20:30 / 21.06.2023
1 394

Элдор Шомуродов “қора рўйхат”га тушди!

Элдор Шомуродов “қора рўйхат”га тушди!

2021 йилнинг ёзидан бери “Рома”ни бошқараётган Жозе Моуриньо иккита уринишда ҳам “бўрилар”ни Европа Чемпионлар лигасига олиб чиқолмади.

Бироқ, тажрибали мураббий қўл остида римликлар кетма-кет икки марта УЕФАнинг халқаро турнирлари – Конференциялар лигаси ва Европа лигаси финалида ўйнади. Гарчи “Рома” Конференциялар лигасида ғолиб чиқиб, Европа лигасининг бош совринини “Севилья”га бой берган бўлса-да, клуб раҳбарияти Жозе Моуриньо билан ҳамкорлик қилишни давом эттирадиган бўлди.

Португалиялик мутахассис одатига кўра, ёзда  таркибда жиддий ўзгаришлар қиладиган бўляпти. Клуб спорт директори Тьягу Пинто ҳамюрти кўзлаган юқори малакали футболчиларни трансфер қилиш учун ҳозирги таркибдаги ўйинчиларнинг бир нечтасидан қутилиш кераклигини таъкидламоқда.

Бу чора-тадбирлар биринчи навбатда, молиявий фэйр-плей қоидаларини бузмаслик учун муҳим ҳисобланади. Ана шу мақсадда Тьягу Пинто шу ёзда трансферга қўйиладиган футболчилар рўйхатини тузди. Унга ўзбекистонлик Элдор Шомуродов ҳам киритилди.

Corriere della Sera нашрининг хабар беришича, римликлар Жастин Клюйверт, Карлес Перес, Гонсало Вильяр, Эльдор Шомуродов, Рожер Ибаньес, Матиас Винья каби ўйинчилар билан ҳамкорликни тўхтатиб, уларни бошқа жамоаларга ўтказиб юбориш бўйича иш олиб боради. Бу ўйинчилар орасида фақатгина Рожер Ибаньес мавсумни “Рома” таркибида якунлади.

Қолган барча ўйинчилар турли жамоаларга ижарага бериб юборилди. Хусусан, Элдор Шомуродов мавсумнинг иккинчи ярмини “Специя”да ўтказиб, жамоасининг А Сериядаги жойини сақлаб қолишига ёрдам бера олмади.

Италия матбуотининг ёзишича, Жозе Моуриньони ҳужум чизиғидаги вазият умуман қониқтирмаяпти. У ислоҳотларни айнан олдинги чизиқдан бошламоқчи. Айниқса, Тэмми Абрахам оғир жароҳат туфайли узоқ муддатга сафдан чиққани римликларга қўшимча муаммо туғдирди.

Тьягу Пинто ёзда англиялик форвардни сотиб юбормоқчи эди. Бир неча ойга сафдан чиққан футболчини энди ҳеч қайси клуб трансфер қилмайди.

Ҳозир “Рома” асосий ҳужумчига айланган Пауло Дибала билан музокара ўтказяпти. Андреа Белотти ва  Стефан Эл-Шаарави жамоада қоладиган бўлди.

Жозе Моуриньо уларнинг ёнида “Вест Хэм”нинг 24 ёшли ҳужумчиси Жанлука Скамакка, “Атлетико”нинг 30 ёшли юлдузи Альваро Мората ва “Специя”да Шомуродов билан елкама-елка ўйнаган тўпурар Мбала Нзолани кўрмоқчи.

Ҳозиргача, “Рома” иккита зўр трансферни амалга оширди. 24 ёшли плеймейкер Уссем Ауар ва 23 ёшли универсал ҳимоячи Эван Н’Дика эркин агент сифатида “бўрилар” сафига қўшилди ва келаси мавсумни “Рома” таркибида бошлайди.

Демак, Элдор Шомуродов ёз ичи келаси мавсумни қайси жамоада бошлашини ҳал қилиши керак бўлади. Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори бу борада ўз фикр-мулоҳазалари билдириб ўтганди.

- “Специя”да етарли даражада ўйин амалиётига эга бўлмадим. Афсуски, ҳаммаси биз истагандек бўлмади. Жамоа қуйи лигага тушиб кетди. “Специя” билан ижара шартномаси тугаяпти.

Ҳаммаси қачон аниқ ҳал бўлишини билмайман. Лекин барибир бу масала таътилдан кейин кўриб чиқилади, - деди Элдор Шомуродов келажакдаги режалари ҳақида.

“Рома”да Элдор Шомуродов атрофида қизиқ ҳолат кузатилиб келинади. Клуб спорт директори Тьягу Пинто анчадан бери ўзбек ҳужумчисини тўлиқ сотиб юборишга уринмоқда. Бироқ, Жозе Моуриньо бунга йўл қўймаяпти. Хусусан, январдаги трансфер бозорида Шомуродовни тўлиқ трансфер қилмоқчи бўлган жамоалар чиқди. Португалиялик мутахассис сўнгги паллада фақатгина ижара шартномасига розилик берди.

Шундай экан, Элдор Шомуродов масаласини футболчимиз Римга қайтганидан кейин Жозе Моуриньо ҳал қилиши кутилмоқда.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Элдор Шомуродов “қора рўйхат”га тушди!