13:02 / 28.06.2024
204

Асадхўжа Мўйдинхўжаевнинг Париждаги асосий рақиблари

Асадхўжа Мўйдинхўжаевнинг Париждаги асосий рақиблари
Париж Олимпиадасига йўл олган боксчиларимизнинг тўрт йилликнинг энг муҳим турниридаги асосий рақобатчилари ҳақидаги маълумотларни беришда давом этамиз. бу сафар -71 кг вазнда юртимиз шарафини ҳимоя қилувчи Асадхўжа Мўйдинхўжаевнинг эҳтимолий ва асосий рақиблари ҳақида сўз юритамиз.

Севон Оказава - Япония

- Япониялик ўзгача боксчи... Оказава барчамизга яхши таниш у Белградда -67 кг вазн тоифасида жаҳон чемпионлигини қўлга киритган. Оказава Белградда Асадхўжани мағлуб қилганди. Бироз ёқимсизроқ бокс кўрсатадиган Оказава билан ўшанда юртдошимиз яхши жанг қилганди. Лекин тан олиш керакки япон боксчиси анчагина тезкор ва рингни ҳис қилиш қобилияти жуда кучли саналади. Оказава юртимизга ҳам ташриф буюрган ва ўқув машғулотларида иштирок этган. Шунингдек, ўзбекистонлик мутахассис Владимир Шин қўл остида машғулотлар олиб бораётганлигини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Ханчжоуда ўтган сўнги Осиё ўйинларида у -71 кг вазнда чемпион бўлганлиги ҳам унинг юқори жисмоний ҳолатда эканлигини кўрсатади. Хуллас, Асадхўжанинг эҳтимолий ва асосий рақибларидан бири саналади. Ўйлаймизки, Асадхўжа муносиб реванш олади.

Асланбек Шимбергенов - Қозоғистон

- Ҳа, катта ном ва ажойиб боксчи. Қозоғистонликлар сардорининг қандай маҳоратга эга эканлигини ўзбекистонлик мухлислар ҳам яхши билишади. Қўллари узун, ҳар икки қўлда бирдек зарба йўллай олади. Зарбалари ҳам оғир. Шунингдек, унинг яна бир устун жиҳати у узоқ йиллардан бери -69 ва -71 кг вазнда иштирок этиб келмоқда. Унинг асосий рақобатчилари эса -67 кгдан вазн кўтаришди. Албатта, бу нисбий тушунча... Хуллас, кучли рақиб. Асадхўжа билан у ҳам жанг қилган ва натижани яхши эслайсиз. 3-раундда Шимбергенов ғалабани илиб кетганди. Ваҳоланки, бунгача юртдошимиз яхши ҳаракат қилганди. Лекин тезлик борасида Асадхўжа ундан устунроқ, техника жиҳатдан ҳам яхшироқ назаримда. Кўрамиз, ҳамюртимиз агар Парижда у билан дуч келса, мағлубият учун муносиб реванш олади, деган умиддамиз!

Омари Жонс - АҚШ

- Омарини ҳам асосий рақиблар сифатида кўриш мумкин. Яхши даражадаги боксчи саналади. 2021 йил -67 кг вазнда айнан Оказавага имкониятни бой бериб, жаҳон чемпионати кумуш медалини қўлга киритганди. Технар боксчи, оёқда ҳам ажойиб ҳаракатланади. Асосий зарбани ўнг қўлда йўллайди. Асосан 2-рақамда ҳаракат қилишни хуш кўради. Қарши ҳужумда фойдали иш коэффициенти кўпроқ. Бир сўз билан айтганда исталган боксчига бошоғриқ бўла олади.

Шубҳасиз, бу шахсий фикрлар... Аслида ким турнирга яхши жисмоний ҳолатда етиб борса, ўша энг хавфли рақиб бўлади. Биз эса Асадхўжага омад тилаймиз!

Аҳмадбек ЭШМАТОВ тайёрлади

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Асадхўжа Мўйдинхўжаевнинг Париждаги асосий рақиблари