Али Хасиф: “Ўзбекистонга қарши баҳсда мухлисларга ғалаба туҳфа этмоқчимиз”

Али Хасиф: “Ўзбекистонга қарши баҳсда мухлисларга ғалаба туҳфа этмоқчимиз”
Қисқача

БАА ва Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги Жаҳон чемпионати–2026 3-саралаш босқичи учрашуви 5 июн куни Тошкент вақти билан 21:00 да бошланади. БАА терма жамоасининг 37 ёшли дарвозабони Али Хасиф баҳс жамоаси учун муҳим эканини ва мухлисларга ғалаба туҳфа этишни исташларини айтди. У Космин Олариу раҳбарлигидаги тайёргарлик футболчиларга ишонч бераётганини, жамоада ўзаро тушуниш ва руҳий кўтаринкилик мавжудлигини таъкидлади.

Жаҳон чемпионати–2026 3-саралаш босқичи олдидан Бирлашган Араб Амирликлари миллий терма жамоасининг тажрибали дарвозабони Али Хасиф муҳим баёнот билан чиқди. Ўзбекистонга қарши 5 июнь куни бўлиб ўтадиган учрашув олдидан ўз фикрлари билан ўртоқлашган 37 ёшли посбон мазкур тўқнашувнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлади.

"Биз учун бу баҳс жуда муҳим аҳамият касб этади. Ҳар бир ўйинчимиз жисмонан ҳам, маънан ҳам тўлиқ тайёргарлик кўрган. Бу ўйинда биз нафақат очколар учун, балки ўз мухлисларимиз учун ҳам курашамиз. Ҳайит байрами арафасида уларга ғалаба туҳфа этишни жуда хоҳлаймиз", — деди Али Хасиф.

Машҳур дарвозабоннинг сўзларига қараганда, жамоа мураббийи Космин Олариунинг борлиги футболчиларга қўшимча ишонч бағишламоқда:
"Биз яхши тушунамизки, олдимизда осон тўсиқлар йўқ. Аммо шунга қарамай, ҳар бир синовни енгиш мумкин. Айниқса, жамоани яхши биладиган ва ишонч уйғотадиган тажрибали мураббийнинг раҳбарлигида тайёргарлик кўрилса, натижа олиш мумкин. Космин Олариунинг футболчиларга бўлган ёндашуви жуда руҳлантирувчи ва самарали."

Хасифнинг таъкидлашича, терма жамоада ўзаро тушуниш ва руҳий кўтаринкилик ҳукм сураётган пайтда жамоа яхши натижалар қайд этишга қодир.

"Биз жамоада бир-биримизни яхши тушунамиз, майдондаги ҳар бир ҳаракат яхшилаб келишилган. Умид қиламизки, мухлисларимизни юзини ёруғ қиладиган натижани қўлга киритамиз. Бу ўйинда нафақат спорт маҳоратимиз, балки жамоавий бирлик ва иродамиз синовдан ўтади", — деб қўшимча қилди у.

Эслатиб ўтамиз, БАА – Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги беллашув 5 июнь куни, Тошкент вақти билан соат 21:00 да старт олади. Ушбу учрашув икки жамоа учун ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга, чунки бу натижа мундиалга йўлланма масаласини ҳал этиши мумкин.
Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан муҳокама қилингЯнгиликни таҳлил қилинг, фойдали маслаҳатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар