
Англия футболининг афсонавий юлдузлари Дэвид Бекхэм ва Гарри Невилл "Салфорд Сити" футбол клубини тўлиқ эгаллаб олишди. Улар учун бу лойиҳа нафақат бизнес, балки катта футбол оламида яна бир тарих яратиш имкониятидир. Собиқ "Манчестер Юнайтед" юлдузларининг якуний мақсади — клубни Англиянинг энг юқори дивизиони, Премьер-лигага олиб чиқиш.
Эслатиб ўтамиз, Бекхэм ва Невилл бунгача ҳам "Салфорд Сити"нинг ҳаммуассислари эди. Улар билан бирга Ники Батт, Раян Гиггс, Фил Невилл ва Пол Скоулс каби "92-йил авлоди" номини олган собиқ жамоадошлари ҳам клубда улушга эга эди. 2014 йилда ушбу гуруҳ клубни харид қилганидан кейин, 5 йил ичида жамоа тўрт марта юқори лигаларга кўтарилиб, сезиларли ютуқларга эришган эди.
Бироқ сўнгги йилларда "Салфорд Сити" Иккинчи лигада барқарорлашиб қолди. Эндиликда клубни юқори даражага чиқариш мақсадида янги режалар тузилмоқда. Шу йўлда Бекхэм ва Невилл клубнинг бошқа йирик инвесторлари – АҚШдаги машҳур консалтинг компанияси асосчиси Деклан Келли ва Британия теннис ассоциацияси раиси Лорд Мервин Дейвис билан бирлашиб, клубни тўлиқ эгаллашди.
Бу жараёнда собиқ ҳамкорлари Батт, Гиггс, Фил Невилл ва Скоулс ўзларига тегишли улушлардан воз кечишди. Ҳозирги кунда янги эгалик гуруҳи ва бошқа майда инвесторлар клубнинг спорт, инфратузилма ва бошқа муҳим соҳаларини ривожлантириш учун тахминан 15–20 миллион долларлик маблағ ажратишган.
"Салфорд Сити" учун янги давр бошланмоқда. Афсонавий футболчилар ва кучли инвесторларнинг ушбу бирлашуви жамоа мухлислари учун катта умид уйғотмоқда. Мақсад аниқ — Премьер-лига ва Англия футболининг энг юқори поғоналарига кўтарилиш! «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар