22:22 / 24.06.2023
1 065

Шомуродовга қизиқаётган мураббийлар бор!

Шомуродовга қизиқаётган мураббийлар бор!

Элдор Шомуродовнинг Италиядаги фаолияти ўзбекистонлик футбол ишқибозларининг ҳеч бири бефарқ қолдирмаслиги аниқ.

2020 йилнинг октябрида Россия Премьер-лигасидан А Серияга кўчиб ўтган ўзбек футболчисининг “Женоа”даги дебют мавсуми жуда муваффақиятли чиққан эди. Ҳамюртимиз мураккаб лигада 32 та учрашувда рақиблар дарвозасини саккиз маротаба ишғол қилишни уддалади.

Унинг бу натижаси бир неча клублар, хусусан, “Ювентус” ва “Рома” клублари раҳбарияти эътиборини тортди. Элдор ўзи таниган мураббий – Жозе Моуриньо қўл остида тўп тепиш учун Рим вариантини танлади.

Охирги икки мавсум ҳужумчимизнинг фойдасига ишлади, дейиш қийин. Шомуродов пойтахт “бўрилари” орасида асосий таркибдаги жойини йўқотди. Тушунарсиз томони шундаки, Жозе Моуриньо легионеримизга етарли даражада ўйин амалиёти бермаганига яраша узоқ вақт бошқа жамоаларга ўтишига йўл қўймади. Бунинг оқибатида Элдор бир неча яхши вариантларни қўлдан чиқарди.

Охир-оқибат, Жозе Моуриньо январь ойида Шомуродовни ярим мавсумга “Специя”га ижарага ўтишига розилик берди. Тан олиш керак, Элдорнинг Италиядаги учинчи жамоадаги фаолияти ҳам кутилган даражада ёрқин бўлмади.

Энди келаси мавсум бошлангунга қадар Шомуродов фаолиятини қаерда давом эттириш масаласини ҳал қилиши керак. Италия майдонларида тўп тепган биринчи ўзбекистонлик футболчи – Илёс Зейтуллаев ўзининг издоши бўлган Шомуродовнинг А Сериядаги имкониятларига баҳо берди.

- Шомуродов келажаги борасида яхшилаб ўйлаб олиши керак. Агар “Рома” уни ўз таркибида сақлаб қолишни истамаса, Элдор унга ўйин амалиёти берадиган бошқа клуб топиши керак. Борадиган жойи топ-клуб бўлмсаслиги мумкин, лекин ҳозир энг муҳим нарса – майдонда ўтказиладиган вақт ҳисобланади. Мен унга шуни маслаҳат бераман.

Элдорнинг Италиядаги репутацияси жуда яхши. Мураббийлар, ҳамкорлар ва мухлислар Элдор ҳақида илиқ фикрларни билдирмоқда. Ҳаттоки, А Серияда ишлаётган мутахассислар орасида Шомуродовни яхши ҳужумчи сифатида қадрлайдиганлар ҳам бор.

Албатта, сен ўйнаган жамоанинг В Серияга тушиб кетгани ҳеч қандай устунлик бермаслиги ҳам бор гап. Шунга қарамай, А Сериянинг ўртамиёна жамоалари ёки юқори дивизиондаги жойини сақлаб қолиш учун курашаётган клублар келаси мавсум Элдорни “Рома”дан ижарага олиб ўйнатишни исташи аниқ. Ана шу жамоаларда Шомуродов ўзини кўрсатиши ва шу ерда фаолиятини давом эттириши мумкин.

Элдорда яхши вариантлар албатта бўлади. Элдор ақлли йигит. А Серияни тарк этишни хоҳламайди. Ҳозир лигадан кетиб бўлмайди. Италия чемпионатидан кейин Россия ёки Осиёнинг бошқа мамлакатлари лигаларига боришга ҳали улгуради, - деди Илёс Зейтуллаев.

Элдор Шомуродов 2022-2023 йилги мавсумда “Рома” ва “Специя” жамоалари таркибида барча турнирларда жами 24 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига иккитадан гол ва ассист  расмийлаштирди.

Шунингдек, 27 ёшли ҳужумчимиз якунланган мавсумда Ўзбекистон миллий терма жамоасидаги голлари сонини 37 тага етказиб, бу борада мутлақ рекорд ўрнатди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шомуродовга қизиқаётган мураббийлар бор!