21:08 / 01.08.2024
342

Кроуфорд аввал Мадримовни мақтаб, кейин катта гапириб қўйди

Кроуфорд аввал Мадримовни мақтаб, кейин катта гапириб қўйди
Профессионал бокс олами вакиллари, бокс ишқибозлари 3 август куни америкалик Теренс Кроуфорд ва ўзбекистонлик Исроил Мадримов ўртасидаги супертўқнашувни кутмоқда.

Исроил ўз фаолиятидаги энг катта жангида шу йилнинг 8 март куни қўлга киритган WBA жаҳон чемпионлиги камарини енгилмас боксчи Теренс Кроуфорддан ҳимоя қилади.

Мадримов профессионал боксдаги жаҳон чемпионлиги камарини россиялик Магомед Курбанов билан бўлган жангда ўзиники қилиб олганди. Тажрибали боксчимиз 12 раундга мўлжалланган чемпионлик жангида кетма-кет 25 та баҳсни ўз фойдасига ҳал қилган Магомед Курбановни бешинчи раунддаёқ нокаут қилганди.

Лос-Анжелесда бўладиган нуфузли бокс кечасида Исроил ва Теренс тўқнашувида WBA World Super Welter камаридан ташқари яна бир соврин – WBO йўналиши бўйича вақтинчалик чемпионлик камари ҳам ўйналади.

Ўрта вазннинг енгилмас чемпиони Кроуфорд баҳсдан олдин ўзбек боксчига катта баҳо берди.

- Исроил Мадримов — ажойиб жангчи. Унинг ҳисобида ўнта ғалаба бор ва у жаҳон чемпиони. Исроил кучли ва хавфли рақиб. Ҳаммани зўр жанг кутяпти.

Мадримов — жуда кучли ва айёр боксчи. У бокс тушишни ҳам, муштлашишни ҳам яхши билади. Зарбани кўтара олади. Мана нима учун бу жанг жуда зўр бўлади.

Мен рақиб жиддий шуғулланаётганини, мураббийлари уни энг яхши даражасига олиб чиқишга ҳаракат қилаётганини биламан. Мадримов мени ўзим эгаллаб турган чўққидан суриб юбориш учун қўлидан келганини қилади.

Исроил менда бор нарсалар – шону шараф, эътирофу эҳтиром, рейтингдаги пешқадамликка эга чиқишни истайди. Бу йигит мен турган жаҳон бокси чўққисида бўлишни хоҳлаяпти. Мен Исроилни бу вазндаги энг зўр жангчи, деб биламан.

Ўзимга келсак, мен аввалдан бери шу чўққидаман. Ҳеч қандай янгилик йўқ. Бунақа вазиятларни қандай ҳал қилишни яхши биламан. Мадримов типидаги йигитлар билан муштлашишни ҳам биламан.

Яхшиси, жангга келинг, мен сизларга нега коинотнинг энг зўр жангчиси эканимни яна бир бор кўрсатиб қўяман
, - деди Теренс Кроуфорд.

Эслатиб ўтамиз, Теренс Кроуфорд профессионал рингда 40 та жанг ўтказиб, барчасида зафар қучган. Шулардан 31 та жангда рақибларини нокаутга учратган.

Исроил Мадримов эса, профессионаллар орасида ўнта жангда ғалаба қозонган, еттита нокаут қайд этган ва бир марта дурангга эришган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Кроуфорд аввал Мадримовни мақтаб, кейин катта гапириб қўйди