Россия Премьер-лигасининг 12-туридан ўрин олган “Рубин” ва ЦСКА ўртасидаги баҳс ўзбекистонлик мухлислардан аксариятининг эътиборини қозонди.
Чунки Ўзбекистон миллий терма жамоасига номзод футболчилардан уч нафари мана шу икки жамоа ўйинчиси ҳисобланади. Умарали Раҳмоналиев ва Рустам Ашурматов жорий йил бошидан бери Қозон клуби шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Аббосбек Файзуллаев эса, августда ЦСКА сафига қўшилди ва қисқа фурсатда “армиячилар”нинг етакчисига айланди.
Бу учрашувда “ўзбек дербиси”ни кўра олмадик. Москваликлар бош мураббийи Владимир Федотов Файзуллаевни тўлиқ ўйнатган бўлса, мезбонлар устози Рашид Раҳимов ўзбекистонлик легионериларини майдонга туширмади.
Учрашувда ЦСКА ташкил қилган вазиятларнинг энг хавфлиси Аббосбек Файзуллаев иштирокида бўлди. Дастлаб, беллашувнинг 18-дақиқасида “Рубин” жарима майдончасида юзага келган вазиятда легионеримиз кучли зарба берди. Мезбонларнинг омади келиб, тўп дарвоза устинига тегиб қайтди.
Иккинчи вазиятда тўп дарвоза тўридан жой олди. Файзуллаев қийин ҳолатда турганига қарамай, жамоадоши етказиб берган тўпни рақиб дарвозасига аниқ жойлади. Бироқ ҳужум чоғида ўйиндан ташқари ҳолат қайд этилгани боис, Аббоснинг голи инобатга олинмади.
Сўнгги дақиқаларгача кураш қизғин кечган беллашувда ҳисоб очилмади ва томонлар биттадан очкони бўлишиб олди.
Ўйиндан кейин ушбу учрашувнинг энг яхши футболчиси, деб топилган Аббосбек Файзуллаев ўз фикрларини билдириб ўтди.
— Бугун ғалаба қозонишни истаган эдик. Лекин вазиятлардан унумли фойдаланишимизга нимадир етишмади.
Бизда гол уришимиз учун учта қулай вазият бўлди, бироқ гол уришни уддалай олмадик.
Энди ана шундай имкониятлардан фойдаланишни учун яна ўз устимизда ишлашни давом эттирамиз. Ғалаба қозониш учун гол уриш керак.
Дуранг натижалар сериясига нима сабаб бўлаётганини билмайман, меҳнат қилишда давом этиш шарт, - деди Аббосбек Файзуллаев.
“Пахтакор” тарбияланувчиси бўлган Аббосбек Файзуллаев август ойида ЦСКАга кўчиб ўтган эди. Орадан бир ой ўтиб, “армиячилар”нинг ҳужумларини ташкил этадиган асосий фигурага айланди. Сермаҳсул ўйини туфайли Файзуллаев охирги икки ойда тўртта индивидуал совринга эга чиқди.
20 ёшли футболчимиз ЦСКАнинг сентябрь ойидаги энг яхши футболчиси бўлди. Бундан ташқари, “Крилья Советов”, “Спартак” ва “Рубин” билан бўлган учрашувларда ҳам энг яхши футболчига аталган совринга эга чиқди.
Юқори ўринлар учун курашаётган ЦСКА Россия Премьер-лигасидаги навбатдаги учрашувини 29 октябрь куни ўз майдонида чемпионат пешқадами “Краснодар”га қарши ўтказади.
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг