
"Рома" Европа Лигасининг нимчорак финалида иштирокини якунлади. Римликлар бу босқичда Испаниянинг кучли жамоаларидан бири – "Атлетик Бильбао"га қарши баҳс олиб борди. Биринчи учрашувда Элдор Шомуродовнинг голи ёрдамида 2:1 ҳисобида зафар қучган "бўрилар" реванш ўйинида 1:3 ҳисобида мағлуб бўлиб, мусобақани тарк этди.
Хуммельснинг қизил карточкаси ҳал қилувчи омилга айланди
Римликларнинг мағлубиятида асосий сабаб сифатида жамоанинг марказий ҳимоячиси Матс Хуммельснинг 11-дақиқада қизил карточка олиб, жамоани бир киши кам қолдиргани таъкидланмоқда. Бу нафақат жамоанинг умумий тактик режасига салбий таъсир кўрсатди, балки футболчиларнинг руҳиятига ҳам жиддий зарба берди. Итальян футбол экспертлари "Рома"нинг бу ўйинини таҳлил қилаётганида, мураббий Клаудио Раньерининг таркиб танлашда хатога йўл қўйгани ҳақида ҳам кўп гапирилди.
Мутахассислар фикри: Элдор Шомуродов асосий таркибда бўлиши керак эди
Бир қатор машҳур италиялик футбол таҳлилчилари ва мутахассислари "Рома"нинг бу мағлубиятини тўлиқ таҳлил қилиб, жамоанинг тактик хатоларини тилга олишди.
Роберто Пруццо:
"Фол бўлган вазиятда дарҳол гол урилади, деган қоида йўқ. Аммо "Рома" биринчи бўлимда аслида тўққиз киши бўлиб ўйнади. Хуммельс майдондан четлаштирилган бўлса, Артём Довбик майдонда умуман кўринмади. У ҳужумчи сифатида жамоага ҳеч қандай фойда келтира олмади. Энди унинг келажаги жиддий таҳлил қилинади."
Франческо Казано:
"Биринчи ўйинда кўпроқ гол ура олмаганимиздан афсусдаман. "Рома"нинг мусобақадаги имкониятлари жуда юқори эди, лекин Хуммельснинг хатоси туфайли жамоа ҳатто чорак финалга чиқолмади. Ҳозирги пайтда жамоа миллий чемпионатда камида Европа Лигасининг кейинги мавсуми учун йўлланма олишга эътибор қаратиши лозим."
Марио Маттиоли:
"Бу учрашувда Элдор Шомуродов асосий таркибда ўйнаши керак эди. Клаудио Раньери катта хатога йўл қўйди. Жамоа тўғри қарор қабул қила олмагани учун мағлубиятга учради."
Тициано Морони:
"Хуммельснинг майдондан четлатилиши адолатли қарор, аммо бу "Рома"нинг ўйинига жуда катта таъсир кўрсатди."
Фабио Петруцци:
"Четлатиш ва танаффусга 20 сония қолганда урилган гол "Рома"ни руҳан синдирди. Бу мағлубиятнинг асосий сабаби шунда."
Андреа Ди Каро:
"Агар "Рома" тўлиқ таркибда ўйнаганида ва биринчи бўлимда ҳисоб очилмаганида, бу босқичдан ўтиш мумкин эди. Бироқ Хуммельснинг хатоси барча режаларни бузиб ташлади."
Шомуродовнинг ривожи ва Довбик билан рақобат
"Рома" ўтган ёзда Испания чемпионатида энг яхши тўпурарлардан бири бўлган Артём Довбикни катта маблағ эвазига сотиб олганди. Клуб раҳбарияти бу орқали ҳужум чизиғидаги муаммоларни ҳал қилишни мақсад қилган эди. Аммо мавсумни яхши бошлаган украиналик ҳужумчи кейинги пайтларда кутилган ўйинни кўрсата олмаяпти.
Шу билан бирга, Элдор Шомуродов "Рома"га 2021 йилда келганидан бери клубда тўлиқ ишонч қозонмаганди. Бироқ мураббий Клаудио Раньери қўл остида унинг ўйини очила бошлади. Энди Элдор Довбикнинг ўринбосари эмас, балки унинг ҳақиқий рақобатчисига айланди.
Италиялик мутахассислар Шомуродовни юқори баҳоламоқда
Мутахассисларнинг фикрига кўра, Шомуродов жамоада муҳим роль ўйнамоқда. У фақат голлар сони бўйича Довбикдан ортда қолмоқда, аммо жамоага таъсир қилиш ва тактик жиҳатдан самарадорлик борасида анча юқори даражада экани таъкидланмоқда. Ҳақиқатан ҳам, Шомуродов Матиас Суле, Томмазо Бальданци, Пауло Дибала ва Николо Пизилли билан жуда самарали ўйин намойиш этмоқда.
"Рома" Европа Лигасини тарк этган бўлса-да, бу мағлубият жамоа учун жиддий хулосалар чиқаришга туртки бўлиши керак. Клаудио Раньери таркиб танлашда хатога йўл қўйгани, айниқса, Элдор Шомуродов асосий таркибда бўлиши кераклиги ҳақида мутахассислар якдил фикр билдирмоқда. Клуб кейинги мавсум Европа мусобақаларига қайтиш учун миллий чемпионатда ўз имкониятларини сақлаб қолиши зарур.
Элдор Шомуродов эса ўзини яна бир бор юқори савияда кўрсатиб, "Рома"даги асосий ҳужумчи мақомини қўлга киритиш учун катта имкониятга эга. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар