date
views 279

Клаудио Раньери кечаги ғалабадан сўнг нималар деди?

Клаудио Раньери кечаги ғалабадан сўнг нималар деди?
Италия чемпионатининг 35-туридан ўрин олган ўйинда Римнинг «Рома» клуби ўз майдонида «Фиорентина»ни қабул қилиб, 1:0 ҳисобида зафар қучди. Бу ғалаба билан жамоа Европа Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун курашда муҳим уч очкога эга бўлди.

Учрашувдан кейинги матбуот анжуманида «бўрилар»нинг тажрибали устози Клаудио Раньери ўйин ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

«Фиорентина жуда юқори даражадаги техник маҳоратга эга бўлган ўйинчиларга эга жамоа эканини яна бир марта кўрдик. Улар биз учун осон луқма бўлмади. Биринчи бўлимда кўп қийналдик, рақиб бизга жиддий қаршилик кўрсатди. Бундай пайтда биринчи бўлим охирида гол уриш ниҳоятда муҳим эди. Биз гол урдик ва бу ҳолат иккинчи бўлимда майдонга тушадиган футболчиларнинг энергиясини тўғри тақсимлаш имкониятини берди», — деди Раньери.

Мураббий учрашувнинг ҳар бир лаҳзаси жиддий эътибор ва қаттиқ меҳнат талаб қилганини алоҳида қайд этди.

«Ғалаба қозониш осон эмас эди. Флоренцияликлар бугун бизга қарши ўта тайёр ҳолда келган ва охиригача жиддий қаршилик кўрсатишди. Аммо футболчиларимиз ҳам 90 дақиқа давомида вазминлик ва сабр билан ҳаракат қилишди. Шу сабабли бу ғалаба мен учун алоҳида аҳамиятга эга. Ана шундай шиддатли ўйинлардан завқ оламан», — дея қўшимча қилди италиялик тажрибали мутахассис.

Шунингдек, мураббий «Рома»нинг мавсумнинг ҳал қилувчи босқичида муваффақият қозониши учун ҳар бир ўйинчи максимал даражада ўзини кўрсатаётганини ва буни қадрлаш зарурлигини таъкидлади:

«Ҳозирги кунда ҳар бир ўйин биз учун финалга тенг. Биз ўз мақсадимиз – Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритиш учун бор кучимизни ишга солишимиз керак. Бу йўлда кичик ғалабалар ҳам муҳим аҳамиятга эга. «Фиорентина» устидан қозонилган бу зафар ана шундай ғалабалардан бири бўлди. Жамоамиз руҳан ва жисмонан тайёрлигини яна бир марта исботлади», — деб гапини якунлади Клаудио Раньери.

Айни дамда «Рома» Италия чемпионатида 35-турдан сўнг юқори ўринлар учун курашда яхши имкониятларга эга. Клаудио Раньери бошчилигидаги жамоа кейинги турларда «Аталанта», «Милан» ва «Торино» каби жиддий рақибларга қарши майдонга тушади. Бу баҳсларда ҳам ғалаба қозониш «бўрилар» учун жуда муҳим ҳисобланади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Клаудио Раньери кечаги ғалабадан сўнг нималар деди?