date
views 8 193

Раньери кетиш арафасида Шомуродов ҳақида жиддий гапларни айтди!

Раньери кетиш арафасида Шомуродов ҳақида жиддий гапларни айтди!
А Серия баҳсларининг якунига бор-йўғи тўртта тур қолди. Шу билан бирга, машҳур мутахассис Клаудио Раньери ҳам “Рома”даги миссиясини якунлашга яқин. Унинг кетишигача жамоани жиддий синовлар кутяпти — жадвалнинг юқори қисмидаги “Фиорентина”, “Аталанта”, “Милан” ва “Торино”га қарши тўртта ҳал қилувчи ўйин.

Бу баҳслар “Рома” учун Чемпионлар лигасига йўл очувчи сўнгги имкониятга айланиши мумкин. Жамоа етти йилдан бери ушбу мусобақадан йироқда қолмоқда. Айни пайтда эса, сўнгги турда “Интер” устидан қозонилган ғалаба Рим клубининг рақиб танламас ҳолда ўйнай олишини намоён қилди.

“Финалдек тўртта ўйин”

Раньери “Фиорентина”га қарши учрашув арафасида матбуот билан очиқ мулоқот ўтказди. У жамоа ҳолати, Шомуродовнинг роли ва ўз келажаги ҳақида жонли фикрларини билдирди.

“Жамоамда барчаси назорат остида. Фақат Дибала жароҳати боис сафдан чиққан. Қолган футболчилардан айримлари соғайиб, машғулотларга қайтди. Асосий таркиб танлашда мен қўллашни истаган услуб ва рақибнинг ўйин услуби ҳал қилувчи омил бўлади.

Ким яхши тикланган бўлса, ўша майдонга тушади. Жисмоний тайёргарлик ва характер – бу узоқ мавсумдаги энг асосий жиҳатлардан бири. Биз ҳар бир ўйинни сўнгги финал деб қабул қилишимиз керак.”

“Мен ваъда беришни ёқтирмайман, аммо ҳар доим интиламан”

“Мен доим айтаман — ваъда эмас, ҳаракат керак. Ўзимни ҳам, футболчиларимни ҳам танқидий кўз билан баҳолайман. Ҳар бир ўйинчи ўзини яхшилашга интилиши шарт. Кейин афсусланмаслик учун ҳар куни ўз устида ишлаш керак. Ҳиссиётлар, гаплар ёки узрлар – очко олиб келмайди. Фақат диққат ва интизом натижа беради.”

Артём Довбик ҳақида: “Ўсишга салоҳияти бор”

“Кимдир тез мослашади, кимгадир кўпроқ вақт керак бўлади. Довбик ҳозирча А Серия учун тўлиқ мослашмаган бўлиши мумкин, лекин унда катта салоҳият бор. Ла Лигада тўпурар бўлган ўйинчи бу ерда ҳам ўзига келади. Эдин Жеко ҳам илк мавсумида ҳеч нарса қилолмаганди, лекин кейинги йилларда жамоа етакчисига айланди. Довбик ҳам шундай бўлади, мен унга ишонаман.”

“Шомуродов ва Довбикни бирга тушириш? Балки...”

“Бу ҳақда кўп ўйлаганман. Иккови ҳам юқори даражали ҳужумчилар. Ҳар қандай схема — иккилик, учлик, ёки тўртлик ҳужумда ҳам самарали бўлишга қодир. Улар бир-бирини тўлдира олади. Олдиндаги ўйинларда уларни бирга бошланғич таркибда кўриш мумкин.”

Элдор ҳақида: “Тўхтамайди, курашади, севилади”

“Элдор Шомуродов бугунги кунда жамоамизнинг энг муҳим футболчиларидан бири. У ўзида бор кучни аямасдан, сарф этган кучининг натижасини майдонда қолдиради. Мана шу фазилатини жуда қадрлайман. У бор кучи билан югуради, курашади ва ҳеч қачон таслим бўлмайди.

Ҳа, у ҳам хатога йўл қўяди. Лекин ҳеч қачон қолиб кетмайди. Зарур бўлса, майдоннинг бошқа чеккасига ҳам югуриб боради. У бундан безмайди. Мана шу туйғу — ҳақиқий футболчида бўладиган хислат. Шу сабаб римлик мухлислар уни жуда яхши кўради ва ҳаракатларини қадрлайди. У – тилла бола.”

“Мен қолмаслигим керак”

“Чемпионлар лигаси, маош – бунлар мени бу ерда олиб қололмайди. Қалбан қолмоқчиман, лекин бу жамоа учун хато бўлади. Яна бир йил қолсам, жамоа менга мослашишга уринади, янги мураббий эса вақтини йўқотади. Яхшиси, мен кетаман ва янги мутахассис иш бошлайди. Агар у ёрдам сўраса, мен тайёрман.”

Шомуродовнинг мавсумдаги натижалари

Эслатиб ўтамиз, Элдор Шомуродов “Рома” сафига 2021 йил қўшилган. У орасида “Специя” ва “Кальяри” клубларида ижара асосида тўп сурди. Жорий мавсум эса Шомуродов учун Италиядаги энг самарали мавсум бўлмоқда. У А Серия, Италия кубоги ва Европа лигасида жами 33та ўйинда қатнашиб, 7та гол ва 4та ассист муаллифига айланган.

Клуб унга ишонмоқда — Элдорнинг шартномаси яқинда бир йилга узайтирилиб, 2027 йилнинг ўрталаригача амал қилади.

Сизча, Раньерининг кетиши “Рома” учун йўқотишми ёки янги саҳифанинг бошланишими? Элдор эса кейинги мавсумда янада юқорига кета оладими?
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Раньери кетиш арафасида Шомуродов ҳақида жиддий гапларни айтди!