date

"Шўртан" бош мураббийи: Ғалабани Ғузор халқига бағишлаймиз!

"Шўртан" бош мураббийи: Ғалабани Ғузор халқига бағишлаймиз!
Суперлиганинг 13-туридан ўрин олган "Шўртан" – "Сурхон" (2:1) баҳси мезбонлар учун жуда муҳим ва тўлқинли кечди. Ғалабага муҳтож бўлган Элёр Мойлиев шогирдлари ўз майдонларида ирода ва характер кўрсата олишди. Учрашувдан сўнг бўлиб ўтган матбуот анжуманида бош мураббий катта меҳнат ва мухлислар ишончи ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.

— Бу ўйинга пухта тайёргарлик кўрдик, — дейди мураббий. — Охирги пайтдаги натижаларни яхшилаш учун бу баҳсда фақат ғалаба керак эди. Афсуски, ўз хатомиз ортидан кутилмаган гол ўтказиб юбордик. Бироқ бу вазиятда ҳам йигитлар қайишмади, руҳан кучли эканлигини кўрсатиб, иккита гол билан жавоб беришди. Ғалабани Ғузор аҳли ва бизга ишониб турган барча мухлисларга бағишлаймиз.

Мураббийга кўра, футболда ҳар қандай эҳтимолий ҳолатга тайёр туриш керак. Мойлиев буни доимо шогирдларига уқтираётганини таъкидлаб, “биз ҳеч қачон таслим бўлмаймиз ва сўнгги дақиқагача курашамиз”, деди.

Иккинчи таймдаги тактик ўзгариш ҳақида тўхталар экан, у рақиб кам сонда қолгач, ҳужумни кучайтириш керак бўлганини қайд этди.

— Жўрабек Маннонов каби тезкор ва ҳужумкор футболчини майдонга тушириб, устунликдан фойдаланишни мақсад қилдик. Бу ўзини оқлади, — деди мураббий.

Мойлиев, шунингдек, ёш футболчиларга имконият бериш сиёсатига ҳам тўхталиб ўтди:

— Бизда барча футболчилар бир хил имкониятга эга. Аброр Тошқўзиев бугун бу ишончни оқлаб, ғалаба голини урди. Жавоҳир Ҳасанов ҳам ўз вақтида майдонга туширилади.

Матбуот анжуманида ҳужум чизиғи муаммоси ҳам тилга олинди. Мураббий жамоага тажрибали ҳужумчи ва қанотларга рақобатбардош ўйинчилар зарурлигини тан олди:

— Айниқса, ҳужумда ҳозирча 2006 йилда туғилган ёш футболчимиз ўйнаяпти. Ҳеч шубҳасиз, унга ёрдам берадиган, рақибни босим остида ушлайдиган тажрибали ҳужумчи керак. Шу билан бирга, қанотларга ҳам рақобат керак. Таркиб қандай шаклланишини яқин вақтда кўрамиз.

"Шўртан" ўз мухлисларини мамнун этиб, навбатдаги баҳсларга умид билан тайёргарлик кўрмоқда. Элёр Мойлиев шогирдлари ўзларига бўлган ишончни тиклаб, янги босқичга қадам ташлашмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Шўртан" бош мураббийи: Ғалабани Ғузор халқига бағишлаймиз!