19:40 / 02.12.2024
15

Олимпия шаҳарчаси белгиланган муддатда якунланмаслиги сабабли Ўзбекистон мезбонликдан воз кечгани айтилди

Олимпия шаҳарчаси белгиланган муддатда якунланмаслиги сабабли Ўзбекистон мезбонликдан воз кечгани айтилди
Фото: Миллий Олимпия қўмитаси
Осиё Олимпия Кенгаши (ООК) ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинлари-2025 мезбонлиги Ўзбекистондан олиб қўйилгани сабабини расман маълум қилди.

Ташкилот хабарида келтирилишича, Ўзбекистон Тошкент-2025 Олимпия шаҳарчаси қурилишини белгиланган муддатда якунлай олмаслигини маълум қилиб, Осиё Ўйинлари стартига 9 ой вақт қолганда мезбонликдан воз кечган.

«Бугун, 2 декабр душанба куни ООК Ижроия қўмитасининг онлайн йиғилишида Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси мактуб йўллагани маълум қилинди. Унда Тошкентдаги Олимпия шаҳарчаси қурилиши белгиланган муддатда якунланмаслиги сабабли, 2025 йил сентябр ойида ўтказилиши режалаштирилган ўйинларга мезбонлик қила олмасликлари билдирилган», - дейилади хабарда.

Йиғилишда ООК бош директори Ҳусайн Ал-Мусаллам 2025 йилги ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинлари Сенегалда ўтадиган 2026 йилги Ёшлар ўртасидаги Олимпия ўйинлари билан ёш чегаралари ва саралаш қоидалари бўйича ўзаро боғлиқлиги сабабли бу ўйинларни кечиктириш мумкин эмаслигини маълум қилди.

Баҳрайн Олимпия қўмитаси спорт иншоотлари, турар жой ва тиббий хизматлар масаласида 2025 йилги ўйинларга тайёр эканлигини билдирди. Баҳрайн Олимпия қўмитаси Бош котиби Фарис Ал-Куҳейжий ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинлари-2025га мамлакат раҳбарияти, хусусан, Баҳрайн Олимпия қўмитаси Президенти Шайх Холид бин Ҳамад Ал-Халифа томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланишини маълум қилди.

Шу тариқа, Осиё Олимпия Кенгаши Ижроия қўмитаси 2025 йилги ёшлар ўртасидаги Осиё Ўйинларини Баҳрайнда ўтказилишини бир овоздан маъқуллади. Ўз ўрнида ташкилот Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасига ушбу йирик мусобақа учун сармоя ва қилинган харажатлар учун миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, Ўзбекистон келгусида йирик мусобақаларга мезбонлик қилиш имконига эга бўлишини таъкидлади.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ва «Тошкент-2025» Осиё ўйинлари дирекцияси директори Ойбек Касимов Осиё Олимпия кенгашининг бу қарорига ҳозирча расмий муносабат билдиргани йўқ.

Маълумот учун, биринчи ёшлар ўртасида ёзги Осиё ўйинлари 2009 йилда Сингапурда, 2013 йилда Нанкин (Хитой), 2017 йилда Хамбантотада (Шри-Ланка), ўтказилган бўлса, 2021 йилда Шантау (Хитой), 2025 йилда Тошкентда ўтказилиши белгиланганди.
Эслатиб ўтамиз, 2030 йилги Осиё ўйинлари мезбонлиги учун Ўзбекистоннинг Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари ҳам даъвогарлик қилиши режалаштирилган эди. Аммо Ўзбекистон 2030 йилги Осиё ўйинлари мезбонлиги учун ариза топширмаганди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Олимпия шаҳарчаси белгиланган муддатда якунланмаслиги сабабли Ўзбекистон мезбонликдан воз кечгани айтилди