Россия футболини узоқ йиллардан бери ёритиб келаётган “Спорт Экспресс” нашри ўз талқинига кўра, мавсумнинг энг яхши ўйинчисини ўзига хос услубда аниқлайди. Нашр мутахассислари ҳар бир учрашувда футболчиларнинг ҳаракатларини баҳолаб боради, тур рамзий терма жамоасини тузади ва шу асосда умумий рейтингни ташкиллаштиради.
“Спорт Экспресс” бу тажрибани 30 йилдан ортиқ вақт мобайнида қўллаб келмоқда. Бу мавсумдан эътиборан, экспертлар ҳар ҳафта умумий ҳисобда энг юқори балл тўплаган футболчилар ўнлигини эълон қилиб боришни йўлга қўйди.
Россия Премьер-лигасининг 16-тури якунларига кўра, энг яхши футболчилар рейтингининг кучли учлигида жиддий ўзгаришлар бўлди.
Амалдаги чемпион – “Зенит” илк бор мусобақа жадвалида пешқадамга айланди. Питерликларни чўққига олиб чиқаётган Вендел нашр рейтингида биринчи ўринга кўтарилди. Бразилиялик футболчи рейтингда колумбиялик жамоадоши Матео Кессьеррани иккинчи ўринга суриб қўйди.
Яна бир эътиборга молик ўзгариш Аббосбек Файзуллаев билан боғлиқ. ЦСКА футболчиси илк бор кучли учликка кирди. Бунгача ўзбек легионери бешинчи поғонада қайд этилган эди.
Рейтингдаги ўзгаришларни қуйидаги жадвалдан кўриш мумкин.
“Спорт Экспресс” мутасаддилари кучли ўнликка кирган футболчиларга қуйидагича таъриф берди:
- Вендел (“Зенит”) — 6,50 ( ўртача умумий балл)
Бразилиялик футболчи “Сочи”га қарши зўр ўйнади ва жамоасини мусобақа жадвалида биринчи ўринга олиб чиқди.
- Матео Кассьерра (“Зенит”) — 6,50
Питерликлар тўпурари бу гал жароҳат туфайли ўйинни ўтказиб юборди ва ўрнини жамоадошига бўшатиб берди.
- Аббосбек Файзуллаев (ЦСКА) — 6,40
Ўзбек легионери яна бир зўр ўйин ўтказди. Бироқ унинг голи ва ассисти ЦСКАнинг бир очко олишига ҳам етарли бўлмади.
- Эдуард Сперцян (“Краснодар”) — 6,34
“Краснодар” Екатеринбургда “Урал”дан мағлуб бўлди. Жамоасига ёрдам бера олмаган Сперцян “Спорт Экспресс” рейтингидаги учинчи поғонани Аббосбек Файзуллаевга бой берди.
- Бенхамин Гарре (“Крилья Советов”) — 6,31
Унинг биттадан голи ва ассисти “Локомотив”дан бир очко тортиб олишга етарли бўлди.
- Жон Кордоба (“Краснодар”) — 6,28
“Урал”га қарши ўйинни зўр бошлаб, охирида ҳаммасини расво қилди. Ҳисобни очган футболчи ҳакамни ҳақорат қилгани учун майдондан ҳайдалди.
- Клаудиньо (“Зенит”) — 6,28
Кутилган даражада фаол ўйнай олмади, лекин жамоаси ғалаба қозонди.
- Антон Заболотний (ЦСКА) — 6,23
Бир неча бор бошланғич таркибга кирмай қолган ва узоқ вақтдан бери гол ура олмаётган Антонга рақиб дарвозасини тўп киритишида Файзуллаев ёрдам бериб юборди.
- Максим Осипенко (“Ростов”) — 6,22
Ҳимоячи бўлишига қарамай, кетма-кет учинчи учрашувда гол уряпти. Унинг ягона голи ростовликларга уч очко келтирди.
- Дуглас Сантос (“Зенит”) — 6,21
Жамоа сардори барқарор ўйин кўрсатмоқда. “Сочи” билан ўйинда ғалаба голига тўпни айнан у ошириб берди.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг