date
views 18 131

Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити”ни вақтинча тарк этиши мумкин: вазиятга ойдинлик киритилди

Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити”ни вақтинча тарк этиши мумкин: вазиятга ойдинлик киритилди
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ёш марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановнинг сўнгги пайтларда “Манчестер Сити”даги вазияти ўзбекистонлик мухлисларни хавотирга солмоқда. Хосеп Гвардиола бошқарувидаги жамоада мавсум ўртасида ажойиб ўйинлари билан барчанинг эътиборига тушган 21 ёшли футболчи, сўнгги пайтларда майдонга туширилмаяпти ва бу турли хил муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Ҳусанов охирги марта 30 март куни Англия кубоги доирасида “Борнмут”га қарши ўйиннинг биринчи бўлимида қатнашган ва ўшандан бери бирорта расмий ўйинда майдонда кўринмаган. Унгача ўзбекистонлик футболчи Англия Премьер-лигаси, Европа Чемпионлар лигаси ва Англия кубоги мусобақаларида жами тўққизта ўйинда иштирок этиб, ўз ҳисобида бир голни ёздириб қўйишга муваффақ бўлганди.

Кейинчалик жамоа ичидаги рақобатда Ҳусанов Нико О’Райлига имкониятни бой берди ва бу унинг асосий таркибдаги ўрнига таъсир қилди. Шу пайтгача бош мураббий Хосеп Гвардиола томонидан мақтов эшитиб келган футболчининг бундай ҳолатга тушиб қолиши кўпчилик учун кутилмаган воқеа бўлди.

Энди эса Европанинг бир қатор нуфузли нашрлари Абдуқодирнинг атрофидаги вазиятга ойдинлик киритиб, унинг жамоани ўзгартириши мумкинлиги ҳақида маълумот тарқатишни бошлади. Хусусан, машҳур испан портали fichajes.net ўзбек ҳимоячиси яқинлашиб келаётган трансфер ойнаси вақтида тажриба орттириш мақсадида бошқа жамоага ижара асосида ўтиши мумкинлигини ёзмоқда.

Нашрнинг таъкидлашича, ажойиб иқтидорига қарамай, Абдуқодир “шаҳарликлар”нинг асосий таркибига кириш учун жуда қаттиқ рақобатга дуч келмоқда ва бу ҳолат унинг мунтазам равишда майдонда ўйнашига тўсқинлик қиляпти. Хосеп Гвардиола эса унинг ижарага чиқарилиш ғоясини қўллаб-қувватламоқда ва ушбу тажриба Абдуқодирнинг Европа футболига янада яхшироқ мослашишига ёрдам беришига ишонмоқда.

Ўз навбатида ёш футболчига нафақат Англия Премьер-лигаси, балки Европанинг бошқа кучли чемпионатларидан ҳам қизиқишлар мавжуд. “Манчестер Сити” раҳбарияти ҳам Абдуқодир учун ижарага чиқиш унинг профессионал ривожланиши учун муҳим босқич бўлади деб ҳисобламоқда ва бу келгусида унинг жамоадаги ролини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Эслатиб ўтиш жоиз, Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити”га шу йилнинг январь ойида Франциянинг “Ланс” клубидан кўчиб ўтган эди. Унинг трансфери учун манчестерликлар жами 50 миллион евро сарфлашга розилик беришган ва футболчи билан 2029 йилнинг ёзига қадар шартнома имзолашган. Айни пайтда Ҳусанов Transfermarkt портали томонидан 35 миллион еврога баҳоланмоқда ва Марказий Осиёнинг энг қиммат футболчиси сифатида қолмоқда.

Ҳозирда ўзбек мухлислари футболчининг келгуси тақдири ва янги мавсумни қаерда бошлаши ҳақидаги янгиликларни кутиб қолишган. Абдуқодир учун ижара битими унинг фаолиятига янги имкониятлар эшигини очиши шубҳасиз.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити”ни вақтинча тарк этиши мумкин: вазиятга ойдинлик киритилди