date
views 6 547

Ўзбекистон мундиалга йўл олди: футболчиларимизнинг ўйини қандай баҳоланди?

Ўзбекистон мундиалга йўл олди: футболчиларимизнинг ўйини қандай баҳоланди?
Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилда АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритди. Абу-Дабида бўлиб ўтган муҳим ўйинда БААга қарши баҳсда ҳисоб очилмади – 0:0. Ушбу натижа билан Тимур Кападзе бошқарувидаги жамоамиз 18 очко тўплаб, гуруҳда биринчи ўринни сақлаб қолди ва узоқ кутилган орзуларни рўёбга чиқарди.

Мазкур беллашувда футболчиларимиз намойиш этган ўйин «SofaScore» платформаси томонидан алоҳида баҳоланди. Ўзбекистоннинг асосий таркибида майдонга тушган футболчиларнинг ўйин даражаси қуйидагича кўриниш олган:

Дарвозабонимиз Ўткир Юсупов баҳснинг энг яхши футболчиси сифатида 8.4 балл билан қайд этилди. Юсуповнинг ўйини жамоани бир неча бор хавфли вазиятлардан сақлаб қолгани сабаб, мутахассислар томонидан юқори баҳога лойиқ кўрилди.

Ҳимоя чизиғимиздан Ҳожиакбар Алижонов (7.4) ўзининг ҳаракатчанлиги ва қатъийлиги билан ажралиб турди. Рустам Ашурматов (7.1) ва Ҳусниддин Алиқулов (7.0) ҳам ишончли ҳаракат қилди. Абдуқодир Ҳусанов (6.8) ва Фаррух Сайфиев (6.8) эса ўйин давомида рақибнинг ҳужумларига муносиб қарши тура олдилар.

Марказий чизиқда Одил Ҳамробеков 7.1, Отабек Шукуров эса 7.3 балл билан қайд этилди. Бу икки футболчи жамоамизнинг ўйинини назорат қилишда муҳим рол ўйнади ва бир қатор вазиятларда рақибнинг ҳужумларини муваффақиятли қайтара олдилар.

Ҳужумдаги етакчиларимиздан Жалолиддин Машарипов энг фаол бўлиб, 7.5 балл олди. Остон Ўрунов (6.5) ва Элдор Шомуродов (6.1) ҳам рақиб жамоанинг ҳимоясини босим остида ушлашга уринди, бироқ бугун уларнинг зарбалари дарвозага йўл топа олмади.

Захирадан майдонга тушган Аббосбек Файзуллаев 6.7, Ҳожимат Эркинов 6.5, Шерзод Насруллаев 6.4 ва Абдурауф Бўриев эса 6.3 балл билан баҳоланди. Улар майдонга тушгач, жамоамизнинг ҳужум суръатини оширишга ёрдам берди.

Шу тариқа, бугун Ўзбекистон футбол тарихида янги саҳифа очилди. Жаҳон чемпионатида иштирок этиш имкониятини қўлга киритган жамоамизнинг навбатдаги учрашуви 10 июнь куни Тошкент шаҳрида Қатар термасига қарши ўтказилади. Бу учрашув чемпионат олдидан жамоамизнинг ўз мухлислари олдидаги кичик байрамига айланиши кутилмоқда.

Миллий жамоамизни яна бир бор ушбу тарихий муваффақият билан қутлаб қоламиз!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбекистон мундиалга йўл олди: футболчиларимизнинг ўйини қандай баҳоланди?