23:18 / 05.10.2023
1 392

Файзуллаев "учди"!

Файзуллаев "учди"!

Россия Премьер-лигасининг 10-тури якунларига кўра, мутахассислар турли статистик маълумотларни таҳлил қилмоқда.

Экспертлар мазкур турда энг тез югурган футболчиларни аниқланди. Кучли бешликдан ЦСКАда ўйнаётган легионеримиз Аббосбек Файзуллаев ҳам ўрин олди.

Москва “армиячилари” ўнинчи турда ўз майдонида “Балтика” футболчиларини қабул қилди.  Бу баҳсда легионеримиз тўлиқ ўйнади. Аббос ҳар галгидек, анча фаоллик кўрсатди. ЦСКА бешта ғалабасиз ўйинидан кейин, ниҳоят уч очкони қўлга киритди.

Ушбу беллашувда Аббос Файзуллаев тезлигини ҳам намойиш этди ва бу кўрсаткич бўйича лигада иккинчи ўринни олди.

Ўнинчи турнинг энг тезкор футболчиси сифатида “Ахмат” футболчиси Камило эътироф этилди. У соатига 33,97 километр тезликда югурди.

Камилодан кейинги ўринда қайд этилган Аббосбек Файзуллаевнинг тезлиги  соатига 33,87 километрни ташкил қилди.

Кучли бешликдан “Оренбург” футболчиси Брайан Мансилья, “Динамо Москва” ҳимоячиси Роберто Фернандес ва “Зенит” ҳимоячиси Дуглас Сантос ўрин олди.

Қизиғи шундаки, тезкорлигини намойиш этган футболчиларнинг ҳаммаси легионерлардир. Камило ва Дуглас Сатон Бразилия, Аббосбек Файзуллаев Ўзбекистон, Брайан Мансилья Аргентина, Роберто Фернандес Парагвай вакилларидир.

Ўзбекистонлик футбол ишқибозлари ва шахсан Аббосбек Файзуллаевнинг мухлислари учун яна бир қизиқарли маълумотни тақдим этамиз.

ЦСКА клуби ижтимоий тармоқдаги телеграмм саҳифасида сентябрь ойининг энг яхши футболчисини аниқлаш учун сўровнома ўтказди. Унда қатнашган 30 минг нафарга яқин мухлис олти нафар ўйинчига овоз берди.

Энг кўп – 81 фоиз овозни Аббосбек Файзуллаев тўплади. Сўровномада қатнашганларнинг 7 фоизи Фёдор Чаловга, 4 фоизи Антон Заболотнийга, 3 фоизи Виктор Давила ҳамда Келлвенга, 2 фоизи Иван Обляковга овоз берган.

Август ойида “Пахтакор”дан ЦСКАга кўчиб ўтган Аббосбек Файзуллаев Россия Премьер-лигасида жами бешта учрашувда қатнашиб, биттадан гол ва ассист қайд этди.

Сентябрь ойида Аббос учта учрашувда майдонга тушди. “Крилья Советов” билан баҳсда голли пас узатиб, жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди, “Ростов”га қарши беллашувда гол уриб, ҳисобни тенглаштирди ҳамда “Балтика” билан ғалабали ўйинда тезлигини намойиш қила олди.

- ЦСКАдаги Файзуллаев каби тана тузулишига эга ўйинчиларнинг бизнинг лигамизда муваффақиятли ўйнай олишига кўпинчи шубҳа билан қарашга одатланганмиз. Россия Премьер-лигаси футболчидан жисмоний қувват ва атлетизмни талаб қилади, деган тушунча пайдо бўлиб қолган.

Мана ҳозир бўйи баланд бўлмаган, жисмонан ихчам, бироқ тезкор, мувозанатни яхши сақлай оладиган техникаси зўр  йигит пайдо бўлди. Аббос курашдан мутлақо қочмаяпти, қўрқмай яккама-якка курашларга киришяпти, гавдаси кичиклигига қарамай, ўзини курашга уряпти ва уларда ютиб чиқяпти.

Файзуллаев қўрқмас ва техникаси зўр ўйинчи экани унинг ютуғи ва бу омиллар уни чемпионатимизнинг ёрқин футболчисига айлантирди.

Аббоснинг ёши ва футболчилик сифатлари, шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси эканидан келиб чиқиб,  келажакда маҳорати ва трансфер суммаси янада ошишига салоҳияти ва имкониятлари етарлидир.

Шу ўринда, ЦСКА бу ўйинчини олиб, катта таваккал қилишдан қўрқмаганини таъкидлаш керак. Бугунги кунда Файзуллаев ўз ўйини билан бу трансферни ортиғи билан оқлаяпти, - деди россиялик футбол эксперти Александр Тильман.

Энди ЦСКА футболчилари Премьер-лига 11-турининг марказий учрашувида “Спартак” жамоаси меҳмони бўлади. Пойтахт дербиси 8 октябрь куни ўтказилади.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Файзуллаев "учди"!