
Жаҳон футболидаги энг кўзга кўринган юлдузлардан бири — Криштиану Роналдунинг келажаги ниҳоят аниқ бўлди. Охирги ҳафталарда у Европага қайтадими, ёки Саудияда қоладими, деган саволлар мухлислар орасида қизғин муҳокама этилаётганди. Аммо Sportitalia тарқатган маълумотларга кўра, 40 ёшли тўпурар ўз қарорини қабул қилган.
“Ан-Наср” билан яна икки йиллик шартнома
Маълумотларга кўра, амалдаги шартномаси 30 июнда якунланадиган Роналду Саудия Арабистонининг “Ан-Наср” клуби билан ҳамкорлигини янги икки йиллик битим орқали узайтиришга рози бўлган. Бу қарор билан Роналду 42 ёшигача Саудия майдонларида тўп суриши кутилмоқда.
Статистика ҳайратлантиради!
2023 йил бошида Саудияга келганидан буён Роналду “Ан-Наср” таркибида 98 та учрашувда иштирок этди. У шуларнинг 88 тасида гол киритди ва 19 бор ассист қайд этди. Умумий расмий голлар сони эса ҳозирча 931 тани ташкил қилмоқда — бу футбол тарихидаги энг юқори кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.
ФИФАнинг янги чемпионатида ҳам иштирок этиши мумкин
Маълумотларга қараганда, ФИФА томонидан ташкил этилаётган янги форматдаги клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида қатнашиш учун айрим жамоалар Роналдуни қисқа муддатга ўз сафида кўришни режалаштираётганди. Бироқ “Ан-Наср” билан узайтирилган шартнома барча тахминларга нуқта қўйди.
Роналду фаолиятидаги янги боб расман бошланди. 40 ёшида ҳам юқори спорт формасини сақлаб қолаётган португал юлдузи “Ан-Наср” билан ҳали кўп нарсаларга эришишга интилмоқда. Футбол оламида у ҳали ҳам феномен — ва бу қарор унинг қайд этиладиган яна кўп голлар ва тарихий ютуқлар остонасида эканини кўрсатмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!