date

Бернарду Силва "Сити"да етакчига айланди — Гвардиола қарори

Бернарду Силва "Сити"да етакчига айланди — Гвардиола қарори
“Манчестер Сити” жамоасида янги мавсум олдидан катта янгилик: португалиялик маҳоратли ярим ҳимоячи Бернарду Силва жамоа сардори этиб тайинланди. Бу ҳақда жамоа устози Пеп Гвардиола шахсан маълум қилди.

Гвардиоланинг таъкидлашича, бу — унинг мураббийлик фаолиятидаги илк ҳолат бўлиб, у жамоа сардорини шахсан ўзи танлаган. "Ўтган мавсумдаги сардорлик борасидаги баъзи воқеалар менга ёқмади. Шунинг учун бу гал жамоа номидан қарорни ўз қўлимга олдим", — дейди Пеп.

Унинг айтишича, Бернарду нафақат майдонда, балки майдондан ташқарида ҳам ўзига хос етакчилик хусусиятларига эга. У доим жамоа манфаатини биринчи ўринга қўядиган футболчи сифатида танилган. “Қийин паллаларда ўзини кўрсатишга тайёр бўлган, соғлом руҳдаги сардор керак эди — ва мен бундай инсонни Бернардуда кўрдим”, – деди мураббий.

Гвардиола шунингдек, жамоада яна тўрт нафар тажрибали етакчи борлигини таъкидлади: Рубен Диаш, Родри, Илкай Гундоган ва Бернарду Силва. Шу билан бирга, у ёш тўпурар Эрлинг Холанд ҳақида ҳам тўхталиб, унинг келажакда жамоа етакчисига айланишини исташини билдирди. “Холанд сардорлик масъулиятини тушуниб етаётган ёш футболчи. Агар у жамоада қолса, бу лавозимга табиий номзод бўлади”, — дея ишонч билдирди Гвардиола.

Шунингдек, мураббий клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатидан сўнг яна 1-2 нафар сардорни қўшишини ҳам маълум қилди. “Сардорлар доим жамоа учун энг тўғри қарорни танлашлари керак. Улар хато қилмасликлари керак, чунки жамоа уларга ишонади”, — деди у.

Бернарду Силва “Манчестер Сити”даги фаолияти давомида ўзининг барқарор ўйини, меҳнатсеварлиги ва садоқати билан кўпчиликнинг эътиборини қозонган. Унинг сардорликка тайинланиши нафақат унинг шахсий ютуғи, балки жамоа ички муҳитининг барқарорлигига ҳам ишора қилади.

Шубҳасиз, “Сити” мухлислари янги сардор остидаги жамоадан янада муваффақиятли мавсум кутишмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Бернарду Силва "Сити"да етакчига айланди — Гвардиола қарори