date
views 112

Иван Бошкович “Андижон” мағлуб этилган ўйин ҳақида нималар деди?

Иван Бошкович “Андижон” мағлуб этилган ўйин ҳақида нималар деди?
Ўзбекистон Суперлигаси 6-тури доирасида ўтган «Сўғдиёна» – «Андижон» (1:0) учрашувидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Иван Бошкович журналистлар билан фикр алмашди. У ўйин ҳақидаги таассуротлари, таркиб танлаш сабаблари ҳамда футболчиларнинг ҳолати бўйича батафсил изоҳ бериб ўтди.

– Энг аввало, шуни таъкидламоқчиманки, бугун жуда муҳим ғалабани қўлга киритдик. Нима учун? Чунки кейинги пайтларда натижаларимиз яхшиланмаётганди. Бундай вазиятда футболчиларнинг кайфияти ҳам пасаяди, жамоада руҳий тушкунлик пайдо бўлади. Лекин бугун шогирдларим руҳий жиҳатдан ўзарини қўлга олиб, катта ирода кўрсатдилар ва уч очкони тортиб ола билишди.

Биринчи бўлимда кўплаб имкониятлар яратдик. Қанотлардан босим уюштиришга интилдик, афсуски, яратган вазиятларимиздан гол чиқмади. Айтиш керак, «Андижон» ҳам қарши ҳужумларда ёмон ўйнамади, лекин уларга хавфли вазият яратиш имкониятини бермадик.

Иккинчи бўлимда анча фаолроқ, тажовузкор ўйин кўрсатиб, якунда гол киритдик. Рақиб ҳам заиф эмас, улар қанотлардан хавфли ҳужумлар қилди. Аммо бахтимизга ҳимоячиларимиз ва дарвозабонимиз бугун юқори савияда ўйнаб, рақиб ҳужумларини бартараф этдилар. Энг муҳими – минимал ҳисоб билан бўлса-да, ўта муҳим уч очкони қўлга киритдик. Бугунги учрашув жамоамизда курашчан руҳ йўқолмаганини исботлади. Келгусида ҳам шу тамойиллардан воз кечмай, ҳар бир баҳсда ғалаба учун майдонга тушамиз ва турнир жадвалидаги вазиятимизни яхшилаб борамиз, – деди Бошкович.

– Суҳроб Иззатов одатда ярим ҳимоячи бўлиб, бугун ўнг қанот ҳимоясида ўйнади ва гол урди. Нега унинг позициясини ўзгартирдингиз?
– Бу қарор машғулотларда кўрсатган ўйини ва рақибнинг услубидан келиб чиқиб қабул қилинди. Ҳар бир рақибга қарши ўзига хос режа ишлаб чиқамиз. Суҳроб тўлиқ тайёр эмасди, шунга уни захирада ушлаб турдик ва керакли пайтда майдонга туширдик. Бугун рақибнинг қанотлари тезкор эди, Иззатовни шу сабаб ярим ҳимояда ўйнатдим. Хондамир Мустафоқулов универсал ўйинчи, у майдонда бир нечта позицияларда ўйнай олади. Уни ҳам айнан шу мақсадда туширдик ва бу ўзини оқлади.

– Бугун икки ҳужумчи билан ўйнадингиз. Аммо учинчи ҳужумчи – Жоржевич қаерда? Унинг ҳолати қандай?
– Ҳа, ҳозирча Жоржевичнинг жароҳати бор, шунинг учун уни таваккал қилиб майдонга туширмаяпмиз. Тез орада тўлиқ тикланиб, таркибга қайтиши кутилмоқда. Машғулотларда Мавлонқулов яхши ҳаракат қилмоқда, аммо марказий ҳужумчиларимиз вазиятлардан фойдалана олишмаяпти. Ҳаммага имконият берамиз, бизда ёш ва иқтидорли футболчилар кўп, рақобат кучли. Ҳошимов ҳам машғулотларда ажойиб ишлади ва яхши формада бўлгани учун унга бугун майдонга тушиш имкониятини бердик. Бошқа футболчиларимиз ҳам ўз имкониятларини олади.

Шундай қилиб, «Сўғдиёна» бош мураббийи Иван Бошкович «Андижон» устидан қозонилган муҳим ғалаба ҳақида ўз қарашларини билдириб ўтди ва жамоасининг келгуси учрашувларда ҳам ғалаба учун майдонга тушишини маълум қилди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Иван Бошкович “Андижон” мағлуб этилган ўйин ҳақида нималар деди?