
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Эроннинг «Персеполис» клуби вингери Остон Ўруновнинг жамоасини тарк этиши ҳақида хабарлар пайдо бўлмоқда. Эроннинг бир қатор оммавий ахборот воситалари, хусусан, «parsfootball», «tarafdori» ва «vista iran» нашрлари Ўруновнинг сотилиши эҳтимоли борлигини маълум қилди.
Нашрларнинг маълумотига кўра, жамоанинг бош мураббийи Исмоил Картал ўзбекистонлик легионерга кўп ишонч билдирмаяпти. Шунингдек, клуб раҳбарияти ҳам футболчини сотиб юбориш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Лекин якуний қарор Туркияда ўтадиган мавсумолди йиғин пайтида аниқ бўлади.
«Персеполис»га ўтган мавсумнинг иккинчи ярмида келиб қўшилган Ўрунов, жамоанинг Эрон Про-лигаси чемпионлигини қўлга киритишида муҳим рол ўйнаган эди. Бироқ кейинчалик футболчи ўзининг юқори формасини ушлаб қола олмади.
Ўрунов мавсум бошида Ўзбекистон терма жамоаси билан Олимпия саралаш ўйинларида ва ФИФАнинг бошқа турнирларида фаол иштирок этди. Бу эса футболчига катта босим ўтказиб, унинг жароҳатларини оғирлаштириб юборди. Натижада у кўплаб муҳим ўйинларни ўтказиб юборди ва мутахассисларнинг фикрига кўра, жамоанинг умумий натижаларига салбий таъсир қилди.
Бош мураббий Исмоил Картал эса келгуси мавсум учун Ўруновдан ортиқча натижа кутаётгани йўқ ва ўз таркибини яна икки янги ва сифатли вингер билан кучайтиришни режалаштирган. Шунинг учун ҳам Туркияда бўлиб ўтадиган 24 кунлик йиғин футболчи учун ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Агар Ўрунов ушбу тайёргарлик пайтида яна жароҳат олса, жамоа уни кейинги мавсум учун режаларидан чиқариши эҳтимоли юқори.
Эслатиб ўтамиз, Остон Ўрунов 2024/25 йилги Эрон чемпионатида 18 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига иккита гол ва бир голли узатма ёздириб қўйган.
Ўзбекистон Миллий ТермаОстон ЎруновПерсеполис КлубиИсмоил КарталФутболчи ЖароҳатлариТуркия Жорий Мавсум Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар