Максим Шацких: "Мен легионер ва маҳаллий футболчини бир хил баҳолайман. Эронлик футболчини эса унутинг"
Сoca Cola Суперлигасининг 22-туридан ўрин олган "Пахтакор" — "Турон" учрашувидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Максим Шацких матбуот анжуманида иштирок этди.
- Ўйинни тўлиқ назорат қилдик. Биринчи бўлимнинг ўзидаёқ масалани ҳал қилдик менимча. Иккинчи бўлимда ҳам бўшашмадик ва голлар урдик. Ғалабага лойиқ ўйин намойиш этганимизни барча кўрди.
- Бугун учрашувдан аввал таркиб эълон қилинганида асосий футболчиларнинг таркибда йўқлиги бироз ҳайрон қолдирди. Бунга сабаб нима? Рақиб "Турон" эканлигими ёки бошқа қандайдур сабаби борми?
- "Турон"нинг рақиб бўлгани асосий таркибни танлашга таъсир қилмади. Терма жамоадан келган йигитларга дам беришга қарор қилдим. Улар терма сафидан қайтганидан кейин ҳали дам олишгани йўқ. Улар бир неча кун оиласи билан вақт ўтказиш ва футболдан бироз дам олишга имконият бердим. Камроқ ўйин амалиётига эга бўлаётган футболчиларга эса бугун имконият бердик ва улар ўз имкониятларидан фойдаланишди.
- Узоқ вақт кутилган ғалаба Чемпионлар лигаси баҳси олдидан жамоага руҳий туртки бўлса керак?
- Ҳа, умид қиламанки бугунги ғалаба йигитларга кўпроқ куч беради. Чемпионлар лигаси баҳсида ким майдонга тушишини билмайман, лекин бугунги ғалаба футболчиларни руҳий жиҳатдан кучайтиради.
- Дилшод Саитовнинг кучли зарбаси борлигини барчамиз билар эдик. Аммо бу мавсум Саитов узоқ масофадан гол урмаган эди, мана бугун ундан шундай гол кўрдик. Узоқдан зарба беришга сизнинг кўрсатмангиз эдими?
- Ҳа. Мен футболчилардан узоқ масофадан зарба беришларини талаб қиламан. Дилшоднинг аниқ ва кучли зарбаси борлиги ҳеч кимга сир эмас. У ўтган мавсум айнан шундай зарба билан бизни ранжитганди. Мен ундан яна шундай зарбалар беришини талаб қилиб келаётгандим. Бироқ зарбалар аниқ мўлжалга бормаётганди. Мана бугун ва нихоят у узоқ масофадан гол урди. Дилшод сен "Насаф" сафида сўнгги голингни бизга ургандинг деб унинг устидан кулаётган эдим. Бугун эса у узоқдан чиройли гол урди. Биз буни анча вақт кутдик.
- Бугун ёш футболчиларга имконият бердингиз. Айрим ёш футболчилар дебют ўйинини ўтказишди. Бироқ эронлик легионер Кушки ҳатто қайдномада ҳам йўқ эди. Бунга сабаб нима? У ҳозир қаерда? Биз уни майдонда кўрамизми?
- У ҳақида унутинг. Биз ёш футболчини синаб кўрмоқчи эдик ва келажак учун ўз сафимизга қўшиб олгандик. Унинг ўйини бизни қониқтирмади. У ҳали "Пахтакор" даражасига тайёр эмас экан. У бошқа жамоага йўл олади ва уни унутинглар. Биз уни келажак учун сотиб олган эдик, у эса биз кутган ўйинни намойиш эта олмади.
- Яъни ушбу трансфер хато бўлиб чиқдими?
- Биз унинг ўйинини кўриб олдик холос. Биз аввалдан унга катта умидлар боғламаган эдик.
- "Пахтакор"да селекция ишлари қандай олиб борилади? Ёзги трансферлар ойнасида сотиб олинган футболчилар деярли ўйин амалиётига эга бўлишмаяпти.
- Скаутлар футболчиларни топишади ва уларни ўрганиб чиқишади. Мен ҳам изланаман, аммо ўзим шаҳсан бориб кўришга вақтим йўқ. Мерк ҳали ёш футболчи ва биз уни келажагимиз учун олиб келдик. У немис футбол мактаби тарбияланувчиси ҳисобланади ва яқинда Қирғизистон миллий терма жамоасида дебют қилди. У ҳали жуда ёш, эндигина 19га тўлди. Келажакда Кими яхши футболчи бўлиб етишишига ишонаман. Сизларнинг фикрлашингизга кўра, футболчи легионер бўлса, у ўйин ҳар доим майдонда бўлиши керак. Ишонинг легионерлар ҳар доим ҳам асосий таркиб футболчиси бўлиш учун сотиб олинмайди. Легионернинг биринчи вазифаси ўйин сифатини кучайтириш. Легионерларга кўникиб кетиш учун вақт керак. Бошқа минтақа, бошқача футбол ва бошқача климат. Топ-5 жамоаларнинг барчасида захирада ўтирган легионерлар бор. Бундай ҳолат фақатгина бизда эмас. Мен ҳар доим маҳаллий ва легионер футболчиларни бир хил кўраман. Легионер бўлгани сабаб автоматик тарзда асосий таркибдан жой бўшатиб берилмайди.
- Клублар легионерларни маҳаллий футболчилардан яхшироқ бўлгани учун таркибга жалб қилишмайдими ва шу сабабдан легионерлар кўпроқ маош олишади. Легионер жамоани кучайтириш учун сотиб олинади ва шу сабабдан уларга эътибор ва талаба бир неча баравар кўпроқ бўлади.
- Фикрингиз тўғри. Легионер футболчини харид қилиш сабаби, у маҳаллий футболчилардан кўпроқ нарсага қодир бўлади. Мен ҳар бир легионер билан шартнома тузишдан аввал унга эътибор уч баравар кўпроқ бўлишини айтиб ўтаман. Легионерларнинг эски чемпионатларида даража ҳар ҳил бўлади. Кимдур собиқ жамоасида зўр ўйнаб, бизнинг сафимизга келганда йўқолиб қолиши мумкин. Бундай ҳолатлар ҳам учраб туради. Биз ҳам оддий инсонмиз ва ҳамма каби хато қиламиз.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг