Фото: Getty images
Жазоирлик боксчи Иман Ҳелиф 9 август куни хитойлик рақиби Ян Люни мағлуб этиб, 66 килограммгача бўлган вазн тоифасида Олимпиада олдин медалини қўлга киритди.
Ҳелиф Парижда ўтказилаётган Олимпиада ўйинларидаги тўртинчи жанги учун рингга чиққанида томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди. Жазоир байроқлари бутун арена бўйлаб илиб ташланган эди.
Биринчи раундда иккала боксчи ҳам эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилди, аммо Ҳелиф устунликни қўлдан бой бермади ва бир овоздан ҳакамлар раундни унинг фойдасига берди. Иккинчи раундда ҳам жанг шундай давом этди, жазоирлик боксчининг кучли зарбаси Янга имконият қолдирмади. Ҳелиф ҳисоб бўйича яққол устунликка эришиб, учинчи раундда ҳам пешқадамликни қўлдан бой бермади.
«Мен жуда бахтлиман. Бу менинг саккиз йиллик орзум эди ва энди мен Олимпиада чемпиони ҳамда олтин медаль соҳибасиман. Саккиз йил меҳнат қилдим, уйқусизлик, саккиз йиллик чарчоқ. Энди Олимпиада чемпиониман. Мени қўллаб-қувватлаш учун келган барчага миннатдорчилик билдирмоқчман», — дейди у.
Ҳелиф дастлабки жангда италиялик боксчи Анжела Каринини бор-йўғи 46 сонияда мағлуб этиб, бутун дунё эътиборини қозонган эди. Эркаклик гормони бўлган тестостерон даражаси ошиб кетганида айбланган 25 ёшли спортчи бутун дунёдаги ўнг сиёсатчилар ва феминисткаларнинг танқидлари остида қолди. Улар ижтимоий тармоқларда Ҳелифга нафрат тўлқинини ёғдирди.
Шунингдек, аёллар боксида -57 кг вазн тоифасида рингга кўтарилган ва Ҳелиф сингари «тестостерони юқори экани» ҳақидаги хабарлардан сўнг турнирнинг энг суйилмаган боксчиларидан бирига айланган Ю Тинг Лин ҳам Олимпиада чемпионига айланди. 10 август оқшомидаги финалда Хитой Тайпейи вакили полшалик Юлия Шереметага қарши жанг қилиб, олтин медалга эга чиқди. Лин чоракфиналда Ситора Турдибековани мағлуб этгач, ўзбекистонлик боксчи жангдан кейин кўз ёшини тия олмай, рақибига қўл беришни рад этганди.
Жазоирлик Ҳелиф ва тайванлик Ю Тинг Лин 2023 йилда «тиббий сабаб»га кўра, Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) томонидан дисквалификация қилинган. Аммо ХОҚ ва IBA ўртасидаги можаро туфайли боксчиларга 2024 йилги олимпия ўйинларида иштирок этишга рухсат бериш билан махсус комиссия шуғулланди, у эса ушбу спортчиларни четлатиш учун сабаб топмади. «Иккиси ҳам қабул қилиш қоидаларига ва барча тиббий кўрсаткичларга мос келади, — дейилади ХОҚ пресс-релизида. — Ушбу икки спортчига қарши қаратилган бундай тажовуз тўлиғича IBA қарорига асосланган, қайсики тегишли процедураларсиз қабул қилинган қарорга. Ҳолбуки бу спортчилар бунга қадар кўп йиллар мобайнида юқори даражадаги мусобақаларда иштирок этиб келишган».
Жорий ҳафта бошида CNTV телеканалига берган интервьюсида Ҳелиф «Олимпия хартиясига асосан барчани спортчиларни ҳақоратлашдан тийилишга» чақирди.
«Бу одамларни йўқ қилиб юбориши, инсон фикри, руҳи ва тафаккурини ўлдириши мумкин», — дейди у Карини билан жанги оқибатини енгиб ўтиш осон кечмаганини қўшимча қилиб.
Халқаро олимпия қўмитаси вакили Марк Адамс Карини билан жангдан кейин ўтказилган матбуот-анжуманида Ҳелифнинг Олимпиада ўйинларидаги иштироки бўйича ҳимояга чиқиб, унинг «қиз бола бўлиб туғилгани, аёл киши сифатида рўйхатдан ўтгани, бутун ҳаётини аёл киши сифатида яшагани, аёл сифатида бокс билан шуғуллангани ва паспортида ҳам аёл киши экани ёзилганини» билдирди.
Ҳелиф Жазоирнинг аёллар бокси бўйича биринчи Олимпия чемпиони ва 1996 йилдан бери олтин медални қўлга киритган биринчи аёл боксчидир.
«Мен квалификациядан ўтаманми ёки йўқ, аёлманми ёки йўқ, бу борада ОАВда кўплаб баёнот бердим. Мен ушбу беллашувларда иштирок этиш учун тўлиқ квалификациядан ўтганман. Мен аёл кишиман, худди бошқа аёллар каби. Аёл бўлиб туғилганман, аёл бўлиб яшаганман, аёл сифатида беллашдим, бу борада ҳеч қандай шубҳа йўқ — мен уларни муваффақиятнинг душмани деб атайман. Ва бу ҳужумлар менинг муваффақиятимга ўзига хослик бағишлайди», — дейди Ҳелиф.
Жазоирликлар Ҳелифни тўлиқ қўллаб-қувватлади, ҳатто «Манчестер Сити»нинг собиқ яримҳимоячиси Риёд Маҳрез ҳам унинг Олимпиададаги иштирокига муваффақият тилаган. Сўнгги 10 кун ичида Ҳелифнинг Instagram’даги обуначилари 10 баробарга ошиб кетди — 150 мингдан 1,6 миллионга чиқди.
Ҳелиф 2018-2020 йиллар давомида Жаҳон чемпионатларининг дастлабки босқичларидаёқ чиқиб кетган. Токио Олимпиадасидаги дебютида эса чоракфиналга қадар етиб борган. 2022 йилда жазоирлик аёл Жаҳон чемпионатида иккинчи ўринни эгаллаган, 2023 йилда эса финалга қадар етиб борган, бироқ жанг куни унинг иштироки бекор қилинганди. Ўшанда у Ян Лю билан жанг қилиши керак эди.
«Олимпиада — менинг қадр-қимматим учун курашдир. Ушбу медаль узоқ йиллик меҳнатдан кейин келади. Бу мукофот мамлакатим, барча араб давлатлариники. Мен ғалабамни Жазоирга, жазоирлик аёлларга ва Жазоир боксига бағишлайман», — дейди Иман Ҳалиф. “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Суперлига. ОКМК сафарда "Пахтакор"ни мағлуб этди ва 11 йиллик қора анъанага чек қўйди
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди