152
Саидазамат Мирсаидов: "Менимча, гуруҳдан чиққанимизда биз ҳам ярим финалгача етиб борардик"
Хабарингиз бор,”Навбаҳор” ёзги трансфер “дарчаси”да ўз сафига бир қатор футболчиларни қўшиб олди. Улар орасида маҳоратли ҳимоячи Саидазамат Мирсаидов ҳам бор.
Ўзбекистон – U-23 олимпия терма жамоамиз таркибида “Париж-2024” Олимпиадасида қатнашиб, юртимизга қайтиб келган 23 ёшли футболчи “лочинлар”нинг сафидаги машғулотларда ҳам қатнашди.
Жамоанинг навбатдаги машғулоти якунига етгач, Саидазамат Мирсаидовдан интервью олиб, унга ўзимизни қизиқтирган бир неча саволлар билан мурожаат қилдик. Қуйида мазкур суҳбатни эътиборингизга ҳавола этяпмиз.
– Ассалому алайкум! Саидазамат, аввало “Навбаҳор” жамоасига хуш келибсиз!
– Ваалайкум ассалом! Раҳмат!
– “Навбаҳор”га ўтишингиз қандай содир бўлди? Жамоага сизни ким таклиф қилди?
– “Навбаҳор” клубидан менга жорий йил бошидан қизиқиш бор эди. Ўзимда ҳам мазкур жамоадан таклиф бўлгач, “Навбаҳор”да ўйнашга қизиқиш уйғонди. Боиси, клуб ўз олдига юксак мақсад, яъни, чемпионлик унвони қўлга киритиш мақсадини қўйганди. Биринчи давра баҳслари якунланиб, давралар оралиғидаги танаффус юзага келгач, клуб вице-президенти Отабек Арифович Саматовнинг таклифига биноан, жамоа таркибига қўшилдим.
– Жамоа сафига қўшилиб, машғулотларда ҳам қатнашишга улгурдингиз. Дастлабки таассуротлар қандай?
– “Навбаҳор”да мени яхши кутиб олишди. Жамоада ички муҳит ҳам аъло даражада экан. Таркибга яқинда кўшилган бўлсам ҳам, ўзимни яхши ҳис қиляпман. Машғулотлар аъло даражада ва қизиқарли тарзда кечмоқда.
– Жамоага мослашиш қийин кечмаяптими?
– Йўқ. Сабаби, таркибдаги деярли барча футболчилар менинг футболдаги акаларим десам, муболаға бўлмайди. Айримлари билан бирга тўп тепган бўлсам, баъзилари билан терма жамоада бирга машғулотлар олиб борганман. Улар менга жамоага мослашиш жараёнида ёрдам беришмоқда.
– “Париж-2024” Олимпиадаси таассуротлари билан ўртоқлашсангиз...
– Олимпиадада кутилган натижага эриша олмадик. Бунинг эса ўзига хос объектив ҳамда субъектив сабаблари бор. Жумладан, ташкилотчиликда ҳам камчиликлар етарлича бўлди. Ҳар куни қийинчиликка дуч келдик, Ўн беш дақиқалик йўлга бир соатда етиб борар эдик, шунингдек, таомларга ҳам мослашиш қийин бўлди.
– Олимпиадада ижобий натижа қайд этиб, “плей-офф” баҳсларига йўлланмани қўлга киритишингларга кўпчилик ишонганди. Аммо гуруҳ босқичи ўйинлари олимпиячиларимиз учун омадсиз якунланди. Сизнингча, яхши натижага эришиш учун жамоага нима етишмади, деб ўйлайсиз?
– Терма жамоамиз кучли гуруҳдан жой олди. Гуруҳимиздаги жамоаларнинг ярим финалгача етиб борганлиги буни исботлаб турибди. Бу уларнинг қандай кучга эга эканлигидан далолат. Биз ҳам рақибларга қарши тенгма – тенг кураш олиб бордик. Фақат ҳужумлар ўз якунига етмади. Менимча, жамоамиз ҳам гуруҳдан чиқишни уддалаганида, ўйлайманки, биз ҳам ярим финалгача етиб борар эдик. Аммо тақдир экан, гуруҳ босқичидан кейин, мусобақани якунлашга мажбур бўлдик.
– “Навбаҳор”нинг Ўзбекистон кубоги ва Суперлигадаги имкониятларини қандай баҳолайсиз?
– Жамоа таркибидан яхши футболчилар жой олишган. “Навбаҳор” клубида футболни тушунадиган, севадиган раҳбарлар фаолият олиб боришади. Раҳбарият томонидан жамоанинг ижобий натижаси учун ҳамма шароитлар яратиб берилган. Мураббийлар штабидан ҳам яхши мутахассислар ўрин олишган. Яна бир аҳамиятли томони, “Навбаҳор” мухлислари ҳам футболни севишади, ҳатто машғулотларга ҳам келиб, футболчиларни олқишлаб туришар экан.
Менимча, шундай шароит ва муҳитга яраша, Ўзбекистон кубогини қўлга киритишимиз зарур. “Навбаҳор”га соврин ютиш учун келганман. Худо хоҳласа, ушбу ниятим амалга ошади.
– Сўнгги сўз ўрнида фикрларингиз...
– “Навбаҳор” жамоаси аъзолари ҳамда мухлисларига мени илиқ тарзда кутиб олишгани ва қўллаб-қувватлаб туришгани учун ўз миннатдорчилигимни билдираман. Айниқса, ишқибозларга шунчалик футболни севиб, жамоага келганимнинг илк куниданоқ ишонч билдиришгани учун катта раҳмат айтаман. Бундай мухлислар ғалабаларга лойиқлар. Шу боис, биз чиройли ўйинларимиз билан уларни хурсанд қилишни ният қилганмиз. Мақсадимизни амалга ошириш учун қўлимиздан келганича ҳаракат қиламиз.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?