12:05 / 10.07.2023
467

Бу Шоҳжаҳон Эргашевга яхши хабар!

Бу Шоҳжаҳон Эргашевга яхши хабар!

Профессионал бокснинг нуфузли йўналишларидан бири – Халқаро бокс федерацияси (IBF) супер енгил вазн тоифасида (63,5 кг) IBF чемпиони Сабриэль Матиас ва Шоҳжаҳон Эргашев жангига буйруқ бергани ҳақида хабар тарқатган эдик.

Халқаро ташкилот томонидан мазкур жанг 25 августга қадар ташкил этилиши кераклиги таъкидланган. Ҳар иккала боксчининг вакиллари музокаралар жараёнида экани хабар қилинган. Томонларга жангни ташкил қилиш бўйича келишиб олиш учун бир ой муҳлат берилган.

Енгилмас боксчимиз Шоҳжаҳон Эргашев халқаро ташкилот қарори бўйича ўтказиладиган жангга муносабат билдирган эди.

- Менинг характерим ниманидир ярим йўлда ташлаб кетишга йўл қўймайди. Мен ҳар доим ишларимни охирига етказиб қўяман, - деб ёзганди Шоҳжаҳон Эргашев истаграмдаги саҳифасида.

Аслида амалдаги чемпион Сабриэль Матиас 26 август куни ушбу вазнда чемпионлик камарига 2017-2018 йилларда эгалик қилган қозоғистонлик Сергей Липинец билан ҳимоя жангини ўтказиши керак эди. Бироқ бу тўқнашув кейинга қолдирилгани эълон қилинди.

Натижада бу вазнда рейтингда учинчи поғонани эгаллаб турган ҳамюртимизда чемпион билан рингда учрашиш имкони туғилди.

Собиқ жаҳон чемпиони Сергей Липинец бу борада ўз фикри билан ўртоқлашди.

- Бу Шоҳжаҳон Эргашев учун яхши хабар. Мен уни тарбриклайман. Титул жангига яна бир қадам яқинлашади. Менимча, бу Сабриэль Матиас учун ихтиёрий ҳимоя жанги. Агар ғалаба қозонса, кейингиси мажбурий ҳимоя жанги бўлади, - деди Сергей Липинец.

Энди IBF йўналишининг энг кучли вакиллари ҳисобланган бу уч боксчисининг рекордига назар ташлаймиз.

34 ёшли Сергей Липинец профессионал рингда 20 та жанг ўтказиб, 17 та учрашувда рақиблари устидан ғалаба қозонган. Шулардан 13 тасида муддатидан олдин ғолиб чиққан. Икки марта мағлубият аламини тотиб кўрган ва битта дуранг қайд этган.

Шоҳбаҳон Эргашевнинг бўлажак рақиби Сабриэль Матиас ўта кучли панчерлардан ҳисобланади. Пуэрто-риколик чарм қўлқоп устаси 20 та жангдан 19 тасида зафар қучган. Ғалабали жангларининг барчасини муддатидан олдин якунлаган. Матиас 2020 йилнинг февралида кутилмаганда россиялик Петрос Ананянга қарши ўтказилган баҳсда ютқазиб қўйди.

31 ёшли Матиас фаолияти давомида Жеремиас Понсе (30-0-0), Ботиржон Жукембаев (18-0-0), Малик Хокинс (18-0-0), Максим Дадашев (13-0-0) каби енгилмас боксчиларни ҳам нокаутга учратган.

Шоҳжаҳон Эргашев Липинец ва Матиасдан фарқли равишда мағлубиятсиз одимини давом эттирмоқда. 31 ёшли боксчимиз ҳозирга қадар 23 та жангни ўз фойдасига ҳал қилган. Шулардан 20 тасида муддатидан олдин ғалаба қозонган.

Эргашев профессионал фаолияти давомида Микал Фокс (19-0-0) ҳамда Сонни Фредриксон (18-0-0) каби америкалик боксчиларни илк бор рингни мағлуб тарзда тарк этишга мажбур қилган.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Бу Шоҳжаҳон Эргашевга яхши хабар!