эттиради. «Аталанта» ҳужумчисини бу мавсумда ҳам Чемпионлар лигасида ўйнаши мумкин бўлган «Рейнжерс»га сотишни афзал кўрди. Ламмерс «Аталанта»га келганидан буён жами 19 ўйинда қатнашган ва атиги икки гол урган.
Жордан Ларссон: «Шалке» → «Копенҳаген» (2 млн евро)
«Спартак»нинг собиқ футболчиси «Копенҳаген»нинг тўлақонли аъзосига айланди. 2023 йил бошида швед «Шалке»дан данияликлар клубига ижарага берилганди. Жордан 16 ўйинда олти гол уриб, икки соврин қўлга киритди: Дания чемпиони ва кубок соҳибига айланди. «Копенҳаген» футболчини ҳозирги нархлардаги энг камтар суммага харид қилди. Янги мавсумда Жорданда Чемпионлар лигасида ўйнаш имконияти бўлади, «Шалке»да эса уни Бундеслиганинг иккинчи дивизиони кутаётганди.
Райан Кент: «Рейнжерс» → «Фенербаҳче» (эркин агент)
Бу ҳафтада «Рейнжерс» бир ҳужумчи сотиб олиб, бошқаси билан хайрлашди. Лекин Кентнинг кетиши олдиндан маълум эди, унинг шартномаси муддати якунланганди. 26 ёшли англиялик тезда ўзига янги клуб топди — энди у «Фенербаҳче»га ёрдам беради. У турклар клуби билан тўрт йиллик шартнома имзолади. 2022/2023 йиллар мавсумида Райан барча турнирлар доирасида 44 ўйин ўтказиб, уч гол урган ва 10 голга узатма берган.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг