
Ҳиндистон ва Ўзбекистонда шахмат тез суръатларда ривожланмоқда, ҳар куни янги иқтидорлар пайдо бўлмоқда. Америкалик гроссмейстр Ҳанс Ниманн бу ҳақда фикр билдириб, АҚШдаги шахмат тизимини кескин танқид қилди.
"АҚШ ўз истеъдодларига сармоя киритиш ўрнига, легионерларни олиб келмоқда"
Ниманннинг сўзларига кўра, Ҳиндистонда шахмат ривожланишига тизимли ёрдам сабаб бўлмоқда. Масалан, собиқ жаҳон чемпиони Вишванатан Ананд энг кучли шахматчиларга мураббийлик қилиб, ҳукумат эса ёш иқтидорларни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватламоқда. АҚШда эса бу каби инфратузилма мавжуд эмас.
"АҚШда шахматга реал қўллаб-қувватлаш йўқ. Иқтидорли ёшлар, асосан, Ivy League университетларига ўқишга кетиб, шахматдан воз кечишади. Агар биз жаҳон шахматида етакчи бўлишни хоҳласак, бошқа мамлакатлардан шахматчиларни трансфер қилиш ўрнига, ўз иқтидорларимизни ривожлантиришимиз керак. Ҳозирги модел билан АҚШ шахмати йўқолиб кетиши мумкин", – деди Ниманн.
"Йиллар давомида легионерларга таянган тизим иш бермайди"
Ниманн Америка шахмат федерациясининг стратегиясини танқид қилиб, Каруана, Аронян, Домингес ва Со каби шахматчилар илгари бошқа давлатларнинг вакиллари бўлганини таъкидлади. Уларнинг АҚШга келиши асосан молиявий рағбатлантириш билан боғлиқ. Айни пайтда, Ниманн ва Мишра каби маҳаллий иқтидорлар эса минимал қўллаб-қувватланмоқда.
"Биз 25 йил давомида бошқа давлатларнинг шарафини ҳимоя қилган шахматчиларни жалб қилиш учун йилига 200 000 доллар сарфлашимиз керакми ёки ўз иқтидорларимизни тарбиялашимиз керакми? Бу модель узоқ муддатли самара бермайди. Бир кун келиб, ёлланма шахматчилар нафақага чиққанида, биз ҳеч нарсасиз қолиб кетамиз", – дея огоҳлантирди Ниманн.
"Ҳиндистон ва Ўзбекистон бизга ўрнак бўлиши керак"
Ниманн АҚШда ёш шахматчиларга зарур имкониятлар яратилмаётганини таъкидлар экан, Ўзбекистон ва Ҳиндистон тажрибасини мисол келтирди.
"Ҳиндистон ва Ўзбекистон шахматга сармоя киритиш орқали қандай ривожланишга эришиш мумкинлигини кўрсатиб турибди. У ерда давлат ва хусусий сектор ёш иқтидорларни тарбиялаш учун жуда катта маблағ ажратмоқда. АҚШда эса, ватанпарварлик ҳақида гап кетганда, ўз шахматчиларини қўллаб-қувватлаш деярли йўқ", – деди гроссмейстр.
Федерациясини ўзгартириш ҳақида ўйлаяптими?
Ниманннинг шахматдаги фаолияти Нидерландияда бошланган. У ёшлар ўртасидаги мамлакат чемпионатларида қатнашган ва ҳатто олимпиадада Нидерландия номидан биринчи ўринни ҳам қўлга киритган. Энди унинг федерациясини ўзгартириши мумкинлиги ҳақида тахминлар пайдо бўлди. Агар у АҚШдан воз кечса, унинг янги ватани Нидерландия бўлиши мумкин.
Ниманннинг танқидлари АҚШ шахматидаги тизимли муаммоларни яна бир бор кун тартибига олиб чиқди. Америка шахмати ўз истиқболли ёшларига кўпроқ эътибор қаратадими ёки ҳозирги йўналишни давом эттирадими – бу савол ҳали ҳам очиқ қолмоқда. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар