Сречко Катанец: "Мен учун бундай майдонда ўйнаш футбол эмас, буни балки футзал ёки бошқа нимадир деб аташ мумкин"
ЖЧ-2026 саралаши доирасида Туркманистон термасига қарши ўйин олдидан Ўзбекистон термаси бош мураббийи Сречко Катанец ҳамда сардор Элдор Шомуродов иштирок этди.
Сречко Катанец: - Тўлиқ жамоа бўлиб биргина машғулот ўтказдик. Биласиз, Ўзбекистон терма жамоасида кўп машғулот ўтказиш учун имконият бўлмайди. Шу сабабли эртага бизни қийин учрашув кутиб турибди деса ҳам бўлади. Рақиб ҳам яхши жамоа. Умуман олганда, барча рақибларга катта ҳурмат билан қараш керак. Туркманистон термасининг бир қанча яхши футболчилари бор. Эртанги ўйинда футболчиларимдан максимал куч билан ўйнашларини талаб қиламан.
Элдор Шомуродов: - Жамоанинг атмосфераси яхши. Эртанги учрашувга барча футболчилар тайёр. Биринчи ўйин ҳеч қачон осон бўлмайди. Биламиз, Туркманистон термаси яхши жамоа. Бизга жаҳон чемпионатига чиқиш мақсади қўйилган. Шу сабабли бу ерга фақатгина ғалаба учун келганмиз.
Гуруҳ ҳақида нима ҳам дердим. Эрон - кучли терма жамоа. Улар гуруҳ фаворити ҳисобланишади. Жаҳон чемпионатига чиқиш асосий мақсад бўлганидан кейин гуруҳда биринчи ўринни олишни истаймиз. Бунинг учун бизда муносиб жамоа бор.
Сречко Катанец: - Тайёргарликда ўзгача ҳолатлар бўлмади. Доимгидек тайёрландик. Рақибнинг ўйин услубига боғланиб қолмаслигимиз, илк навбатда ўзимизнинг ўйинимизни, кучли томонларимизни кўрсата олишимиз керак. Эртага сунъий майдонда ўйнаймиз. Умуман олганда, бундай даражадаги ўйин учун бу унчалик яхши ҳолат эмас. Мен учун бу футбол эмас, шунчаки, спортнинг бошқа тури, балки, буни футзал ёки бошқа нимадир деб ҳам номласа бўлади. Бу майдонда футболчиларнинг жароҳат олиши ҳам осонлашади, шунингдек, бошқа хавф ҳам бор. Туркманистон термасининг вингерлари жуда тез, улар стандарт ҳолатларида жуда хавфли қуролга айланишади. Бу футбол, улар биринчи бўлиб гол уришлари мумкин, биз ҳам уришимиз мумкин. Саралашнинг илк ўйини барча учун жуда муҳим.
Албатта, ҳозирдан ким ўйнай олишини айта олмайман. Бироқ эртага ўзимизнинг энг яхши ўйинимизни намойиш қилишга ҳаракат қиламиз. Бунга ваъда бераман. Бу терма билан ишлаётганимга 2 йилдан ошди. Жамоани ўйинга тайёрлаш борасида ҳали муаммо бўлгани йўқ. Футболчилар доимо 100 фоиз куч билан ўйнашади. Шу боис эртага чиройли ўйин кўришимиз мумкин.
Элдор Шомуродов: - Илк навбатда соғлик тилайман, чунки бу спортчилар учун жуда муҳим. Омад ҳам ёр бўлишини тилайман. Катта футболчи бўлиб етишсин, Туркманистон термаси таркибида ўйнасин. Барчага омад тилайман.
Манба: ufa.uz
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг