
Ўтган йили Элдор Шомуродов билан бирга “Кальяри”ни юқори дивизионда олиб қолганидан кейин Клаудио Раньери нафақага чиқиб кетган эди. Бироқ қадрдон жамоаси “Рома”нинг қийин аҳволга тушиб қолганини ҳазм қила олмаган 73 ёшли мутахассис яна бош мураббийлик фаолиятига қайтди.
Раньери қисқа фурсатда “Рома”ни кучли жамоага айлантира олди. Тажрибали мутахассис аввалги мураббийлар ишонч билдирмаган ўйинчилардан ҳам унумли фойдаланмоқда. “Бўрилар” унинг қўл остида енгилмас жамоага айланиб бормоқда.
“Рома” 2025 йилда бирорта учрашувни бой бергани йўқ. Бунинг самараси ўлароқ, пойтахтликлар А Серияда юқори ўринлар учун курашмоқда. Халқаро миқёсда Европа лигаси бош соврини учун даъвогарлик қиляпти.
Европа лигаси нимчорак финал биринчи учрашувида римликлар Бильбаонинг “Атлетик” жамоасини 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Кескин ва муросасиз ўтган беллашувда Анжелино ва Элдор Шомуродов томонидан киритилган тўплар римликларга муҳим ғалаба келтирди.
Беллашувдан кейин Клаудио Раньери ўз фикр мулоҳазаларини билдириб ўтди ва учрашув қаҳрамони Элдор Шомуродовнинг ўйинини ҳам баҳолади.
- Асосий ғоя – ўйиндан олдин уни қандай ўтказиш бўйича кўпроқ вариантларга эга бўлишдан иборат. Сиз воқеалар ривожининг ижобий ва салбий томонга оғишини инобатга олиш, майдондаги йигитларга ёрдам беришга тайёр бўлишингиз лозим.
Бу жуда қийин учрашув бўлди. Жавоб ўйини ҳам худди шу тарзда кечади. Биз рақибнинг кучини яхши биламиз. Шу билан бирга ўзимиз нималарга қодирлигимизни унутмаймиз. Ҳар бир тўп учун охиригача курашамиз. Жавоб ўйини олдидан ҳар икки жамоанинг имконияти тенг.
Бош мураббий учун энг муҳим нарса – ўз ўйинчиларида ишончни уйғотиш, деб ўйлайман. Ҳамма хато қилади, мураббий ҳам, ўйинчилар ҳам. Бунинг оқибатида футболчиларда ўзига бўлган ишонч сусаяди. Бу яхшиликка олиб келмайди. Шогирдларим камчиликларини бартараф этиб, хотиржам ўйнаши ва жамоага ёрдам бериши лозим. Мен уларга хатоларни бартараф этиш йўлларини кўрсатаман, биргаликда муаммолар ечимини излаймиз.
Биз шу йўлдан кетишда давом этамиз. Сиз ютишингиз ҳам, ютқазишингиз ҳам мумкин. Лекин жамоа ҳар қандай ҳолатда охиригача курашиши шарт. Менинг фалсафам шунақа. Одам ўзи амалга ошираётган иш ижобий самара беришига ишониши ва бор кучи билан ҳаракат қилиши керак. Кейин натижа чиқади.
Олдиндан ҳеч нарса деб бўлмайди. “Атлетик” билан бўлган баҳсда Элдор Шомуродов илк дақиқалардан ўйнаганида балки умуман гол уролмаган бўларди. Балки ҳамма киритилган тўплар муаллифига айланарди. Шундай бўлади, деб ким олдиндан айтиб бера олади?
Сабр-тоқат билан ҳамма нарсага эришиш мумкин.
Элдор Шомуродов гол урган вазиятда ҳамма оффсайд қидирди. Лекин биз захира ўриндиғида ўтириб, бундай эмаслигини кўриб, билиб тургандик, - деди Клаудио Раньери.
Таъкидлаш жоизки, “Рома” бу ғалабадан кейин навбатдаги босқичга чиқиш учун яхши имконият ҳосил қилди. Энди 13 мартга белгиланган жавоб учрашувига “Атлетик” мезбонлик қилади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар