
Эртага Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионати саралаш босқичида жуда муҳим ва ҳал қилувчи ўйинда майдонга тушади. Бизнинг футболчиларимиз БАА миллий жамоасига қарши меҳмонда ўтадиган баҳсга тайёргарликни давом эттирмоқда. Бу ўйинда мағлубиятдан ташқари ҳар қандай натижа Ўзбекистон учун ЖЧ-2026 эшикларини кенг очиб беради.
Мазкур тарихий ва масъулиятли учрашув арафасида биз собиқ футболчи ва таниқли футбол мутахассиси Шуҳрат Раҳмонқулов билан боғланиб, унинг фикрларини сўрадик.
Раҳмонқулов арабларнинг уйдаги ўйинларда ҳар хил усулларга мурожаат қилиши ва бу орқали рақибнинг диққатини чалғитишга ҳаракат қилишини алоҳида таъкидлади:
"Араблар ғалаба учун барча имкониятларни ишга солади. Биз ўйнаган пайтларимизда, 1999 йили ҳам БААда шундай вазиятларга дуч келганмиз. Ўшанда ҳам араблар ҳар хил ноқонуний усуллардан фойдаланган, ҳатто кечаси билан уйқу беришмаган эди. Лекин биз бунга эътибор бермасдан ўйинга диққатимиз ва иродамизни сақлаган ҳолда тайёрланганмиз. Ҳозирги футболчиларимиз ҳам шундай фитналарга эътибор бермасликлари лозим. Чунки араблар шундай ишлар билан рақибни руҳий жиҳатдан синдирмоқчи бўлади."
Шуҳрат Раҳмонқуловнинг фикрича, Ўзбекистон терма жамоаси араблардан анча кучли ва юқори савияга эга. У футболчиларимизга ишонаётганини алоҳида қайд этди ва жамоани ҳозирги босқичда қўллаб-қувватлаш муҳимлигини айтди:
"Биз терма жамоамизга қатъий ишонамиз. Жаҳон чемпионати йўлидаги муҳим учрашувда муваффақият қозониш учун ҳамма нарса футболчиларимиз қўлида. Агар эртага арабларга қарши учрашувни муваффақият билан ўтказсак, Қатарга қарши баҳсни катта байрам сифатида нишонлашга имкон яратилади. Ҳозирги вазиятда асосийси — саросимага берилмаслик, ўзимизни босиқ тутган ҳолда майдонга чиқиш ва максимал даражада диққатни жамлашдир. Ишонаман, эртага Ўзбекистон миллий терма жамоаси мухлисларга буюк зафарни тақдим этади."
Эслатиб ўтамиз, БАА ва Ўзбекистон миллий терма жамоалари ўртасидаги ҳал қилувчи баҳс эртага, 5 июнь куни Тошкент вақти билан соат 21:00да старт олади. Ушбу тарихий учрашувни юртимиздаги миллионлаб мухлислар интизорлик билан кутиб қолмоқда. Бугун миллий терма жамоамизнинг ҳар бир аъзосига омад тилаймиз ва уларнинг ғалабасига ишонамиз!
Манба: Championat.asia «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар