17:28 / 07.11.2024
232

Ҳусановга яхши янгиликдан кейин хунук хабар келди...

Ҳусановга яхши янгиликдан кейин хунук хабар келди...
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов ва унинг мухлислари яхши янгиликни нишонлаётган вақтда Франция Профессионал футбол лигаси Тартиб-интизом қўмитаси ҳам санкциялар рўйхатини эълон қилди.

Гап шундаки, Абдуқодир Ҳусанов Франция чемпионатининг октябрь ойидаги энг яхши ёш футболчисини аниқлаш бўйича ўтказилган сўровномада барча рақибларини катта устунлик билан ортда қолдириб ғолиб чиққан эди.

Бундан ташқари, “Ланс” мухлислари 20 ёшли легионеримизни сентябрь ойидан кейин октябрда ҳам жамоанинг энг яхши футболчиси, деб топди.

Абдуқодир Ҳусанов ПСЖ билан бўлган ўнинчи тур учрашувига деярли барча беллашувларда “Ланс”нинг энг яхши ўйинчиси сифатида эътироф этиб келинди. Амалдаги чемпионга қарши Парижда ўтказилган беллашувда ҳамюртимиз антиқаҳрамонга айланиб қолди.

Ҳусанов ўша баҳсда ПСЖнинг қимматбаҳо юлдузларини аяб ўтирмади ва уларга нисбатан кескин, айрим ҳолларда қўпол ўйнади. Бунинг оқибатида 59-дақиқада ўзбек футболчисининг рақиб ҳимоячиси Ашраф Ҳакимига ишлатган подкати ўта хавфли деб топилди ва Абдуқодир Майдондан четлатилди.

Тартиб-интизом қўмитасининг Абдуқодир Ҳусанов бўйича якуний қарорини Франция футболини ёритиб келаётган барча манбалар тарқатди.

LEQUIPE.FR:
Чемпионатнинг октябрь ойидаги энг яхши ёш ўйинчиси, деб топилган Абдуқодир Ҳусанов хунук хабар олди. Ўзбек ҳимоячиси “Ланс” ПСЖга ютқазган учрашувда Ашраф Ҳакимига ишлатган қўпол ҳаракати учун жиддий дисквалификация олди.

Энди Уилл Стилл етакчи ҳимоячисининг ўрнини боса оладиган бошқа футболчи топиши ва вазиятдан чиқиш йўлини қидириши лозим.

PIERROTLEFOOT.COM:
Франция профессионал футбол лигаси (LFP) миллий чемпинатнинг бир неча ўйинчилари ва мураббийларига нисбатан навбатдаги санкцияларни эълон қилди.

Ўйинчилар орасидан “Ланс” ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов ПСЖ вакили Ашраф Ҳакимига қўллаган подкати учун икки ўйинга четлатилди. Унинг ҳаракати рақиб саломатлигига зиён етказиши мумкин бўлган даражада хавфли, деб топилди.

LEPHOCEEN.FR:
“Ланс” муҳим ўйинлар олдидан катта йўқотишларга дуч келди. Франция профессионал футбол лигаси Тартиб-интизом қўмитаси қарорига кўра, ПСЖ билан ўйинда майдондан четлатилган Абдуқодир Ҳусанов 9 ноябрь куни “Нант” ва 23 ноябрда “Марсель” жамоаларига қарши учрашувларни ўтказиб юбориши тасдиқланди.

NEWS.DAYFR.COM:
“Ланс”нинг универсал ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов дисквалификация туфайли кейинги икки турда “Нант” ва “Марсель”га қарши беллашувларни ўтказиб юборишга мажбур бўлади.

Бундан ташқари, ҳимоячи Жонатан Градит охирги 10 та учрашувдаги сариқ карточкалари сони учтага етгани боис, “Марсель” билан бўладиган баҳсда иштирок этмайди. Худди шу сабаб туфайли Мбала Нзола “Нант” билан ўйинда қатнаша олмайди.

ПСЖ билан ўйинда ҳиссиётларини бошқара олмай, бош ҳакам томонидан жазоланган бош мураббий Уилл Стилл ҳам “Марсель” билан бўладиган тўқнашувда жамоасини масофадан бошқаришига туғри келади.

FOOT-SUR7.FR:
Абдуқодир Ҳусанов ПСЖ билан ўйинда майдондан четлатилгани учун энди уни қандай жазо кутиб турганини билиб олди.

Ўзбек футболчисининг икки ўйинлик дисквалификацияси “Ланс” учун жуда оғир зарба. Тартиб-интизом қўмитасининг қарори туфайли лансликлар бўлажак учрашувларда жамоанинг энг муҳим фигураларидан бири хизматидан фойдалана олмайди.

Мавсум кашфиёти бўлган ёш ҳимоячи “Нант” ва “Марсель”га қарши учрашувларда Европа кубокларга чиқиш учун курашаётган “Ланс”га ёрдам беролмаслиги тасдиқланди. Энди бош мураббий Уилл Стилл ҳимоя чизиғи барқарорлигини таъминлаб турган Ҳусановнинг ўрнини билдирмайдиган ечим топиши керак.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ҳусановга яхши янгиликдан кейин хунук хабар келди...