date

Ўзбек футболида сенсация: «Абдуқодир трансферидан ҳам катта воқеа бўлади!»

Ўзбек футболида сенсация: «Абдуқодир трансферидан ҳам катта воқеа бўлади!»
Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Сергей Чигодаев яқинда Қозоғистоннинг “Футбол Жоли” YouTube-каналига кенг қамровли интервью берди. Унда у нафақат ўзининг фаолияти, балки бугунги ўзбек футболининг энг долзарб масалаларига ҳам тўхталиб ўтди. Хусусан, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг тарихда илк марта Жаҳон чемпионатига чиқиш эҳтимоли ҳақидаги саволларга атрофлича жавоб берди.

Маълумки, Сергей Чигодаев бугунги куннинг энг машҳур ўзбек футболчисига айланган ва «Манчестер Сити» клубида тўп сураётган Абдуқодир Ҳусановнинг биринчи мураббийи ҳисобланади. У Абдуқодирни «Бунёдкор» клуби академиясида етти ёшидан бошлаб 16 ёшигача тарбиялаган ва истеъдодини очиб берган инсон ҳисобланади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси 5 июнь куни Бирлашган Араб Амирликлари терма жамоасига қарши жаҳон чемпионати саралаш босқичининг ҳал қилувчи учрашувини ўтказади. Ушбу ўйиндаги ғалаба Ўзбекистонни биринчи марта тарихдаги Жаҳон чемпионатига олиб чиқиши мумкин.

«Агар Ўзбекистон Жаҳон чемпионатига чиқса, бу Абдуқодир Ҳусановнинг “Манчестер Сити”га ўтиши билан боғлиқ воқеадан ҳам каттароқ сенсация бўлади», — деб таъкидлади Сергей Чигодаев. Унинг фикрига кўра, мамлакатда ҳамма – футболчилар, мураббийлар ва миллионлаб мухлислар шу тарихий воқеани интизорлик билан кутмоқда. «Бу орзу ҳар бир ўзбекнинг қалбида жой олган. Бундай ютуқ мамлакатда футболни янги босқичга олиб чиқади ва ёш авлод учун мисли кўрилмаган мотивация бўлиб хизмат қилади», дея қўшимча қилди у.

Интервьюда шунингдек, Чигодаев Ўзбекистоннинг янги авлод футболчилари ҳақида ҳам сўз юритди. Яқинда Саудия Арабистонида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида ғолиб бўлган ва бутун қитъа эътиборини ўзига жалб этган Ўзбекистон U-17 терма жамоаси муваффақияти ҳақидаги саволларга жавоб берди.

«Яқинда Олимпия ўйинларида қатнашган ёшлар терма жамоаси ва Осиё чемпиони бўлган ўсмирлар терма жамоаси таркибидан Европанинг нуфузли клубларида тўп тепадиган футболчилар тез орада чиқиши аниқ. Ҳозир бу футболчиларга халқаро даражада “ов” бошланиб бўлган. Ҳатто мендан ҳам агентлар ва селекционерлар маълумот сўраб мурожаат қилишмоқда», — деди Чигодаев.

Унинг таъкидлашича, олдинлари футбол агентлари асосан Африка қитъасига бориб, ёш ва истиқболли истеъдодларни қидирар эди. Аммо ҳозирда уларнинг диққат маркази Ўзбекистонга қаратилган. «Ўзбекистон, айниқса ўсмир ва ёшлар даражасидаги мусобақаларда эришилган натижалар сабаб, халқаро агентлар ва мураббийларнинг диққат марказига айланди. Бу ерда ёшлар орасида ҳақиқий истеъдодлар кўп ва уларга қизиқиш катта. Европа клублари Ўзбекистондан иқтидорларни танлашга жиддий киришган», — деб алоҳида урғу берди мутахассис.

Бу ҳолатга яққол мисол сифатида, бугунги кунда дунё футболининг энг кучли клубларидан бири – «Манчестер Сити» сафида ўйнаётган Абдуқодир Ҳусановни келтириш мумкин. Абдуқодир ҳам айнан ўсмирлар ва ёшлар даражасидаги халқаро мусобақалар – Тошкентда бўлиб ўтган 20 ёшгача бўлганлар ўртасидаги Осиё чемпионати ва Аргентинадаги жаҳон чемпионатида ўзини кўрсатиб, хорижий клубларнинг эътиборини жалб қилганди.

Шу тариқа, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг жаҳон чемпионатига чиқиши нафақат мамлакат учун катта шараф бўлади, балки ёш футболчилар учун Европага йўл очадиган муҳим воқеа ҳам бўлиб хизмат қилади. Бу эса ўзбек футболида янги давр бошланишини англатади.

Шубҳасизки, 5 июнь куни бўлиб ўтадиган учрашув бутун мамлакат футбол тарихидаги энг муҳим кунлардан бири бўлади. Мухлислар, футболчилар, мураббийлар – барча ўзбек халқи учун бу ўйин нафақат спорт мусобақаси, балки катта тарихий воқеа ва орзуларнинг рўёби бўлиши мумкин. Халқаро аренадаги бу тарихий воқеа, айниқса, ёш авлод учун янги уфқларни очиши шубҳасиздир.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбек футболида сенсация: «Абдуқодир трансферидан ҳам катта воқеа бўлади!»