13:18 / 14.10.2024
54

Жаъфар Ирисметов: "Ҳозир терма жамоанинг ўйинини яхши ёки ёмон дейдиган пайт эмас"

Жаъфар Ирисметов: "Ҳозир терма жамоанинг ўйинини яхши ёки ёмон дейдиган пайт эмас"
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионати саралаш босқичининг тўртинчи турида ўз майдонида БААни қабул қилади.

Муҳимлилик даражаси юқори ҳисобланган мазкур баҳс кўпчиликда турли тахмин ва фикрларни келтириб чиқармоқда. Биз бу беллашув олдидан Ўзбекистон терма жамоаси собиқ футболчиси ва мутахассис Жаъфар Ирисметовнинг фикрлари билан қизиқдик.

"Эрон билан учрашувда рақибнинг маҳорати кўринди дейиш мумкин. Улар бир киши кам бўлса ҳам устунликка эга чиқди. Йигитлар натижа учун ўйнашди ва қисман уддалашди. Ғалаба қозонилганида ундан ҳам зўр бўлар эди. 3 та ўйинда қандайдир аниқ танланган ўйин кўраётганимиз йўқ, аммо натижа келяпти. Аввал ёмон ўйнаб натижа қилиш деган гап оммалашганди. Ҳозир яна шу даврга ўхшамоқда. Натижага ўйналмоқда ва бундан хурсандмиз.

БААнинг ҳужум чизиғи кучайгани легионерлар билан боғлиқ деб ўйлайман. Рақибнинг битта Эронга қарши учрашувини кузатдим ва заиф нуқтаси ҳимоя эканлиги эътиборимни тортди. Иккинчи зонада ўтирган ҳолда ҳужумга ўтиш тўғрироқ бўлади. Ўйинда устунлик ҳисобига қийналишимиз мумкин. Қарши ҳужумда гол уриб олингач натижага ўйналади. Ҳозир терма жамоанинг ўйинини яхши ёки ёмон дейдиган пайт эмас. Айни вақтда натижа керак.

Тўғри, Шомуродов даражасидаги ҳужумчиларимиз йўқ. Шу боис унга боғланиб қолганмиз. Қанотларда ўйинчиларимиз бор. Шомуродовдан кейин терма жамоани кучайтирадиган ҳужумчи кўрмаяпман. Ички чемпионатимизда 6 йилдан бери Драган Чераннинг тўпурар бўлаётгани мисол. Ҳозир Шомуродов борлигига муаммоларимиз ечилиб турибди. Аммо захирада бундай даражадаги форвард йўқ. 5-6 йил ичида бундай ўйинчи яна чиқиши катта сўроқ остида. Қуйи ёш тоифаларидаги жамоаларда ҳам буни кўрмадим.

Насиб қилса, чиқиб қолар. Ҳужум чизиғида Аббос Файзуллаев, Жалолиддин Машарипов, Остон Ўрунов бор. Яққол ҳужумчи муаммоимиз бўлиб турибди. Бу ҳақида кўп гапирганман, балки ҳеч ким эшитгиси келмас. Бунинг ечими ҳар бир жамоада ҳужумчи билан ишлайдиган мураббийнинг етишмаслиги деб ўйлайман",- дейди Жафар Ирисметов.

Ўзбекистон, Миллий терма жамоа, Жаҳон чемпионати, Саралаш босқичи

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Жаъфар Ирисметов: "Ҳозир терма жамоанинг ўйинини яхши ёки ёмон дейдиган пайт эмас"